Тарихи Рашидий (2)
Назм:
Қай маъракада вафо, сахо сўзи қизиқдир
У ким дея сўрама: Абобакри Сиддиқдир.
Аҳду вафода устувор, халифалик мартабасининг соҳиби, савоб ва хато (ҳақ ва ноҳақ)ни
аниқ фарқ этувчи, мўминларнинг амири Умар ибни Хаттобга (Тангри таоло ундан рози
бўлгай).
Назм:
Дин қуёши камол кўкига етди,
Мусулмонларга соя солди Умар.
«Қуръон»ни жамлаб чиққан, ҳар ишда мулойимлик ва шарм-ҳаёнинг кони бўлган,
мўминларнинг амири ҳазрати Усмон ибни Аффонга (Тангри уни раҳмат қилгай, ундан
рози ва мамнун бўлгай).
Назм:
Аторуд, Ою Зуҳра – кўкни нақши,
Вале мен қуёшни васф этсам яхши.
Ҳашаматлик, тамкинли ва улуғвор имом, Дулдул ва Зулфиқор эгаси, «ло фато»
(ёшларнинг улуғи) исми билан танилувчи, пайғамбаримизнинг ички ва ташқи
сир-асрорларининг маҳрами – сирдоши, пайғамбарнинг ғолиб қариндоши, мўминларнинг
амири Али ибни Абу Толибга (Аллоҳ унга яхшиликлар ато қилгай).
Назм:
Аллоҳга валию набийга ворис
Али валий эди тенгсиз фаворис.
Шу важдан қуёшдек эди равиши,
Тўртинчи осмондан юз кўрсатиши.
Назм:
Илму ҳалимлигу ҳаё шиори,
Муҳаммад жияни, Аллоҳнинг шери.
Яна икки шаҳзода – Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайнга ҳисобсиз салому мадҳиялар бўлсинки,
улар пайғамбар алайҳиссаломнинг кўз қорачиқлари, жигарпоралари, Аршга етган улуғ
зотнинг азиз неваралари, бутун оламни ёритувчи ва парвариш қилувчи Аллоҳнинг дўсти
(Муҳаммад с.а.в)нинг кўз нурларидир.
Назм:
Ундан ҳам, бундан ҳам дин топди камол,
Ҳар икки имомга дуою салом.
Яхшиларнинг хўжаси, хушхабарларнинг манбаи пайғамбар алайҳиссаломнинг шарафли
тоғалари бўлган ҳазрати Умар Ҳамза ва ҳазрати Аббос – улар шариат чодирига ёпқич,
дин уйига асос эди – қаторларида ва покликда номи камол топган ўнта улуғ саҳобага ва
уларнинг пок руҳларига кўпдан-кўп дуою саломлар бўлгайки, ҳаловат тахти улар вужуди
билан зийнат топгандир. Улар ҳокимият ишларининг моҳир саркардалари, шариат
дунёсининг қобил ҳокимлари эди (Тангри таоло уларнинг ҳаммаларидан рози бўлгай).
Булардан кейин ўткир кўзлилар назарига ва донишмандлар кўнглига махфий
қолмагайки, Тангрининг муқаддас самовий сўзларидан иборат бўлган, эъзозга сазовор
улуғ китоб – «Қуръони Карим» Муҳаммад Мустафо (с.а.в)га тушган буюк ва очиқ-ошкора
ҳужжатлардан бўлиб, «Аллоҳ сўзларининг тўплами» бўлганлиги билан азиздир ва у уч
қисмга бўлинади: биринчиси, буюк ва муқаддас Тангрининг якка-ягоналиги; иккинчиси,
Муҳаммад (с.а.в) шариатининг ҳукмлари; учинчиси, тарихлардан таркиб топгандир.
3 / 32
Do'stlaringiz bilan baham: |