Юқори синф ўқувчиларининг кийимлари. Шундай қилиб мактаб ўқувчиларининг кийимлари жамланиб, аҳамиятига қараб асосий турларга ажратилди. Аммо болалар турли хил тадбирларда иштирок этишлари муносабати билан, уларнинг кийимлари муайян кўринишга эга бўлиши ва мақсадга мувофиқ бўлиши лозим. Эндиликда (спорт тури, мактаб устахоналари, тўгараклар ва ш.к.даги меҳнат турлари бўйича) махсус кийим-бошларга зарурат туғилади. Комплект кийимларни ташкиллаштириш долзарб масалага айланади. Боланинг қомати ўзгариб боради. Тез ўсишнинг янги этапи
келади: қизларда 12-13 ёшда, ўғил болаларда 13-14 ёшда. Бошнинг баландлиги гавданинг узунлигига қараб 1:7 ёки 1:7,5 бўлади. Қизларда кўкрак айланаси пайдо бўлиб, сон ва болдирлар кенгая боради, бел қомати пайдо бўлади. Ўғил болаларда елка кенгаяди, шу сабабли тос ингичкалашиб, бел қомати яққол кўзга ташланадиган бўлади. Қўл ва оёқлар узунлашиб, гавданинг умумий кўриниши катталарникига ўхшаб кетади. Қизлар қомати шаклланишининг афзалликлари шундаки, композиция марказини кийимнинг юқори қисмида жойлаштириш имконини беради, бу ерда турли хилдаги кокеткалардан сборкалар ва релефлар ёрдамида зарур бўлган ҳажмни яратиш мумкин. Бўйин кесмаси, шакллари ҳам кийимнинг бичимига қараб ҳар хил бўлади. Қиз болалар гардеробига мактаб формаси, шим, юбка, блузка, сарафан, спорт курткаси, плаш, палто ва кўйлаклар киради.
Ўсмирлар кийими. Ўсмирларнинг мактабда ва оиладаги ўрни ўзгачадир. Бу ёшда болалар фақатгина илм-фанга оид билимларни ўзлаштириб қолмасдан, ўз дунёқарашлари шаклланади, гўзалликни ҳис этиш, уни тушуна билишни ўрганадилар. Жисмоний жиҳатдан ҳам тананинг шаклланиши жадаллашади, қиз болаларда кўкрак, бўксалари шакллана бошлайди, ўғил болаларда мушак тизими ривожланади, ўсмирларнинг тана муносиблиги 1:7,5 ёки 1:8 нисбатда бўлади. Қиз болалар гардероби уларнинг фаол турмуш тарзига монанд равишда, асосан спорт услубига хос бўлади. Унда янги кўринишдаги кўйлаклар, блузкалар, юбкалар, шимлар, жилетлар, палто, плаш, курткалар, кундалик, спорт ва уй кийимлари комплектлари, дам олиш кийимлари, шарф, рўмол, ва зонтлар каби турли қўшимчалар бўлади. Ўғил болалар кийимлари силуетлари асосан тўғритўртбурчак, гавдада эркин турадиган ва ним ёпишган бўлади. Ўғил болалар гардеробининг умумий услуби спорт услуби бўлиб, унга плашлар, курткалар, калта палто, кундалик, спорт ва уй кийимлари комплектлари киради. Катталар кийимига ўхшаш бўлиши билан бирга ўсмирлар кийими шўхчан, ёрқинроқ бўлиши керак, ўсмирлар кийими учун катак ва йўл-йўл чизиқли, очиқ рангли газламалар танланади. Шундай қилиб болалар кийимлари ҳар доим костюмга қўйиладиган умумий эстетик талаблар доирасида ривожланади ва унинг характери ҳар бир даврга хос бўлган костюм тузилишига боғлиқ бўлади. Шу билан бирга бола ривожланишининг ҳар бир босқичига мос равишда бадиий-образли ифодалилигига эга бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |