Колорадо дарёсидаги каньон. Қирғоқбўйи тизмаларининг баландлиги 1600-2000 м га етади. Уларни баъзи жойларда Тинч океанга қуйилувчи кўндаланг дарё водийлари кесиб ўтган. Неоген охирида бутун қирғоқ полосаси тектоник ҳаракатлар таъсирида бўлган; доимий сезилиб турадиган ерости силкинишлари ва баъзан бўладиган кучли зилзилалар бу ҳаракатларнинг ҳозирги гувоҳидир. 1906 йили зилзила вақтида Сан-Франциско шаҳрининг катта қисми вайрон бўлган.
Қирғоқ бўйи тизмаларидан шарқда Калифорния водийси ясланиб ётади. Бу букилма мезозойда пайдо бўлган ва қалинлиги ҳозирги вақтда деярли 9000 м га етадиган увоқ жинслар билан тўлиб қолган. Чўкинди жинс қатламлари орасида вулканик жинслар қатламлари учрайди, водийнинг ичида эса вулкан ҳаракатлари излари бор.
Шарқда Калифорния водийси улуғвор Сьерра-невада тоғ массивига бориб тугайди; бу массивни чуқур эррозион даралар ва музлик водийлари кесиб ўтган. Сьерра-невада жуда яхлит, бир бутун кўтарилган тоғдир. Унинг энг баланд чўққиси Уитни тоғи (4418 м) Аляскани ҳисобга олмаганда, АҚШ даги энг баланд тоғ тепасидир. Сьерра-неваданинг шарқий ёнбағри, ундан шимолроқда жойлашган Каскад тоғларининг шарқий ёнбағри каби, ички плато ва ясси тоғликлари полосасига қараган. Сьерра-невада массиви билан Қояли тоғлар орасида, Кордильера ясси тоғликлари орасида энг каттаси ҳисобланган Катта Ҳавза жойлашган. Унинг ер юзаси ўртача 1500 м гача қад кўтарган, бироқ баландликлар тафовути унча катта эмас. Ясси тоғликни баландлиги 3000 м ва ундан ортиқ бўлган (Уиллер чўққиси-3982 м) ва меридионал йўналган параллел тизмалар кесиб ўтган. Тоғ тизмалари орасида чуқур ботиқлар бўлиб, булардан бири Ажал водийсининг денгиз сатҳидан чуқурлиги 85 м. Ботиқнинг бундай ном олишига сабаб шуки, 1849 йилги олтин васвасаси вақтида олтин қидирувчиларнинг бир группаси сувсизликдан ҳалок бўлган.
Катта Ҳавзанинг тузилишида вулкан жинсларнинг роли жуда катта; ясси тоғликдаги тоғ тепаларининг кўпи сўнган вулкан конусларидан иборат.
Ҳозирги вақтдаги жуда қуруқ континентал иқлим шароитида ясси тоғликда механик нураш ва тоғ жинсларининг нураши жараёнлари шиддатли рўй беради. Доимий оқар сувлар йўқлигидан нураган жинслар Катта Ҳавзанинг ўзида йирик чақиқ жинслар уюмлари сифатида қолади ва сойлик ҳамда тоғ ёнбағирларида қалашиб ётади. Нураган жинслар парчалари тагида кўмилиб қолган тоғ тизмаларининг қирраларигина ажралиб туради. Катта ҳавзада ясси тоғликни турли йўналишда кесиб ўтувчи кўплаб қуруқ ўзанларни ва эндиликда қисмангина кўллар билан банд сойликлар ёнбағрида яхши ривожланган кўл террасаларини кўриш мумкин. Бу рельеф шакллари иқлим илгари ҳозиргига қараганда анча сернам бўлганлигидан дарак беради.