2.3.1. Отто Каденинг уч босқичли таржима модели
Таржиманинг аксар моделлари муаллифлари таржимани - тиллараро мулоқот воситаси сифатида тасвирлаб унда икки босқич мавжудлигини таъкидлашади – бу илк босқич, яъни оригинал матнни таржимон томонидан қабул қилиш босқичи ва таржима матнининг яратилиши босқичи. В.Н. Комиссаровнинг ёзишича: “...харакатлариннг мустақил бўлмаса хам, етарли даражада босқичларга ажратилган икки турини фарқлаш мумкинлигига қарамасдан, маълум шартлар асосида , алохида тасвирланиши мумкин. Бу каби босқичларнинг биринчисига таржимон томонидан оригинал матндан маълумотни идрок этишга харакатни киритиш мумкин. Иккинчисига – таржима тилида мавжуд бўлдган барча талаб қилинадиган воситаларнинг танланиши жараёни” [28,47].
Бироқ барчага маълумки ушбу икки босқич ўртасида кўзга кўринмас бироқ жуда хам мухим, сирли равишда юз берадиган босқич мавжудки, балки, у таржимоннинг миясида рўй беради. Айнан шу босқичда оригинал тил воситаларидан таржима тили воситаларига ўтиш жараёни амалга ошади. Немис тилшуноси ва таржимашунос олими Отто Каде таржимани айнан шу босқичлар орқали тасвирлашни тавсия қилади [28].
Таржима муллоқоти жараёни хусусиятларини тадқиқ қилишдан олдин олим оддий, яъни бир тилли мулоқот жараёнини кўриб чиқади. Унинг фикрича оддий, бир тилли мулоқот иштирокчилари [жўнатувчи ва қабул қилувчи] айнан бир бирига ўхшаш кодларга эгадир, айнан шу код орқали маълумот жўнатувчи маълумот мазмунини матн шаклига келтириб жўнатади. Маълумотни қабул қилувчи кодни очиш орқали маълумотда мужассам бўлган мазмунни англайди. Маълумотда мужассам бўлган мазмун деганда Отто Каде мухим жихатни ифода этилган фикр мазмунининг предмет-мантиқийлиги эмас, балки мазмуннинг коммуникатив ахамияти касб этади деб билади.
Маълумот жўнатувчига қандай даражада таъсир этгани каби маълумот қабул қилувчига хам ўша даражада таъсир ўтказиши лозим деб хисоблайди. Жўнатилаётган маълумот жўнатувчи мақсадини қабул қилувчига тўлиқ етказиб бериш даражасида шакллантирилиши лозим. Яъни Отто Каде тасаввурида мувафаққиятли маълумот алмашиш фақатгина қабул қилинган маълумот ушбу маълумотни жўнатувчисига таъсир қилгани каби қабул қилувчига хам шу даражадаги таъсирни ўтказган холдагина амалга ошиши мумкин деб таъкидлайди [28,70].
Мувафаққиятли мулоқотнинг асосий шарти бўлиб маълумот жўнатувчининг ва маълумотни қабул қилувчининг кодлари бир-бирига айнан ўхшаш бўлишидир. Бироқ шуни таъкидлаш жоизки бу кодлар хеч қачон айнан ўшаш бўлмайди ва бунга қатор омиллар ўз таъсирини ўтказади.
Биринчидан, маълум бир чегарагача тил воситалари ўз шаклини ўзгартириш хусусиятига эга бўлиб, бу холат тил нормаларига тўғри келади ва шу сабабли икки шахс кодларининг айнан ўхшашлари бўлмайди.
Иккинчидан, хар бир шахс [индивидуум]нинг шахсий тажрибаси [тил ва тил ташқарисидаги]да фарқлар кузатилади, бу ўз навбатида тил жамоасининг алохида хар бир аъзосида ўзига хос идиолектнинг шаклланишига сабаб бўлади.
Учунчидан, кодларнинг айнан бир-бирига ўхшамаслигига турли хил лахжаларнинг, минтақавий ва ижтимоий фарқларнинг мавжудлиги ва бу фарқлар шахснинг тил манзарасига ва дунёни идрок этиш манзарасига ўз таъсирини кўрсатиши сабаб бўлади.
Бироқ маълумот жўнатувчи ва қабул қилувчи кодлари ўртасидаги айнан бир-бирига ўхшаш хусусиятининг йўқлиги мулоқот иштирокчиларининг бир-бирини тушунмаслигини англатмайди, чунки хар доим кодларнинг маълум бир қисми ўзгармас бўлиб қолаверади. Шу сабабли, кодларнинг тенглиги даражаси нисбий бўлиб, бу нисбийлик даражаси мулоқот иштирокчилари ўртасидаги тушунишни амалга ошириш учун етарли хисобланади.
Икки тилли мулоқотнинг хусусиятларидан бири маълумот жўнатувчи ва ушбу маълумотни қабул қилувчи шахс кодлари бир-бирига умуман ўхшамайди. Улар ўртасидаги мулоқот фақатгина А1 тилдаги маълумотни А2 тилига ўзгартирилган ва маълумотни қабул қилувчига маълум бир таъсир ўтказган холатдагина амалга ошиши мумкин. Таржиманинг асосий вазифаси айнан шу билан белгиланади: 1. А1 тилдаги матнни қабул қилиш; 2. Қабул қилинган маълумотни ўзга тил воситалари орқали қайта кодлаб чиқиш; 3. А2 тилда матнни кодлаб қабул қилувчига етказиш [28,71].
Бу вазифаларнинг барчаси таржимон T [Translator] томонидан хал қилиниб Т маълумот қабул қилувчи ва жўнатувчи ўртасидаги икки тилли мулоқотни амалга оширишга ёрдам беради. Маълутмони жўнатувчига нисбатан Т қабул қилувчи ва маълумотни қабул қилувчига нисбатан Т маълумот жўнатувчи вазифасини бажаради.
О. Каденинг таъкидлашича, Тни маълумот жўнатувчи сифатида фоалият кўрсатиши учун қайта кодлаш вазифасини бажарувчи, яъни маълумот қабул қилувчи сифатидаги вазифани бажаришига боғлиқ бўлади. Айнан шу вазифада таржимон бир тил белгиларидан иккинчи тил белгиларига ўтишни амалга ошира олади, яъни А1 тил воситаларини А2 тил воситалари билан алмаштиради, қайтадан кодлайди. Бу вазифаларни мувафаққиятли бажариши таржимон маълумотни қабул қилиш жараёнидаги характларига боғлиқ. Отто Каде тиллараро мулоқотидаги харакатлар кетма-кетлигини, ривожланиш жараёнини қуйидаги қолип орқали тасвирлашни таклиф қилади:
1. Маълумот жўнатувчи ва таржимон ўртасидаги мулоқот. Таржимон А1 тилдаги маълумотни қабул қилувчи вазифасини бажаради.
2. Кодларнинг алмашиши, А1 тил А2 тил билан алмашади.
3. Таржимон ва маълумот қабул қилувчи ўртасидаги мулоқот. Бу жараёнда таржимон маълумот жўнатувчи вазифасини бажаради ва А2 тилдаги маълумотни қабул қилувчига жўнатади [28,75].
Юқорида келтирилган схемадан кўриниб турибдики, таржима икки тилли мулоқотнинг уччала босқида хам, биринчи босқич [маълумотни қабул қилиш ва уни англаш], бутун иккинчи босқич ва учинчи босқичнинг биринчи фазасига таъсир кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |