Бюджет ташкилотларида бюджет маблағлари бўйича жорий йилга молиявий натижаларни аниқлашнинг зарурлиги.
Молиявий натижалар – бу хўжалик субъектларида маълум бир ҳисобот даврида хўжалик жараёни натижасида ўзига қарашли маблағларни ошиши ёки камайишидир. Молиявий натижалар ижобий ёки салбий бўлиши мумкин. Ижобий молиявий натижа бу фойда, салбий молиявий натижа бу зарар. Бюджет ташкилотларида молиявий натижалар деганда ташкилотнинг барча даромадлари (тушумлари, бюджет маблағлари бўйича ғазначилик орқали амалга оширган касса харажатлари) ва ҳисобланган барча хақиқий харажатларининг ўзаро солиштирилиши (айрилиши) натижасида келиб чиқадиган активнинг соф қиймати тушунилади.
Ёки бошқача қилиб айтганда, бюджет ташкилотларининг молиявий натижаси бу ташкилотнинг барча активлари (номолиявий активлари, молиявий активлари ва дебиторлари)дан унинг мажбуриятларини (кредиторлик қарзларини) айирмаси натижасида ҳосил бўладиган активнинг соф қиймати деб тушуниш мумкин (1-чизма).
1-чизма. Бюджет ташкилотларида молиявий натижани шаклланиши
Молиявий натижалар ҳисобини ташкил этишда бухгалтерия ҳисоби олдига қуйидаги вазифалар қўйилади:
-Молиявий натижаларни белгиланган тартибда шакллантириш;
-Молиявий натижалар билан боғлиқ муомалаларни ўз вақтида бухгалтерия ҳужжатлари ҳамда ҳисоб регистрларида акс эттириш;
-Бухгалтерия ҳисобварақларида молиявий натижалар ҳолати тўғрисида тўлиқ ҳамда аниқ маълумотларни шакллантириш;
-Молиявий натижалар бўйича ҳисоботларни тузиш ҳамда улар бўйича асосланган бухгалтерия ахборотларини шакллантириш.
Бюджет ташкилотларининг даромадлари бу активнинг соф қийматини (молиявий натижани) ошишига сабаб бўлувчи ташкилот активларини ошиши ёки унинг мажбуриятларини камайишидир. Буни қуйидаги холатлар бўйича асослаш мумкин, жумладан бюджет ташкилотларига ҳомийлик маблағларини келиб тушиши натижасида унинг активлари (молиявий активлари) ошади, яъни мазкур муомала бухгалтерия ҳисобида Дебет 112 ва Кредит 262 ёзуви билан расмийлаштирилади. Мазкур операция натижасида ташкилотнинг молиявий активлари (пул маблағлари) ошди. Демак бу муомала ҳисобда даромад (кредит 262) сифатида акс эттирилиши лозим. Ёки, ташкилотнинг мажбуриятларини камайиши кўринишидаги даромадларига мисол келтирадиган бўлсак, унинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига юзага келган депонент қилинган қарзининг талаб қилиш муддати тугаши муносабати билан ташкилот даромадларига ҳисобланишини айтиш мумкин. Жумладан, амалдаги қонунчиликка мувофиқ бюджет ташкилотларида талаб қилиш муддати тугаган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига юзага келган депонент қилинган иш хақи ёки бошқа тўловлар бўйича қарзлар бюджет ташкилотининг бюджетдан ташқари даромадлари сифатида акс эттирилиши лозим.
Мазкур операциялар бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади, яъни бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига юзага келган депонент қилинган қарзларни ҳисобдан чиқарилиши Дебет 177 ва Кредит 262 (агарда мазкур қарздорлик бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан юзага келган бўлса). Мазкур операция натижасида ташкилотнинг мажбуриятлари камайди. Демак бу операция ҳисобда даромад (кредит 262) сифатида акс эттирилиши лозим.
Бюджет ташкилотларининг харажатлари бу активнинг соф қийматини (молиявий натижани) камайишига сабаб бўлувчи ташкилот активларининг камайиши ёки унинг мажбуриятларини ошишидир. Масалан, бюджет ташкилотининг асосий воситаларига эскириш ҳисоблаш натижасида ташкилотнинг номолиявий активлари (асосий воситалари)нинг қолдиқ қиймати камаяди. Мазкур операция бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади, яъни Дебет 231, 241, 251, 261 ёки 271 (асосий воситани сотиб олиниш манбасидан келиб чиққан ҳолда) ва Кредит 020-029 субсчётларнинг тегишлиси. Мазкур операция натижасида ташкилотнинг номолиявий активлари (асосий воситаларинги қолдиқ қиймати) камайди. Демак бу операция ҳисобда харажат (дебет 231, 241, 251, 261 ёки 271 субсчётларнинг тегишлиси) сифатида акс эттирилиши лозим. Ёки мажбуриятларни ошиши кўринишидаги ташкилот харажатларига бюджет ташкилоти томонидан иш хақини ҳисобланишини келтириш мумкин. Мазкур операция бухгалерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади. Масалан, бюджет ташкилоти бюджет маблағлари ҳисобидан ходимларига иш хақи ҳисоблади, яъни Дебет 231 ва Кредит 173. мазкур операция натижасида бюджет ташкилотининг ходимлардан бўлган иш хақи бўйича мажбурияти ошди. Демак бу операция ҳисобда харажат сифатида (дебет 231) акс эттирилиши лозим.
Бюджет ташкилотининг молиявий натижаси унинг барча даромадларининг турлари бўйича алоҳида ҳолда аниқланади, яъни:
- бюджет маблағлари бўйича;
- тўловларни маҳсус турларига доир ҳисоблашувлар бўйича;
- таълим муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт маблағлари бўйича;
- бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармаси маблағлари бўйича;
- бюджет ташкилотининг бошқа даромадлар бўйича.
Бюджет ташкилотларининг даромадлари манбаалари бўйича молиявий натижаларнинг схематик кўриниши қуйидагича акс эттириш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |