4. «Табиат-хўжалик-аҳоли» тизими
Табиат ва жамият тизими аслида “табиат-хўжалик-аҳоли” тизими тарзида ифодаланса мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаш мумкин, чунки табиат инсоннинг хўжалик фаолияти натижасида ўзгаради. Ўзгариш илмий асосланган ҳолда амалга оширилган тақдирда табиат жамият мақсадларига мос келадиган тарзда ўзгаради. Бунда табиат ҳам, инсон ҳам азият чекмайди.
Лекин ишлаб чиқаришни ривожлантириш жараёнида техника, технология, меҳнат ҳарактери, субъектнинг айби билан қатор камчиликларга йўл қўйилиши туфайли табиат бойликларидан фойдаланишда исрофгарчилик, деградация, хом ашёларни мажмуали қайта ишламаслик, турли чиқиндиларни муҳитга кўплаб чиқариш натижасида табиат жиддий зарар кўрмоқда. Ернинг ҳаво ҳарорати кейинги 110 йил давомида 1 даражага ортгани ва уни БМТ маълумотига кўра у 2030 йилгача 4-5 даражага ортиши башорат қилинаётгани, бунинг ҳунук экологик ва ижтимоий-иқтисодий оқибатлари ҳозирдаёқ жиддий сезилаётгани фикримизнинг яққол далилидир.
Ўзбекистонда табиатдан фойдаланиш жараёни бозор иқтисодиёти шароитида мураккаб кечмоқда. Собиқ иттифоқ даврида вужудга келган қатор экологик муаммолардан қутулганимиз йўқ, жойларда улар жиддийлашган. Улардан қутулиш борасида эндигина амалий ишлар бошланди, Чунончи, суғорма ерларнинг бир қисми деҳқонларга томорқа тарзида бўлиб берилиши, фермер ва ширкат хўжаликлари тузилаётгани, корхоналарнинг хусусийлаштирилиши инсоннинг табиий ресурсларга бўлган муносабатини сифат жиҳатдан тубдан ўзгартиради.
Бу ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ва ривожлантиришнинг жуда ҳам самарали шаклидир. Чунки деҳқон, тадбиркор, мулк соҳиби бойликларга меҳр кўзи билан қараб, улардан иложи борича омилкорлик билан фойдаланиш мақсадида меҳнат қилади. Бу бошланган хайрли ишни тобора ривожлантириш ва такомиллаштириш лозим.
Табиатдан фойдаланиш мураккаб ва серқиррали жараён, бунда кўпгина омилларга мунтазам аҳамият бериш талаб этилади. Аввало меъёр, қўлланиладиган технология, иш режими, чиқиндиларни ушлаб қолиш(йиғиш) ва мажмуали қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, ишлаб чиқариш технологияси жараёнининг мураккаблигига қараб кам чиқиндили ёки берк технологияга ўтиш масалаларини босқичма-босқич ҳал қилиш асосий мақсад бўлиши лозим. Бундай вазиятда атроф - муҳитнинг корхоналар чиқиндилари ҳисобига ифлосланиши камайиб боради.
Табиат бойликларидан фойдаланишда ҳудуднинг географик шароитини ҳисобга олиш нақадар аҳамиятли, кўп ҳолларда бунга амал қилмаслик оқибатида номақбул ҳодисаларнинг шаклланиши содир бўлиши натижасида табиат ва жамият жиддий зарар кўради. Бу борада ҳудудий ва маҳаллий шароитлар ҳамда қонуниятларни эътиборга олиш энг зарурий шарт ҳисобланади. Чўл шароитида ҳавонинг ўз-ўзини тозалаш қобилияти анча кучли, шунинг учун ҳам саноат корхоналари атроф-муҳит ҳавосининг ифлосланишида асосий омил ҳисобланмайди. Навоий, Муборак, Қоравулбозор, Шўртанг ва бошқа саноат корхоналари атмосфера ҳавосини фақат корхоналар атрофидагина ифлослантиришлари мумкин, барқарор шамол ҳаракати газсимон чиқиндиларни тўзитиб юборади ва улар ҳавонинг умумий циркуляциясига аралашиб, атмосферада тарқалиб кетади. Тоғ олди (Чирчиқ, Оҳангарон, Сурхондарё, Қашқадарё) ва тоғ (Сўҳ, Қувасой, Хондизасой) водийларида маҳаллий минерал ресурслар асосида бир неча саноат корхоналари кўпдан бери фаолият кўрсатмоқда ва янгилари лойиҳаланиш арафасида турипти. Бир ҳисобда корхонани хом ашё базаси яқинида бунёд этилиши иқтисодий географик жиҳатдан тўғри, бошқа жиҳатдан атроф - муҳит ифлосланиши назарда тутилса, мантиққа тўғри келмайди. Тоғ-водий шамолларининг кун ва тунда турли йўналишларда эсиши натижасида корхоналар чиқиндилари тоғ олди ва тоғ водийларида бир текисда тақсимланади, оқибатда табиий муҳит барча жойларда ифлосланади. Бунда нафақат табиат, шунингдек, аҳоли ҳам катта зарар кўради (сув ва ҳавонинг ифлоланиши турли хил касалликлар тарқалишига олиб келади). Бундай вазиятда корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёни берк ёки кам чиқиндили технология билан алмаштирилиши айни муддаодир.
Тоғ олди қия пролювиал текисликлар сув ўтказувчанликлари билан тавсифланади, шунинг учун ҳам уларда фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари (Олтиариқ ва Фарғона нефтни қайта ишлайдиган, Янги Қўқон кимё, Олмалиқ тоғ-металургия ва бошқа) нафақат ҳаво, шунингдек, ер ости ва ер усти сув ҳавзаларини ҳам ифлослантириб келмоқда. Шундай табиий жараён содир бўлиши ушбу корхоналарни лойиҳалаётган пайтда ҳам мутахассисларга маълум бўлган, лекин унга тегишли эътибор берилмаганлиги оқибатида табиий муҳит ва аҳоли жиддий зарар кўрмоқда.
Ирригаторлар сув омборларини лойиҳалаётган пайтда баъзан мавжуд ботиқлар ўрнидан фойдаланишни афзал кўрадилар, чунки тайёр ҳавза ортиқча қазиш ишларини талаб этмайди. Лекин бундай ҳавзалар тубида бир неча метр қалинликдаги туз қатламлари мавжуд бўлганлиги туфайли уларнинг суви шўрлиги билан тавсифланади ва суғоришда ишлатилади. Бу ҳодиса мелиорация жиҳатидан мутлақо мумкин эмас.
Ер ва сув ресурсларини муомалага киритишда ниҳоятда эҳтиёткорлик зарур, чунки аввало ер суғориш учун нечоғли қулайлиги асосланилса ва шунга қараб суғорма деҳқончилик ривожлантирилса, шунингдек, номатлуб ҳодисалар шаклланишининг олдини олувчи махсус тадбирлар амалда қўлланилгандан сўнг ер ва сувдан фойдаланишни бошлаш ҳамма жиҳатдан ҳам мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаш мумкин. Бу жиҳатдан қараганда Қорақалпоғистон, Бухоро, Мирзачўл, Қарши ва Жиззах чўлларида ерларни ўзлаштиришнинг “аччиқ” тажрибаси доимо эътиборда бўлиши лозим.
«Табиат-хўжалик-аҳоли» тизими уч кичик тизим мажмуасидан иборат ва табиатдан фойдаланиш жараёнида бир бутун тизим сифатида ифодаланади. Бу мажмуа характери жамиятга боғлиқ, жамият ва уни ташкил қилган аҳоли қанчалик ҳуқуқий демократия негизига таянса ва ресурслардан фойдаланиш илмий асосланган тарзда амалга оширилса, ушбу тизимнинг экологик вазияти ва мувозанати шунчалик барқарор бўлади. Акс ҳолда табиатнинг жамиятга қайта таъсири ҳамма жиҳатдан кенг миқёсли, кескин, фалокатли ва табиий муҳитнинг тиклаб бўлмайдиган даражада ўзгаришига сабаб бўлади. Орол денгизи ва Оролбўйида содир бўлаётган кенг миқёсдаги антропоген чўллашиш ҳодисалари бунинг ёрқин мисолидир.
Шу ўринда халқимизнинг ер-сувдан фойдаланиш, чўллашишга қарши курашишдаги ўзоқ ўтмиш бой тажрибаларидан фойдаланиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Чунки халқимиз азалдан табиат бойликларини эъзозлаш, қадрлай олишга, унга озор етказмасликка одатланган. Тарихий меросимиз “Авесто”да ҳам, Муқаддас китобларимиз Қуръони Кариму ва Ҳадису Шарифларда ҳам табиатни севиш, асраб-авайлаш, ундан тежамкорона фойдаланишга даъват этилган. Ҳадису Шарифда шундай сатрлар бор: – “Тангри гўзалдир, гўзалликни яхши кўради”. Демак, тангри оламни гўзал қилиб яратган, биз шу гўзалликнинг қадрига етишимиз шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |