Дарсни тайёрлаш ва ўтказиш. Замонавий дарсга қўйилаётган юксак талаблар ўқитувчини ҳар бир дарсга жуда ва пухта ўйлаб тайёрланишга мажбур қилади. Ҳар бир дарсга пухта тайёрланишнинг сабаби ўкувчилар таркибининг ўзгараётганлиги, акселерация жараёнларининг кучайиши, информацияларнинг “сел”дек оқиб келаётганлиги, турли мафкуравий полигонларнинг пайдо бўлаётганлиги, иш шароитларининг ҳам ўзгараётганлиги, таълимда янги инновацион ва ахборот технологияларидан кенг фойдаланилаётганлигидадир. Аммо, ўқитувчининг ҳар бир алоҳида дарсга тайёрланиш, унинг ўз ўкув ишига тайёрланиш тизимининг бир қисми,
холос.
Бу тизим: 1) ўқитувчининг ўз предмети бўйича ДЦ ўзлаштириш; 2) ўқув
дастурининг ҳар бир мавзусига тайёрланиш; 3) ҳар бир дарсга тайёрланишни ичига олади.
Ҳар бир алоҳида дарсга тайёрланишда ўқитувчи қуйидаги ишларни амалга оширади: мавзуни аниқлайди ва дарс вазифаларини конкретлаштиради;
Ўқув материали мазмунини ажратади ва уни дидактик жиҳатдан ишлаб
чиқади (етакчи тушунча, қонуният, факт ва амалий маълумотларни ажратади); илгари ўрганилган билан боғланишни, мазмунни жойлаштириш мантиқини назарда тутади;
Ўқувчиларнинг ўқув-билиш фаолиятлари характерини аниқлайди, яъни қандай кўникма ва малакалар шаклланишини, репродуктив ва изланиш фаолияти, мустақил иш ва ўқитувчининг роли ўртасидаги нисбат қандай бўлишини ўйлаб қўяди. Шу шаклларни ишлаб чиқади, дарс қисмларини ажратади.
Ўқитиш методлари: масала, машқ, муаммоли саволлар, топшириқларни танлайди ва аниқлайди. Бутун дарс жараёнини режалаштиради. Яхши тайёрланган дарсни яна уюшган ҳолда аниқ ва самарали ўтказа билиш ҳам керак. Бунда қўйилаги қоидаларга амал қилиш лозим:
1) дарсни аниқ ва уюшган ҳолда бошлаш, бунинг учун эса дарсга ҳамма нарса олдиндан тайёрланган бўлиши керак
2) ўқувчилар эътиборини дарс мазмунига қарата билиш ва уни бутун дарс
давомида ўқучиларнинг билиш фаолиятини активлаштириб сақлай билиш.
3) дарсда вақтдан оқилона фойдаланиш;
4) ўз хатти – ҳаракатини кузатиш. Ғоявий эътиқод, юксак аҳлоқийлик ва
маданият, гапириш ва талаб қилиш, рағбатлантириш, ўкувчиларга мурожаат қилиш услуби буларнинг барчаси ўқитувчи фаолиятининг услубини белгилайди, ҳамда ўкувчиларнинг зўр бериб ишлаши ёки ўта эмоционал қўзғолувчанлигини истисно қилади.
5) дарсда тадбиркорликни намойиш қилиш юзага келган шароитни дарсни
ўтказиш шароитларидаги ўзгаришларни ҳисобга олиш зарур.
Ўрта таълим ва ўрта махсус таълим тизимида тарих курси олдига қўйилган таълим-тарбия вазифаларини амалга оширишнинг энг муҳим шартларидан бири ҳар бир дарснинг таълим-тарбия вазифаларини, шунингдек, унинг бошқа дарслар системасида тутган ўрнини аниқ белгилаш ва шу вазифаларни амалга оширишдан иборатдир. Лекин ҳар қандай тарбиявий вазифани ҳам, бир ёки бир неча дарсда ёки синфдан ташқари машғулотларда ўтказиладиган айрим тадбирлар воситасида батамом мукаммал ҳал қилиб бўлмайди.
Ҳар бир тарих дарсида ва дарсдан ташқари машғулотларда тарих ўқитиш олдига қўйилган ғоявий ва тарбиявий вазифаларнинг қандайдир бир элементи амалга оширилади. Шунинг учун ҳам ўқитувчи ҳар бир тарих дарсига тайёрланишда бу дарс олдин ўтилган дарсларнинг давоми, бу дарсда ҳал қилиниши керак бўлган таълим-тарбия вазифалари эса олдинги ёки келгуси дарсларда бажариладиган таълим ва тарбия вазифаларининг ажралмас бир таркибий қисми эканлигини унутмаслиги керак
Илмий дунёқарашнииг асосини ташкил этувчи муҳим тушунчаларни ўқувчилар аста-секинлик билан, бир қанча дарслар давомида ўзлаштириб боради, янги тушунчалар кейинги дарс материаллари асосида конкретлашиб, янги мазмун билан бойийди. Кейинги дарс ўқувчиларнинг аввалги дарсларда олган билими, орттирган малакаларини кенгайтиради, уларда янги тушунчалар ҳосил қилади. Ўқувчилар тарихий жараёнларни кенг ва чуқурроқ тушунадиган бўлиб боради.
Ўқитувчи ҳар бир навбатдаги дарсни режалаштирар экан, бутун тарих курсининг бир қисми бўлган бу дарсда таълим ва тарбия вазифаларининг қайси бўлаги ёки элементи қай даражада, қандай материаллар асосида ва қайси томонини ҳал қилиши, ўқувчиларни қандай умумий хулосаларга олиб келиши, қандай тарихий тушунчаларни аниқлаши ёки кенгайтириши, қандай янги ғоялар тушунтирилиши, уларни қай тарзда таништириши кераклигини пухта ўйлаб олиши зарур. Ўқитувчи бутун тарих курсининг таълим-тарбия вазифаларини айрим мавзуларнинг таълим-тарбия вазифалари билан боғлаб режалаштирмоғи керак
Мавзулар бўйича режалаштириш мавзуларни ўқитишнинг методик системасини ишлаб чиқишга ёрдам беради. Мавзулар бўйича режалаштирганда ҳар бир мавзунинг бутун тарих курсида тутган ўрни ва роли аниқлаб олинади. Ҳар бир дарснинг таълим-тарбия вазифалари ўз-ўзидан эмас, балки ўқитувчининг онгли ва режали иши асосидагина муваффақиятли амалга оширилуви мумкин. Ўқитувчи дарсга тайёрланаётганда ўқув дастурининг ҳажми ва мазмунини ҳисобга олиб материал танлайди, дастур ва дарслик асосида дарс режасини тузади, материални жойлаштиради ва уни баён қилишда ҳужжат ва бошқа кўрсатмали қуроллардан фойдаланиш методларини белгилайди.
Аммо, бу ишлар ўқитувчи дарснинг асосий ғоясини, ундан кўзланаётган таълим-тарбия вазифаларини, дарсда нимага эришиш, ўқувчиларда қандай тасаввур ва тушунча ҳосил қилиш кераклигини аниқ ва тўғри ҳал қилган тақдирдагина ўқитувчи кўзланган мақсадга эришиши мумкин. Дарснинг бош ғояси ва унинг тарбиявий вазифалари тўғри ва аниқ белгиланмай ўтказилган дарс дастурида кўрсатилган фактларни тасодифан, шунчаки санаб ўтишдан иборат бўлиб қолади.
Материал танлаш ва уни изчиллик билан жойлаштириш, дарсда қўлланиладиган бутун дидактик усуллар ва методик воситаларнинг ҳаммаси дарснинг бош ғоясига, унинг таълим ва тарбия вазифаларини ҳал этиш мақсадига бўйсундирилиши керак. Шунинг учун ҳам ҳар бир дарснинг бош ғояси ва унинг таълим-тарбия вазифаларини аниқлаш ўқитувчининг дарсга тайёрланишида энг муҳим босқични ташкил қилади.
Тарих дарсига тайёрланишнинг бу муҳим босқичи энг масъулиятли бўлиши билан бирга, ишнинг энг қийин томони ҳамдир. Тарих дарсларининг бош ғоясини, унинг таълим-тарбия вазифаларини аниқ белгилаш, айниқса, ёш, тажрибасиз ўқитувчилар учун қийин кўчади. Улар кўпинча дарснинг таълимий вазифалари билан тарбиявий вазифаларини аниқ ажрата олмай, уларнинг бирини иккинчиси билан аралаштириб юборадилар ёки конкрет дарс материалини, унинг мазмунини ҳисобга олмай, тарбиявий вазифаларни умумий равишда белгилаш билан чекланиб қўя қоладилар.
Адабиётлар:
Вагин А.А. Методика преподавания истории в средней школе. -М.:Просвещение, 1968.
Бернадский В.Н. Методы преподавания истории в старшИХ классаҳ-М.,1939
Карцев В.Г. Очерки методики обучения истории СССР в УШ-Х классаҳ- М.,1955
Тошпулатов Т., Гаффоров Я. Тарих ўқитиш методикаси.- Т.:Университет, 1999.
Do'stlaringiz bilan baham: |