Tемир оиласи элементларининг тиббиётдаги аҳамияти. Темир ва кобалтнинг табиатдаги роли жуда муҳимдир. Темир барча ўсимлик ва ҳайвон организмлари учун зарур элемент. Одам организмида темир гемоглобин, жигар, талоқ, орқа мия, буйрак, қон плазмалари таркибида учрайди. Турли тўқималарда темирнинг миқдори 4-5 г га етади. Ўсимликларда темир нафас олишни таъминловчи ферментлар таркибига кириб, хлорофилл синтезида иштирок этади. Темир бирикмалари тирик организмда тўқималарга кислород етказиб бериш, оксидланиш-қайтарилиш жараёнларига катализаторлик қилиш, электрон ташиш каби муҳим вазифаларни бажаради.
Гемоглобин ва миоглобин тўқималарнинг нафас олишини таъминлайди. Улар таркибида темир (II) бирикмалари бўлади. Гемоглобин икки вазифани бажаради: у кислородни ўпкадан тўқималарга ташийди, CO2 ни бўлса тўқималардан ўпкага ташийди. Темирнинг қолган бирикмалари организмдаги турли хил оксидланиш-қайтарилиш каби биокимёвий жараёнларда иштирок этади.
Организмга темир етишмаса, камқонлик касаллиги бошланади, одамнинг мадори қуриб, ўзини беҳуш сезади, кайфияти бузилади. Бунда организмга қайтарилган темир берилади. Масалан ферамид. Ферамид бу темир ҳамда никотин кислотаси амидининг комплекс бирикмаси бўлиб бу модда Тошкент фармацевтика институтида проф. М.А.Азизов раҳбарлигида институтнинг марказий илмий текшириш лабораториясида ишлаб чиқарилган ва тиббиётга жорий этилган.
Бундан ташқари тиббиётда FeCl3 қон тўхтатувчи модда сифатида ҳам ишлатилади. FeSO4*7H2O ва темир лактати ва темир глицератининг ҳам ишлатилиши маълум. Ортиқча темир юрак-қон томирлари, жигар ва ўпка фаолиятини бузилишига сабаб бўлади.
Биотизимларда кобалт бирикмаларининг айниқса, Б12 витаминининг (C63 H90 N14 P Co )аҳамияти катта. Б12 комплекс бирикма бўлиб, унинг таркибида кобалт(III) бўлади. Б12 витамин организмда ўсиш, қон айланиши, эритроцитларнинг етилиши, қоннинг ивиши, углевод ва липидлар алмашинувини бошқаради. Одам организмида бу витамин етишмаса, хуруж қилувчи камқонлик зўраяди, организмнинг турли юқумли касалликларга бардоши сусаяди.
Ҳайвон ва одам организми ичак деворалари Б12 витаминини ишлаб чиқаради.
Никел ҳам биокимёвий жараёнларда қатнашиб, ферментлар фаолиятига таъсир қилади. Таркибида олтингугурт тутган аминокислоталар синтезини фаоллаштиради.
Қолган VIII Б гуруҳ элементлари ичида платинанинг комплекс бирикмалари организмда оксидланиш жараёнларини бошқаришда қатнашиши аниқланган. Цис ҳолатдаги тузилишга эга бўлган платина(II) ва (IV) ларнинг комплекс бирикмалари хавфли ўсмаларга(саратон) қарши самарали воситалиги топилган.
Тиббиётда анемияга қарши темир, темир (II) сулфат, темир (III) сулфат, темир (II) хлорид, темир (III) оксид, темир (II) лактат ва бошқа темир бирикмаларини тутган моддалар дори сифатида кенг қўлланилади. Масалан: қайтарилган темир, темир глитсерифоафат, гемостумулин, фитоферролактол, ферроплекс, конферон, ферум-лек, ферросен, ферамид ва бошқалар. Анемияга қарши самарали воситалардан бири витамин Б 12 ҳисобланади. Бу витамин бошқа касалликларда ҳам самаралидир.
АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
James E. House, Inorganic Chemistry, New York, 2 nd ed. 2013.
D.Shriver, P.Atkins, Inorganic Chemistry. Published in Great Britain by Oxford University Press, New York, 2010, P.824.
Н.А.Парпиев, Ҳ.Р.Раҳимов, А.Г.Муфтахов, Анорганик кимёнинг назарий асослари, Тошкент, 2000.
Н.А.Парпиев, А.Г.Муфтахов, Х.Р.Раҳимов, Анорганик кимё. Тошкент 2003.
Do'stlaringiz bilan baham: |