Субъект — фаол ҳаракат қилувчи ва идрок этувчидир. Субъект деганда, онг ва иродага эга бўлган индивид ёки ижтимоий гуруҳ тушунилади.
Объект — субъектнинг билиш ва бошқа фаолияти нимага қаратилган бўлса, ана шуни англатади.
Сиёсат субъекти — сиёсат объектига йўналтирилган предмет, амалий сиёсий фаолият соҳибидир.
Сиёсатшунослик фани бошқа сиёсий фанлар каби маълум бир қонуниятларни ўрганади. Улар, одатда, икки гуруҳга бўлиб ўрганилади.
Биринчи гуруҳга мансуб бўлган қонуниятлар у ё бу мамлакатнинг ички сиёсий ҳаётида амал қиладиган қонуниятлардан иборат. Масалан, ижтимоий ҳаётни демократлаштириш, ҳокимият тақсимоти механизмларидан самарали фойдаланиш, сиёсий партиялар ўртасидаги соғлом рақобатни такомиллаштириш, сиёсий бошқариш тамойилларидан унумли фойдаланиш каби кўплаб қонуниятларни мисол келтириш мумкин.
Иккинчи гуруҳни халқаро сиёсий муносабатлар жабҳасида амал қилувчи умумий қонуниятлар ташкил этади. Бундай қонуниятларда турли давлатлар, турли халқаро ташкилотлар, ҳудудий уюшмалар билан сиёсий алоқада ва ҳамкорликни амалга ошириш, жаҳон халқларининг тинч-тотув яшаши учун олиб борилган саъй-ҳаракатлар, халқаро низо ва келишмовчиликларни бартараф этишда сиёсий воситалардан фойдаланиш, инсоният олдида турган долзарб муаммоларни ҳал қилишда сиёсатнинг серқирра санъатидан фойдаланиш назарда тутилади.
Табиийки, сиёсатшунослик ҳам бошқа фанлар каби ўз категорияларига ёки ўзига хос тушунчаларига эга. Улар жамиятда юз берадиган сиёсий воқеа-ҳодисаларни, сиёсий жараёнларни, сиёсий ҳаётни, сиёсий муносабатларни, давлатларнинг ички, ташқи, халқаро жабҳадаги сиёсатини хилма-хил муаммоларини ифодалашга хизмат қилади. Сиёсат, сиёсий ҳокимият, жамият сиёсий системаси, давлат ва ноҳукумат ташкилотлари, сиёсий партиялар, сиёсий ташвиқот, сиёсий муносабатлар, сиёсий онг, сиёсий маданият, демократия, халқаро сиёсий муаммолар, халқаро муносабатлар, сиёсатнинг субъекти, объекти, консерватизм, либерализм, легитимизм ҳокимият органлари, сайловлар ва бошқа тушунчалар сиёсатшуносликни турли сиёсий фанлардан фарқлашга ҳамда бу фаннинг моҳиятини тушунишга хизмат қилади.
Сиёсатшунослик фанининг айрим категориялари давлат, давлат ҳокимияти, сиёсий партиялар, сиёсий ташкилотлар сингари тушунчалар фалсафа, сиёсий иқтисод, сиёсий тарих, социология сингари фанлар учун ҳам муштарак ҳисобланади.
Сиёсий тизим- сиёсий хокимиятни шакллантирувчи ва амалга оширувчи воситалари булган, давлат ташкилотлари ва муносабатларнинг йигиндисидир.
Сиёсий тизимнинг функциялари қуйидагилардир:
Жамият ривожининг мақсад, вазифа ва йўлларини аниқлаш;
Жамиятда қабул қилинган мақсад ва дастурларни бажаришга қаратилган фаолиятларни такомиллаштириш;
Моддий ва маънавий бойликларни тақсимлаш;
Давлат ва ижтимоий бирлашмаларнинг турли хил манфаатларини мувофиқлаштириш;
Одамлар ва гуруҳларнинг жамиятдаги ҳулқ-атвори ва ўзини тутишга оид қонун ва қоидаларни ишлаб чиқиш;
Сиёсий онгни шакллантириш, жамият аъзоларини сиёсий иштирок ва фаолиятларга жалб қилиш;
Сиёсий тизимнинг ички ва ташқи хавфсизлик ва барқарорлигини таъминлаш;
Қонун ва қоидаларнинг бажарилиши устидан назорат қилиш ва сиёсий меъёрларни бузувчи ҳаракатларнинг олдини олиш.
Бу функциялар барқарор ва шаклланган сиёсий тизим учун характерлидир. Агар сиёсий тизим ўтиш даврида бўлса, у ҳолда унинг учун бошқа функциялар характерли ҳисобланади. Бу функциялар асосан сиёсий инқирозларни олдини олишга қаратилган бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |