3. Табиат ва унинг ресурсларидан фойдаланишнинг географик ва иқтисодий асослари
Табиат яхлит геотизимидан иборат бўлганлиги туфайли ундан фойдаланишда тизимли ёндашув татбиқ қилинишини тақазо этади. Бинобарин, бу жараёнда табиат ва унинг ресурсларидан мажмуали равишда омилкорлик билан фойдаланиш зарурлиги экологик ва иқтисодий жиҳатдан аввалдан асосланган. Лекин бу жараён негизида географик қонунлар ва қонуниятлар мавжудки, биз аксарият ҳолларда уларга етарли эътибор бермаймиз, натижада катта миқёсда зарарли оқибатлар ривожланишига асос яратамиз. Дарвоқе, табиат ва унинг ресурсларидан фойдаланишнинг географик асослари мавжуд экан, уларни билишимиз айни муддао.
Табиат қонунлари ва қонуниятлари ҳамда жамият ишлаб чиқариши. Инсоннинг хўжалик фаолияти табиатда содир бўлар экан, у албатта, табиат қонунларини ҳисобга олиши, қонуниятларга риоя қилиши лозим, акс ҳолда унинг ишлаб чиқариш фаолиятида иқтисодий самарадорлик, иш унуми, барқарор тараққиёт, маҳсулот сифатини яхшилаш ва бошқа соҳаларда жиддий ютуқларга эришиш, олдинга силжиш юз бермайди, шунингдек, экологик ва иқтисодий-ижтимоий оқибатлар кўлами ортиб боради.
Табиатнинг туб қонунларидан бири мавжуд моддий тизим ва уни ўраб турган атроф - муҳитнинг бир бутунлиги ҳисобланади. Бу ҳолатни жамиятга нисбатан қўлланса, у ҳолда унинг географик муҳит билан бир бутунлик қонуни деб қараш мумкин. Табиатда, одатда, бир ҳодисанинг ўзгариши қўшни геотизимдаги худди шундай ҳодисанинг ўзгаришига таъсир этади. Бунда улар орасидаги боғлиқлиқ қанчалик яқин бўлса, ўзаро таъсир ҳам шунчалик кучли бўлиши кузатилади.
Шунинг учун табиатдан фойдаланишда бу қонунга риоя қилиш нақадар муҳим, айниқса геопара, парагенетик тизимлар (Оролбўйи ва Орол денгизи, Балхашбўйи ва Балхаш кўли) да бу табиий ҳодисанинг жиддий оқибатлари кузатилади.
Орол сатҳининг тез суръатларда тушиб кетиши туфайли Оролбўйида содир бўлаётган антропоген чўллашиш ҳодисаси Амударё ва Сирдарё дельталарида табиий муҳитнинг тиклаб бўлмайдиган даражада ўзгаришига олиб келмоқда.
Табиий муҳитнинг тезкорлик билан тараққий қилишида ландшафт (геотизим)ларнинг хилма-хиллиги қонуни таъсири устуворлик қилади. Аниқланишича, ҳудудда табиий муҳит ва ресурсларнинг хилма-хиллиги қанча кўп бўлса, жамиятнинг ривожланиши учун ҳам қулай шароит вужудга келади. Аксинча, табиий шароит бир хил бўлиб, бойликлар ҳам камбағал бўлса, ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши учун имкониятлар кам бўлади. Табиий муҳит хилма-хил ҳудудларда инсоннинг хўжалик фаолияти фаолроқ ёки кучли содир бўлиши туфайли геотизимларнинг ўзгариши ҳам тезлиги билан ажралиб туради.
Бу жараёнда моддий тизим ва атроф - муҳит бирлиги қонуни ва ландшафтлар хилма-хиллиги қонуни бир-бирини тўлдиради ҳамда уларнинг бир вақтдаги ҳаракати юз бериши мумкин. Бу ҳодиса ландшафтларнинг структурали динамик ҳолати мураккаб бўлган ҳудудларда табиий муҳитнинг тезкорлик билан ўзгариши натижасида ривожланади.
У ҳудудда табиий-географик шароитнинг хилма-хиллиги ва шу муносабат билан табиий мажмуаларнинг бир-биридан кескин фарқ қилиши билан боғлиқ. Ушбу қонунлар таъсири натижасида катта ҳудудларда табиий (экологик) шароитларнинг ўзгариши кузатилади.
Табиий компонентларнинг бир-бири билан ўзаро боғлиқлик, алоқа, ҳамжиҳатлик муносабатида бўлиш қонуни муҳим амалий аҳамиятг касб этади. Бунда ташқи таъсир натижасида бирор компонентнинг ўзгариши бошқа компонентларга ҳам таъсир этади, бинобарин, бу жараёнда геотизим ҳам маълум даражада ўзгаришга учрайди. Шу муносабат билан табиатдан фойдаланиш жараёнида бу қонунга амал қилмаслик ҳунук оқибатларга олиб келади.
Булардан ташқари модда ва энергия айланиши, зоналлик, азоналлик, ландшафт қобиғидаги ритмик ҳамда цикллик ҳодисаларини билмай, уларга амал қилмай туриб, табиатдан тўғри фойдаланиб бўлмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |