Битирув-малакавий ишининг объекти. Битирув-малакавий ишининг тадқиқот объекти сифатида Марказий Осиё, ҳусусан Ўзбекистондаги геоэкологик муаммолар танланган.
Битирув-малакавий ишининг предмети. Ишнинг предмети геогэкологик муаммоларни келтириб чиқарувчи омиллардир.
Битирув-малакавий ишининг аҳамияти. Мазкур ишда фойдаланилган материаллар ва олинган натижалардан атроф муҳитни муҳофаза қилишга доир мавзуларни ўқитишда, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга доир тарғибот-ташвиқот ишларини ташкиллашда кенг фойдаланиш мумкин.
Битирув-малакавий ишининг таркиби ва тузилиши. Мазкур битирув-малакавий иши кириш, 3 та боб, хулоса ва 33 (5 та интернет сайтлари) манбадан иборат фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан ташкил топган. Ишнинг умумий ҳажми 68 саҳифадан иборат бўлиб, унга 7 та расм ва 1 та жадвал илова қилинган.
1-БОБ. ТАБИАТ ВА ЖАМИЯТ ЎРТАСИДАГИ МУНОСАБАТЛАР ВА УНИНГ ОҚИБАТЛАРИ
1.1. Жамият ва табиат ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиш босқичлари
Инсоннинг табиатга таъсир этиши одам пайдо бўлган даврлардан бошланган. Лекин, кишилик жамияти ривожланишининг илк даври – ибтидоий жамоа даврида одамлар асосан териб-термачлаб, овчилик ва балиқ тутиш билан кун кечирганларида, уларнинг ҳаёт фаолияти табиий шароит ва ресурслар билан айниқса чамбарчас боғлиқ эди. Инсоннинг табиатга бўлган таъсири эса, асосан йирик ҳайвонлар сонининг камайишида акс этган. Бинобарин, ибтидоий босқичда инсон фаолиятида табиат таъсири устунлик қилган. Инсоннинг табиатга кўрсатадиган таъсири эса унча сезиларли эмас эди. Бироқ, инсоннинг табиатга етказадиган салбий таъсир доираси тобора кенгая борган: йирик ҳайвонлар овланавериб камайиб кетган, ўрмонлар ёнғинлар натижасида зарар кўрган ва ҳоказо. Демак, ўша вақтдаёқ экологик инқироз намуналари кузатила бошланган: овланадиган йирик ҳайвонлар тугай бошлагач, ибтидоий одам кун кечиришнинг янги шаклларига, чунончи, деҳқончилик билан чорвачиликка ўтишга мажбур бўлган. Инсоннинг табиатдан фойдаланиши зарурий эҳтиёж, инсон табиатдан қанча кўп фойдаланса, табиатда шунча кўп ўзгаришлар рўй беради. Бунга қатор мисоллар келтириш мумкин (1-расм).
Чорвачилик ва айниқса, деҳқончиликнинг пайдо бўлиши ва
ривожлана бориши билан инсоннинг табиатга кўрсатадиган таъсири янада кучайди. Чорва молларининг яйловларда муттасил боқилиши, ўсимлик қоплами характерининг ўзгаришига ва ёввойи ҳайвонларнинг яшаб турган жойидан сиқиб чиқарилишига сабаб бўлди.
Деҳқончиликнинг бошланиши, яъни ерларни ҳайдаш, ўрмонларни кесиш ва ёндириш, қурғоқчил районларда дастлабки ирригацион системаларни барпо этиш одамлар яшайдиган жойлардаги ландшафтларнинг характерини тубдан ўзгартириб юборди. Натижада катта-катта майдонларда табиатнинг қиёфаси ўзгариб, ҳайвонлар сонининг камайишидан ташқари, дарё сувларининг камайиши, тупроқ эрозиясининг ривожланиши ва бошқа салбий ҳодисалар ҳам кузатила бошлади. Баъзи бир қимматли ҳайвон турлари бутунлай қирилиб кетди.
Do'stlaringiz bilan baham: |