3.1.2. Товарларни (маҳсулотларни) сотиш
Стандартда келтирилган тан олиш мезонлари, одатда, ҳар бир алоҳида операцияга нисбатан қўлланилади. Бироқ, айрим ҳолатларда, тан олиш мезонларини битта операциянинг алоҳида ажратиладиган таркибий қисмларига нисбатан, ушбу операциянинг моҳиятини акс эттириш мақсадида, қўллаш зарур бўлади. Масалан, маҳсулотнинг сотиш нархи сотишдан сўнгги хизмат кўрсатиш учун алоҳида аниқлаб бўладиган суммани ўз ичига олса, бу сумма кечиктирилади ва хизмат кўрсатиладиган давр мобайнида даромад сифатида тан олинади. Ва тескари, тан олиш мезонлари иккита ва ундан ортиқ операцияларга нисбатан биргаликда қўлланилади, агар ушбу операциялар уларнинг тижорат натижасини фақат бир қатор операцияларни бир бутун операция сифатида ҳисобга олганда тушуниб бўладиган тарзда бир-бирига боғлиқ бўлса. Масалан, ташкилот товарларни сотиши мумкин, ва, шу пайтнинг ўзида, ушбу товарларни кейинчалик қайта сотиб олишга қаратилган алоҳида шартнома тузиши ва бу билан операциянинг натижасини йўққа чиқариши мумкин. Бундай ҳолатда, иккита операция биргаликда ҳисобга олиниши керак.
Товарларни (маҳсулотларни) сотиш. Товарларни (маҳсулотларни) сотишдан даромад қуйидаги шартларнинг ҳаммаси бажарилганда тан олиниши керак:
- ташкилот товарларга эгалик қилиш билан боғлиқ рисклар ва мукофотларнинг анча қисмини харидорга ўтказганида;
- ташкилот одатда эгалик ҳуқуқига ҳос бўлган даражада сотилган товарларни эндиликда бошқара олмаганда ва уларни самарали даражада назорат қила олмаганда;
- даромаднинг суммасини ишончли даражада баҳолаб бўлганда;
- ташкилот томонидан операция билан боғлиқ бўлган иқтисодий нафнинг олиниши эҳтимоли мавжуд бўлганида; ва
- операция бўйича амалга оширилган ёки амалга ошириладиган харажатлар ишончли даражада баҳолана олганда.
Мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи билан боғлиқ рисклар ва мукофотларнинг анча қисми ташкилот томонидан харидорга ўтказилиши пайтини аниқлаш учун операциянинг жиҳатларини ўрганиш талаб этилади. Аксарият ҳолларда, эгалик ҳуқуқи билан боғлиқ рисклар ва мукофотларнинг ўтказилиши харидорга юридик эгалик қилиш ҳуқуқи ёки тасарруф қилиш ҳуқуқининг ўтиши пайтига тўғри келади. Бу аксарият чакана савдо операцияларига ҳосдир. Бошқа ҳолларда, эгалик ҳуқуқи билан боғлиқ рисклар ва мукофотларнинг ўтказилиши юридик эгалик қилиш ҳуқуқи ёки тасарруф қилиш ҳуқуқининг ўтиши пайтига тўғри келмайди.
Ташкилот мулкка эгалик қилиш билан боғлиқ рискларнинг анча қисмини сақлаб қолса, бундай операция сотиш бўлиб ҳисобланмайди ва даромад тан олинмайди. Ташкилот мулкка эгалик қилиш билан боғлиқ рискларнинг анча қисмини турли ҳолатларда сақлаб қолиши мумкин. Ташкилот мулкка эгалик қилиш билан боғлиқ рисклар ва мукофотларнинг анча қисмини сақлаб қоладиган ҳолатларга мисоллар қуйидагича:
- ташкилот маҳсулотнинг оддий кафолат шартлари билан қопланмаган ёмон ишлаши учун жавобгарликни сақлаб қолганида;
- муайян сотишдан даромад олиш харидор товарларни сотиши натижасида даромад олишига боғлиқ бўлганида;
- ўрнатишни талаб қиладиган товарлар сотилиб, ўрнатиш ташкилот томонидан охиригача бажарилмаган шартноманинг муҳим қисми бўлганида;
- харидор олди-сотди шартномасида келишилган сабабга кўра харидни бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлганда ва ташкилотни даромад олишига ишончи комил бўлмаганида.
Ташкилот эгалик қилиш билан боғлиқ рискнинг фақат аҳамиятсиз қисмини сақлаб қолганида, операция сотиш бўлиб ҳисобланади ва даромад тан олинади. Масалан, сотувчи товарларга эгалик қилиш ҳуқуқини олиниши лозим бўлган сумманинг ундирилишини таъминлаш мақсадидагина сақлаб қолиши мумкин. Бундай ҳолатда, агар ташкилот эгалик ҳуқуқи билан боғлиқ рисклар ва мукофотларнинг анча қисмини ўтказган бўлса, операция сотиш бўлиб ҳисобланади ва даромад тан олинади. Ташкилот эгалик қилиш билан боғлиқ рискнинг фақат аҳамиятсиз қисмини сақлаб қолишининг яна битта мисоли бўлиб харидор харид билан мамнун бўлмаганида унга пуллари қайтарилиши таклиф қилинган чакана сотув ҳисобланиши мумкин. Бундай ҳолларда даромад сотиш пайтида тан олинади, агар сотувчи келгусида товарларнинг қайтарилишини ишончли даражада баҳола олса ҳамда олдинги тажриба билан бошқа тегишли омиллар асосида қайтариладиган товарлар учун мажбуриятни тан олса.
Do'stlaringiz bilan baham: |