Қўлланиладиган таълим технологиялари: “SWOT-таҳлил” методи, “Хулосалаш” (Резюме, Веер) методи, тақдимот, тушунтириш.
Назарий маълумот:
1. Электрон почта хизмати ва унинг афзалликлари
И нтернетнинг асосий хизматларидан бири бу электрон почтадир. Электрон почта (email — electronic mail) худди одатдаги почтадек бўлиб, фақат бунда хатни қоғозга эмас, балки компьютер клавиатурасидан ҳарф ва сўзларни териб, маълум электрон ёзув кўринишига келтирилади. У бир манзилдан иккинчисига маълумотларни жўнатилишини таъминлайди яъни унинг ёрдамида Интернет тармоғи орқали дунёнинг ихтиёрий жойидаги электрон манзилга хат, ҳужжат, яъни ихтиёрий маълумотни тезда (бир неча сония ва дақиқаларда) жўнатиш ва қабул қилиб олиш мумкин. Унинг энг асосий афзаллиги вақтга боғлиқ эмаслигида. Электрон хатлар жўнатилган заҳотиёқ манзилга боради ва эгаси олгунга қадар унинг почта қутисида сақланади. Матнли хат, графикли ва товушли файлларни, программа файлларни ўз ичига олиши мумкин.
Электрон почта ёрдамида интернетга бевосита ёки маҳаллий тармоқ орқали уланган ҳар бир одамга хабар жўнатиш мумкин. Миллионлаб одамлар ҳар куни электрон хабар жўнатадилар ва қабул қилиб оладилар. Электрон почта кўплаб қариндош ва танишлар, дўстлар ва ўртоқлар, ҳамкасблар ва сиз фаолият олиб бораётган соҳадаги мутахассислар билан мулоқат қилишнинг, қолаверса, янги танишлар орттиришнинг, замонавий ва қулай усулидир.
Электрон почта хабарлари (электрон хабарлар) Интернетдаги бошқа маълумотлар каби узатилади. TCP протоколи электрон хабарларни ҳам пакетларга ажратиб чиқади. IP протоколи эса бу пакетларни керакли манзилга етказиб беради. Бу хабарни қабул қилувчи электрон почта серверида бу хабар пакетлардан қайта тикланади ва уни ўқиш мумкин бўлади.
Электрон хабарларга бошқа иккилик файлларини бириктириб, Интернет орқали жўнатиш ҳам мумкин. Иккилик файллари тасвир, видео, овоз ва хатто, бажариладиган файллар, яъни дастурлар ҳам бўлиши мумкин. Электрон почтанинг ўзи бу файлларни қайта ишлаш имконига эга эмас. Бунга ҳожат ҳам йўқ. Бундай файллар электрон почта хабари билан бирга жўнатилиши учун мавжуд кодлаштириш усулларидан бирида кодлаб олиш керак. Энг кўп ишлатиладиган схемалар, бу MIME ва UUEncode лардир. Бириктирилган файлни олган одам айнан уни кодлаш учун ишлатилган схема бўйича декодлаши керак бўлади. Кўплаб электрон почта дастурлари бу амални автоматик тарзда бажаради.
Интернет орқали кимгадир электрон хабар жўнатилганда, бу хабар манзилига етиб боргунча, бир қатор компьютер тармоқларидан ўтади. Бу тармоқлар орасида электрон почтанинг бошқа форматларидан фойдаланувчилари ҳам бўлиши мумкин. Электрон хабарларни бир форматдан бошқасига ўтказишни ҳам шлюзлар амалга оширадилар.
Электрон почтадан фойдаланишнинг яна бир қулай томони – манзиллар рўйхатидир. Бундай рўйхатлар бирон бир мавзуга, масалан, япон кроссвордлари ёки хитой карикатураларига қизиққан одамлар гуруҳини бирлаштиради. Бундай рўйхатга бирон бир киши хабар жўнатса, бу хабар рўйхатдаги ҳар бир манзилга жўнатилади. Сиз рўйхатдаги одамлар билан танишишингиз ва улар билан муттасил ёзишмалар олиб боришингиз, ўзингизнинг қизиқишларингиз, хоббиларингиз ва касбий муаммоларингизни муҳокама қилишингиз мумкин.
Манзиллар рўйхатига аъзо бўлиш учун унинг маъмури (администратори)га мурожаат қилиш ва ўзингизнинг электрон манзилингизни рўйхатга қўшишни сўраш керак бўлади.
Манзиллар рўйхати назорат қилинадиган ёки эркин бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |