2.3. Таржиманинг трансформацион модели
Таржиманинг трансформацион модели Н. Хомскийнинг трансформацион грамматика қоидаларига таянади [60]. Трансформацион грамматика асосий мантиқий-синтактик алоқа ва лексемаларнинг ўхшашалиги хусусиятига эга синтактик структураларнинг келиб чиқиш қоидаларини ўрганади. Трансформацион грамматикага кўра, барча синтактик структураларнинг турлари чегараланган, мантиқий-синтактик структураларнинг шаффофлиги кўзга ташланадаган ядровий структураларга бирлаштирилиши мумкин. Маълум трансформацион қоидаларга кўра ядровий структуралардан ясама, юзаки структуралар шаклланади. А.Д.Швейцер қуйидаги мисолни келтиради, инглиз тилидаги John hit Bill гапини ядровий структура деб оладиган бўлсак, бу гапдан қатор трансформалар ясалиши мумкин:
Bill was hit by John.
John's hitting Bill.
Bill's being hit by John. ¦
The hitting of Bill by John.
It was John who hit Bill.
It was Bill who was hit by John [61,23].
Яна бир мисолни кўриб чиқамиз. “Бола ўқияпти” гапини ядровий структура деб оладиган бўлсак, трансформацион грамматика қоидаларига асосан қуйидаги ясама структураларни келтириб чиқариш мумкин: “Боланинг ўқиши”, “Ўқиётган бола”, “Бола томонидан ўқилган”, бу структурларда асосий муносабат сақланиб қолмоқда “харакат эгаси - харакат”. В.Н. Комиссаровнинг таъкидлашича, структурани ташкил қилувчи шаклларнинг турличалигига қарамасдан, ушбу трансформациялар сезиларли даражадаги мазмун ва маъно умумийлигига эга [33,56].
Ясама структуралардан фарқли равишда ядровий структураларда мазмун муносабатлари хар доим аниқ ифодаланганлигини кузатишимиз мумкин. Предмет хар доим от орқали ифодаланади, жараён эса – феъл билан, субъект – эга, объект – тўлдирувчи билан. Бошқача қилиб айтганда ясама структураларнинг ядровий структураларга айланиши – бу грамматик ва семантик категориялар орасидаги бир маъновий муқобилларнинг аниқланиши усулидир.
Таржиманинг трансформацион назариясига асосан, таржима жараёни уч босқичда амалга оширилади:
1. тахлил босиқчи – оригинал матн структуралари оригинал матн тилидаги тилидаги ядровий структураларга айланади, яъни трансформация жараёни аввал оригинал матн тили ичида рўй беради;
2. ўгириш жараёни – оригинал матн тилидаги ядровий структурани таржима тилидаги ядровий структура билан алмаштириш [тиллараро трансформация];
3. синтез босқичи [ёки қайта қуриш] – таржима тилида яратилган ядровий структура ясама структурага айлантирилади, яъни таржима матнининг якуний структураси хосил қилинади. Ушбу босқичда трансформациялар перифразанинг бир неча вариантини келтириб чиқаради, ва улар ўртасида стилистик фарқлар сезилади. Шу сабабдан ўгирилаётган тилдаги ядровий структуранинг ясама структурага ўтиши босқичи стилистик хусусиятларнинг эътиборга олиниши билан амалга оширилади.
А.Д. Швейцер таржиманинг ушбу модели хусусида сўз юритар экан, Ю.Найданинг таржимонни сайёхга қиёслашини маъқуллайди, яъни дарёнинг бир қирғоғидан иккинчисига ўтиш учун, оқимнинг хавфсиз жойини излаб топиб, айланма йўллар билан нариги қирғоққа етиб олади. А.Д. Швейцер томонидан келтирилган мисолни кўриб чиқамиз:
The White House pressurized the Senate into reconsidering its decision.
Қайта трансформация натижасида қуйидаги иккита ядровий структурага эга бўламиз:
The White House pressurized the Senate. The Senate reconsidered its decision [61,20].
Бу босқичда кейинчалик мухим маълумотни йўқотиш хавфи туғилади: икки ядровий гап ўртасидаги мазмуний алоқа йўқолишига олиб келиши мумкин [“сабаб - натижа”]. Бундан қутилиш учун ядровий гапларни мураккабюгапга айлантириш лозим. Масалан:
1) The White House pressurized the Senate and it reconsidered its decision.
ёки
2) The White House pressurized the Senate so that it should reconsider its decision.
Таржиманинг кейнги босқичи – ўгириш босқичида контекстдан келиб чиққан холда иккита вариант яратиш мумкин:
1. Оқ уй Сенатга босим ўтказди ва у ўзининг қарорини бекор қилди.
2. Оқ уй Сенат ўз қарорини бекор қилиши учун унга босим ўтказди.
Албатта таржиманинг бу вариантлари қаиъий вариант эмас. Бу вазиятда биз ядроли босқичида [Ю.Найда атамаси] турибмиз [49]. Кейинги босқичда таржимон ўз таржима вариантига контекстдан ва таржима тили стилистик хусусиятларидан келиб чиққан холда қўшимча ўзгартиришлар киритиши эхтимоли бор, ва бу орқали оригинал матн тили ва таржима тили ясама структуралари ўртасидаги муқобилликни таъминлайди, яъни таржима тилидаги ядро-олди структураларини ясама структураларга айлантириш жараёнини амалга оширади.
Таржимонлик фаолиятини ўрганишда трансформацион моделни ўрганиш жуда фойдали. В.Н.Комиссаров ушбу модельнинг қуйидаги афзалликларини таъкидлаб ўтади:
1. трансформацион назария мухим ўринни турли тиллар ўртасидаги шаклларнинг қиёсий тахлилига ажратиб, бу орқали ушбу шакллар ўртасида мавжуд бўлган таржима муқобиллиги муносабатларини аниқлайди, бу ўз навбатида икки аниқ тил тизимлари ўртасидаги таржимавий муносабатларнинг назарий асосини яратади;
2. трансформацион модель таржима трансформацияларининг турларини аниқлашга ёрдам беради;
3. таржима жараёнини тил ичидаги трансформациялар билан боғлаш жуда мухим, бу орқали оригинал матннинг таржима тилида мавжуд бўлмаган муқобилларини мавжуд эмаслигини тушунтиради. Масалан инглиз тилидаги She is a poor letter-writer. Биринчи босқичда ушбу гап оригинал тилдаги ядровий структурага айлантирилади: She writes letters poorly. Иккинчи босқичда оригинал тил ядровий структурасининг таржима тили ядровий структураси билан алмаштирилиши юз беради: “У хатларни ёмон ёзади”. Шундан сўнг таржима тилидаги ядровий структуранинг ясама структурага айланиш босқичи амалга оширилади: “У хат ёзолмайди”.
Шу билан бирга таржиманинг хар қандай модели каби трансформацион модель хам ўз камчиликларига эга. Уларга қуйидагиларни киритиш мумкин:
1. Трансформацион модель учинчи босқичда қай тарзда қатор трансформация вариантлари орасидан айнан биттасининг танланишини тушунтирмайди [бу модельга асосан трансформациялар фақатгина алохида тиллар доирасида амалга оширилади, ва шу боис бошланғич ва якуний структуралар бир бирига умуман боғлиқ бўлмаган манзарани касб этади];
2. Трансформацион модель бир хил ядровий структурага тегишли бўлган икки тилдаги структуралар ўртасидаги эквивалентлик муносабатларини яққол очиб беролмайди. Масалан:
The split in the Democratic Party elected Lincoln.
Демократик партияда пайдо бўлган ихтилоф хукумат бошқарувига Линкольнни олиб келди.
3. Шу билан бирга, трансформацион модель Fragile – “Эхтиёт бўлинг, ойна!” каби ибораларнинг эквивавлентлик муносабатларини хам тушунтириб бермайди. А.Д.Швейцернинг таъкидлашича, грамматик трансформациялар хақиқатдан хам таржима жараёнида матннинг семантик тахлили ва ва таржима тилидаги якуний махсулотни шакллантиришда ўз ўрнига эга. Бироқ таржима моделини фақатгина грамматик трансформацияларнинг қўлланилиши билан чагералаш муаммонинг туб мохиятини очиб бермайди, чунки таржима жараёнида грамматик трансформациялардан ташқари лексик-синтактик трансформациялар, семантик модификациялар ва вазият ва прагматик шароитларга боғлиқ бўлган қатор трансформациялар хам амалга оширилади. Шу боис трансформацион модельнинг универсал модель даражасига бўлган талаблари [Ю.Найданинг таклифи] ноўриндир, чунки таржиманинг бошқа хар қандай модели каби бу модель хам чегараланган тушунтирувчи имкониятга эга.
Таржиманинг вазиятли-денотатив модели барча тил белгиларини мазмуни предмет, воқеа, муносабатларда кўринишини назарда тутади. Тил белгиларида ўз аксини топган реал воқелик предметлари денотат деб аталади. Реал воқеликдаги вазият бу барча денотатлар ўртасидаги муносабатлардир. Шу боис, нутқнинг ташкилий қисмлари ўзида реал воқеликдаги маълум бир вазиятни мужассам этади.
Шу билан бир қаторда таъкидлаш лозимки, вазиятли-денотатив модел таркибида ётувчи хар қандай тушунча тил воситалари орқали баён этилиши мумкин, бу ўз навбатида шахснинг қайси тилда гаплашишига қарамасдан бизни ўраб турган борлиқнинг муштараклигини англатади. Бир хил воқеа-ходисалар турли тилларда турлича ифодаланишига қарамасдан, улар хаётда бир хил таъсир кучига эгадирлар.
Шу сабабдан, таржиманинг ушбу модели таржима жараёнини қуйидагича тасвирлайди. Оригинал матнни қабул қилиш босқичида таржимон, барча тил воситалари ва уларнинг ўзаро муносабатлари тахлилини олиб бориш билан бир қаторда ушбу тил воситалари қайси денотаталарни билдиришини ва ушбу денотатларнинг умумлашмаси реал воқеликдаги қайси вазиятни акс эттиришини англабтиб боради.
Таржимон онгида оригинал матнда тасвирланаётган вазият хақида тушунча хосил бўлганидан сўнг [реал воқеликни маълум бир кесимини тасвирловчи ўзига хос расм], у ушбу тасаввурни ўзга тил воситалари орқали баён этади.
Ушбу модель асосчилари И.И. Ревзин ва В.Ю. Розенцвейг таржима жараёнини қуйидагича тасвирлайдилар. Маълумотни жўнатувчи А, маълумотни қабул қилувчи Б ва таржимон Т. А, оригинал матн тилидан фойдаланган холда Д реал воқеликдаги маълумотни С1 юборади. Таржимон оригинал матн тилидан фойдаланган холда С1 ва Д1 орасида мутаносибликни ўрнатади, сўнг таржима қилинувчи тил воситалари ёрдамида худди шу вазиятни тасвирловчи С2 маълумотини яратади. С2 маълумоти маълумотни қабул қилувчи Б томонидан қабул қилинади. Ўз навбатида Б таржима тили воситалари ёрдамида С2 ва реал воқелик ўртасидаги мутаносибликни яратади [51,56].
Бошқача қилиб айтганда, маълум бир кетма-кетликда берилган маълумотни қабул қилади ва ушбу кетма-кетликдан вазиятга ўтиб вазиятни англайди, сўнг маълумотдан тўлиқ мавхумлашиб [яъни чекиниб], фақатгина унга етказиб берилган вазиятдан келиб чиққан холда маълумотни қабул қилувчи шахсга етказиб беради.
Ушбу тасвирланган жараённинг қисқароқ вариантини И.И.Ревзин ва В.Ю. Розенцвейг аслида таржима деб номлашади. А, Д реал воқеликдаги вазият хақидаги маълум бир маълумотни Сга юборади, бироқ Т, С1даги маълумотни олиб ундан реал воқеликдаги вазиятга ўтмайди, балки воситачи тилга ўтади, яъни оригинал тил ва воситачи тил муқобилликлар тизимига ўтади, ундан сўнг таржима тили тизимига ўтади. Таржима тили воситаси ёрдамида С2 маълумотини шаллантириб, маълумот олувчини реал воқеликдаги вазият тўғрисида хабардор қилади. Кўриб турганимиздек, бу жараён реал воқеликда рўй берган вазиятга бувосита мурожатсиз амалга ошади.
Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, ушбу муқобилликлар қолипи шакллантирилиши жараёнида иккала тилда мавжуд категорияларни акс эттирувчи айнан воқелик ва вазият инобатга олиниши лозим. Вазиятли-денотатив модель баъзи холларда айни вақтда рўй бераётган вазиятларни яхши тасвирлайди. Бунга мисол қилиб таржима тилида муқобил варианти мавжуд бўлмаган денотатларни кўрсатиш мумкин. Бу вазиятда таржимон аввал тушунчани идрок этади, англайди сўнг уни ўгиришда юқори адекватликка эришиш учун қайси таржима методини қўллашни танлайди. Таржимон янги тил воситаси яратиши мумкин [beatnik - битник], таржима тилида мавжуд тил воситасини мазмунини кенгайтириш орқали қўллаши мумкин, ёки тасвирий таржимани қўллаши мумкин.
Ушбу модель, тасвирланаётган вазият таянч ролини бажариб, таржима жараёни қандай воситалар билан берилишига қарамасдан мухим характерга эга бўлган вазиятларда кенг қўлланилади ва таржима жараёнини адекват тасвирлайди. Оригинал матнда тасвирланган вазиятни англаш орқали таржимон таржима тилида мавжуд бўлган фақатгина шу вазият учун қўлланилиши лозим бўлган таржима усулини танлайди [Fragile – “Эҳтиёт бўлинг, ойна”, instant coffee – “эрийдиган кофе”], ёки бир неча вариантлар ичида кенг тарқалган, умумқабул қилинган вариант мавжуд бўлса [Keep off the grass – “Газон устида юрманг”].
Албатта таржиманинг ягона мақсади оригинал матнда тўлиқ ёки баъзи сабабларга кўра тўлиқсиз баён этилган вазиятни аниқ тасвирлаб беришдан иборат. Ушбу вазиятда таржимон ўз таржимасига масалани тўғри англаган ҳолда у ёки бу ўзгаришлар ёки қўшимчалар киритади ва шу йўл билан тўлиқ, адекват таржимага эришади.
Вазият рўй берган реал воқеликни ўрганиб, таҳлил қилиш таржима матнида тўғридан-тўғри муқобил вариантни қўллаш жоиз ёки жоиз эмаслигини аниқлаштириб беради. Шу ўринда В.Н. Комиссаров томонидан келтирилган қизиқ мисолга тўхталамиз. Инглиз тилидаги “X was baited by the right” гапи таржимасида таржимон to bait феълининг тўғридан-тўғри муқобили ҳисоблаган – қийнамоқ, азобламоқ қўллаши мумкин, ва гап таржимасини қўйидаги кўринишда бериш мумкин “Х ўнглар партияси томонидан азобланмоқда”. Бироқ агар Х ўрнида Рузвельт исми турса ушбу муқобил ноўрин тусга эга бўлади [В.Н.Комиссаровнинг фикрича катта машҳурликка эга ва мамлакатнинг президенти этиб тўрт марта сайланган одамнинг азобланиши ақлга сиғмайди]. Реал воқеликни ўрганган ҳолда бу вазиятда таржимон “юмшоқроқ” таржима вариантини тақдим этиши мумкин – “қаттиқ таъна маъломатларга қолди” [33,48].
Таржиманинг вазиятли-денотатив моделининг устунликлардан бири бу, таржимоннинг реал воқеликка мурожаат қила олиши имкониятининг мавжудлигидир. Бироқ бу модель таржимон нима сабабдан ушбу воқеликка мурожат қилишини тўлиқ тушунтириб бермайди. В.Н.Комиссаров таржиманинг ушбу модели оригинал матнда берилган вазият тасвирини таржима тилида тиллараро коммуникациянинг тўлиқ амалга ошишига ёрдам мақсадида ўзгартириб берилганида таржимоннинг ҳатти-ҳаракатларини тушунтириб беришда чегараланган деб ҳисоблайди, яъни таржима матни мўлжалланган шахс ўзининг бошқа маданиятга тегишлилиги сабабли, вазият тасвиридан керакли хулосалар чиқара олмайди. Бундан ташқари, вазиятли-денотатив модель таржимада нафақат вазиятнинг тасвирланиши, балки, оригинал матнда баён этилган вазиятни тасвирлаш услубини ва таржимада қўлланилган тил воситаларнинг асосий қисми мазмунини ҳам талқин қилмайди.
Бироқ олимнинг ушбу фикрига тўлиқ қўшила олмаймиз. Тушуниладики, амалиётда таржимон ҳар доим реал воқеликка мурожаат қилади, яъни тасвирланаётган вазиятнинг моҳиятини тушунмаслик фақатгина баъзи ҳолларда тўғри таржима билан якунланиши мумкин. Таржимада тил воситаларнинг айримлари ва вазият тасвирининг услубининг сақланиши таржиманинг бошқа модель асосида қилинганлигини эътироф этмайди. Таржимон ушбу парчанинг икки тилда ҳам бир хилда тасвирланиши мумкинлигини сезиши [ҳис қилиши] мумкин [My brother lives in Moskow – Менинг акам Москвада яшайди], ва бу холда ўгиришда бошқа методларни излашга хожат қолмайди.
Шу ўринда И.И.Ревзин ва В.Ю. Розенцвейгларнинг фикрлари хам қизиқ, хам шубхали кўринади. Уларнинг фикрига кўра реал воқеликка билвосита мурожат қилмаган холда бир тилдаги маълумотни иккинчи бир тил воситалари орқали қайта яратиш аслида таржимадир, ва ушбу холат таржиманинг барча турларига хос бўлиб, синхрон таржимонлар фоалиятида яққол кўзга ташланади. Бир матнни бир тилдан иккинчи тилга ўгириш жараёнида реал воқеликка мурожат аксар холларда бадиий адабиёт таржимасида сезилади. Шу ўринда юқоридаги фикрни такрорлаган холда таъкидлаш жоизки, хар қандай таржима жараёни қабул қилиш, тахлил қилиш, оригинал матн мазмунини англаш босқичларини қамраб олади. Оригинал матн мазмунини англаш бу реал воқеликни, уни ортида турган тил воситаларни идрок этишдир. Туб мохияти тушуниб етилмаган матн таржима объекти бўлиб хизмат қилаолмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |