2 – иш.
Дарё қисқичбақасининг анатомик тузилиши
Керакли жиҳозлар: олдинги машғулот даврида бўғимли ўсимталарни ажратиб олинган қисқичбақалар, препаровал ниналар, ванначалар, ўткир учли кичик қайчилар, қисқичлар, қисқичбақа органлар системасининг тузилишини акс эттирувчи жадваллар, Петри идишлари, бинокуляр ёки стол лупалари, буюм ойналари, сув тулдирилган идишлар.
Олдинги машғулотларда дарё қисқичбақасининг тана қоплағичлари очиб олинган бўлганлиги учун унинг ички органларининг тузилишини қон айланиш системасидан бошлаб ўрганиш мақсадга мувофикдир.
Қисқичбақанинг қон айланиш системаси очик, яъни аралаш тана бўшлиғи-миксоцель бўлганлиги учун қон томирлар системаси тўташган эмас. Шунга кўра қон тана бўшлиғининг қисмлари бўлган синусларда ҳам айланиб юради. Демак қисқичбақанинг қони тана суюқлиги-гемолимфа ҳамдир (50- расм).
50-расм. Дарё қисқичбақасининг ёрилган (урғочиси)
1-кўз; 2-ошқозон; 3-4-олдинги артериялар; 5-юрак; 6-олдинги артерия; 7-жабралар; 8-тухумдон; 9-қорин нерв занжири; 10-қорин мускули; 11-антеннулалар; 12-антанналар; 13-кейинги ичак
Юрак қисқичбақанинг ёлка томонида миксоцелнинг алоҳида бир қисми юрак олди бўшлиғи (перикардий) билан ўралган ҳолатда жойлашган. Юракда 5 та асосий артерия томирлари чиқади. Юракда 3 жуфт клапан ёки остиялар мавжуд. Юрак кенгайганда (диастола) остиялар очилиб қон юрак олди бўшлиғидан юракка ўтади, юрак қисқарганда эса (систола) клапанлар (остиялар) ёпилади ва қон юракдан чиқиб, артерия томирлари буйлаб тананинг турли қисмларига, органлар орасидаги бўшлиқка ва лакуналарга келиб куйилади.
Тўқималарда ҳосил бўлган карбонат ангидридли веноз қони эса махсус томирлар орқали жабраларга боргач, оксидланиб юрак олди синусига тўпланади ва қон айланиш юқорида баён этилган тарзда янгидан такрорланади.
Қисқичбақанинг нафас олиш органлари жабралардан иборат. Улар бош қисмидаги 2-3 жуфт жагоёқларининг ва 4 жуфт юриш оёқларининг асосида, кукракнинг икки ён томонидаги жабра бўшлиғида жойлашган. Жабраларнинг усти брианхиокардиал калқон билан қопланган. Бу калқоннинг олдинги. Орқа ва пастки томонлари очик бўлганлиги учун ва жагоёқларнинг тухтовсиз ҳаракати туфайли жабраларга сув келиб туради. Натижада патсимон юпқа жабра толалари сувда эриган кислородни узлаштириб, кога ўтказади.
Қисқичбақалар айрим жинсли. Эркакларида битта уруғдон бўлиб, унинг олдинги қисми икки айричадан иборат. Бу эса уруғдоннинг жуфт органдан келиб чиққанлигини билдиради. Уруғдондан чиқадиган жуфт уруғ йўллари бешинчи жуфт юриш оёқларининг асосида, жуфт жинсий тешикчалар орқали ташқарига очилади. Урғочиларида тухумдон ток бўлади. Унинг жуфт тухум йўллари учинчи жуфт кукрак оёқларининг асосида очилади.
Овкат ҳазм қилиш системаси бошнинг остки қисмидаги оғиздан бошланади. Ичаги олдинги, ўрта ва кейинги бўлимлардан иборат. Олдинги ва кейинги ичаклари эктодермадан ҳосил бўлган, уларнинг ички юзаси хитинли кўтикула билан қопланган. Олдинги ичакнинг узи қизилўнгач, кардиал ва пилорик ошқозон қисмларига ажралади. Қизилунгач ва у келиб очиладиган кардиал ошқозоннинг ҳам ички юзаси хитинли кўтикула билан қопланган бўлади. Бу бўлимнинг кейинги қисмида хитин "тишча" лар ва бошқа турдаги овқатни майдаловчи мосламалари бўлиб, уни "ошқозон тегирмони" дейилади. Ошқозоннинг олдинги қисмида охакдан иборат думалок мосламалар бўлади. Булар қисқичбақа пўст ташлагандан кейин унда ривожланадиган янги пўстни охак моддаси билан таъминлаш учун хизмат қилади. Кардиал ошқозонда майдаланган овқат пилорик ошқозонга ўтади. Бу ерда овқат зарралари сиқилади ва йирик зарралардан ажратиб сизиб суюқ моддалар ўрта ичакка ўтказилади. Майдаланмасдан колган овқат зарралари пилорик ошқозон махсус тузилишга эга бўлганлиги учун ўрта ичакка тушмасдан, тўғридан-тўғри орқа ичакка ўтади ва ташқарига чиқарилади.
Қисқичбақанинг ўрта ичаги жуда қисқа, унда овқатни суришда ичакнинг жуфт ўсимталари бўлган ҳазм безлари - "жигар" ҳам муҳим вазифани бажаради. Унинг ичи ковак найлардан иборат бўлиб, улар ўрта ичакка очиладиган умумий йулга очилади. Суюк овқат ўрта ичакдан ана шу найчаларга ўтибр уларда ҳазм бўлади ва сурилади. Демак «жигар» фақат оқсилларни, ёгларни парчалайдиган ферментлар ишлаб чиқарибгина колмасдан, овқатни ҳазм қилиш ва шимиб олишда актив иштирок этади.
Айириш органлари тананинг бош қисмидаги антенналарнинг асосида жойлашган ва шу ерда ташқарига очилади. Жойлашган урнига кўра уларни антенниал безлар, рангига қараб эса яшил безлар деб аталади. Безнинг бир учи кенгайиб ковукка айланади. Гемолимфадан ажралган моддалар диффузия йўли билан ковукка йигилиб ташқарига чиқарилади. Тузилиш жиҳатидан бу безлар ҳалқали чувалчангларнинг метанефридийларига ўхшайди, лекин найчаларнинг учларида киприкчали воронкаси бўлмаслиги билан улардан фарқ қилади.
Марказий нерв системаси ҳалқум ости, ҳалқум усти нерв тугунларидан ва қорин нерв занжиридан ташқил топган. Бу нерв тугунлари бир-бири билан коннективалар орқали тўташгандир. Халқум ости нерв тугуни 5 жуфт кукрак ва 6 жуфт қорин нерв тугунларидан ташқил топган қорин нерв занжирларининг биринчи жуфт нерв тугуни бўлиб ҳисобланади.
Қисқичбақанинг мувозанат саклаш органлари антеннулаларининг асосидаги бўғимида жойлашган. У халтача шаклида бўлиб, ички юзаси сезувчи тукчалар билан қопланган. Унинг бўшлиғида майда тошчалар ва қум зарралари бўлиб, улар статолит вазифасини бажаради. Куриш органлари махсус поячалар устида жойлашган жуфт мураккаб кузлардан иборат. Улар аммотидлар деб аталувчи жуда кўп майда кузчалардан ташқил топган.
Do'stlaringiz bilan baham: |