Тарихи Рашидий (2)
Лашкар ҳолдан тойди, кўп чекди озор,
Ўлган ўлиб, қолган бўлди ярадор.
Иккала тараф лашкарлари аралаш-қуралаш бўлиб, шу даражада урушиб-чопишдиларки,
жанг майдони устидаги осмон жанг қилаётган ғанимлар аҳволига минглаб кўзлардан
қонли ёш оқизди. Назм:
Тоғдай қўзғалишди иккита лашкар,
Ўнга-ўн бўлишиб тўқнашди улар.
Биёбонда дарё-дарё оқди қон,
Жанггоҳ лолазорга айланди алвон.
Жангчиларнинг ҳужумлари ниҳоя билмай, бало-офат денгизи мавж ураётган бир пайтда
Ҳазрат Соҳибқиронга ғойибдан келган қутлуғ хабар ва авлиёларнинг руҳи мадад, яъни:
«Бизларга ваъдасини рост қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин» (39.74) ояти аркони
давлатнинг йўлчи юлдузи бўлди. Беҳад қудратли ғаним лашкари учун: «Сўнг юз ўгирган
ҳолингизда чекиндингиз» (9.25) оятининг мазмуни мос келди. Беҳисоблиги билан ёмғир
томчилари-ю, дарахт япроқларини эслатувчи шундай улкан лашкарни кам сонли лашкар
баайни кузги хазонлардек тўзғитиб, пароканда қилиб ташлади; оят: «Бу (мададни) Аллоҳ
фақат сизлар учун қилди» (3.126). Илёс Хожа, амир Бекжак, Искандар Ўғлон, амир
Ҳамид ва амир Юсуф Хожа асирга тушдилар. Бироқ туркий қавмлардаги хоннинг
қадр-қимматини эъзозлаш одатига мувофиқ хонни қўлга олган бир неча жангчилар бу
ҳақда ўз лашкарбошиларига билдирмасдан хонни ва амир Бекчакни отга миндириб қўйиб
юборишди. Бошқа асирлар маҳбуслик кишанида қолаверишди.
Шу кеча Ҳазрат Соҳибқирон, тунлаб йўл босиб Ём дарёси бўйига келди ва у ерда
душманларнинг йўлини тўсиб, кўпларини ўлдирди.
Назм:
Ариқ суви алвон майга айланди,
Тошу каҳраболар лаълга айланди.
Амир Чоку билан амир Сайфиддин буйруққа биноан Самарқандга жўнашди. Ушбу
шавкатли зафар 765 (1364) балиқ йилида қозонилди. Ҳазрат Соҳибқироннинг буюк
хислатларидан бири шу эдики, у бирор ишни бошласа охирига етказмасдан қўймасди. У
амир Ҳусайн ҳамда Шер Баҳром билан маслаҳатни бир жойга қўйиб, тағин душман
изидан йўлга тушдилар. Хўжанд дарёсидан ўтиб, ёмон кўзлардан сақланиш мақсадида
Тошкандда тўхтади, бу ерда Соҳибқироннинг бироз тоби бўлмади.
Байт:
Кўзларга яқинроқ ҳар нарсаки бор,
Фалак кўз тегизар аёвсиз ғаддор.
Ҳазрат Соҳибқирон ҳам, амир Ҳусайн ҳам худди ўша жойда касал бўлишди. Ва кўп ўтмай:
«Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз» (17.82)
оятидан шифо топдилар. Маҳди улё Ўлжой Туркон оғо Гармсердан эсон-омон бу ерга
етиб келди.
Мисра:
Келди Сулаймон ёнига Билқиси замон.
Ҳазрат Соҳибқирон орқага қайтишга қарор қилди ва Хўжанд дарёсидан ўтгач, ҳалқа
усулида ов қилиш билан машғул бўлдилар. Амир Ҳусайн ҳам Дизак деган жойда чарга
овига киришди. Улар овни Оқарда ниҳоясига етказдилар ва бир неча кун айш-ишрат
билан машғул бўлдилар, қуйидаги мисрада айтилганидек:
Қўлингдан келганча хурсандчилик қил.
23 / 32
Do'stlaringiz bilan baham: |