2-амалий вазият: 2017 йилнинг 18 мартида хўжалик субъектининг раҳбарияти молиявий ҳисоботларни кузатув кенгашига тақдим этилиши учун тасдиқлайди. Кузатув кенгаши ижрочи бўлмаган шахслардангина ташкил топган бўлиб, ўз ичига ходимлар ва бошқа ташқи манфаатдор томонларнинг вакилларини олган бўлиши мумкин. Кузатув кенгаши 2017 йилнинг 26 мартида молиявий ҳисоботларни тасдиқлади. Молиявий ҳисоботлар акциядорлар ва бошқалар эътиборига 2017 йилнинг 1 апрелида тақдим этилди. Акциядорлар молиявий ҳисоботларни 2017 йилнинг 15 майида ўтказилган акциядорларнинг йиллик йиғилишида тасдиқлади ва тасдиқланган молиявий ҳисоботлар тартибга солувчи давлат идорасига 2017 йилнинг 17 майида топширилди. Молиявий ҳисоботлар 2017 йилнинг 18 мартида эълон этиш учун тасдиқланди (раҳбарият молиявий ҳисоботларни кузатув кенгашига тақдим этиш учун тасдиқлаган сана).
8.2.2. Ҳисобот давридан кейинги, тузатишлар киритилишини талаб этадиган ҳодисалар.
Хўжалик субъекти тузатишлар киритилишини талаб этадиган ҳисобот давридан кейинги ҳодисаларни акс эттириш мақсадида ўз молиявий ҳисоботларида тан олинган суммаларга тузатишларни киритиши шарт.
Қуйида хўжалик субъектидан ўз молиявий ҳисоботларида тан олинган суммаларга тузатишлар киритишни, ёки олдин тан олинмаган моддаларни тан олишни талаб қиладиган ҳисобот давридан кейинги ҳодисаларга мисоллар келтирилган:
- Хўжалик субъектининг ҳисобот даврининг якунида жорий мажбурияти бор бўлганлигини тасдиқлаган, суд ишининг ҳисобот давридан кейин ҳал бўлиши. Хўжалик субъекти ушбу суд иши юзасидан олдин тан олинган ҳар қандай захираларга БҲХС 37 “Захиралар, Шартли Мажбуриятлар ва Шартли Активлар”га мувофиқ тузатиш киритади ёки янги захирани тан олади. Хўжалик субъекти фақат шартли мажбуриятни ошкор этиш билан чегараланмайди, чунки суд ишининг ҳал бўлиши натижасида БҲХС 37га мувофиқ эътиборга олиниши керак бўлган қўшимча далиллар таъминланади.
-Ҳисобот даври охирида актив қадрсизланганлиги ёки бу актив бўича олдин тан олинган зарар суммасига тузатиш киритилиши кераклигидан далолат берадиган маълумот ҳисобот даври тугаганидан кейин олиниши.
Масалан: Ҳисобот даври тугаганидан сўнг мижозлардан бири банкротликка учраши ҳисобот даври охирида савдога оид дебиторлик қарздорлиги бўйича зарар мавжуд бўлганлигини ва хўжалик субъекти дебиторлик қарздорликнинг баланс қийматига тузатиш киритиши кераклигини тасдиқлайди;
Товар-моддий захираларнинг ҳисобот даври тугаганидан сўнг сотилиши уларнинг ҳисобот даврининг охиридаги соф сотиш қиймати тўғрисида далил бериши мумкин.
- ҳисобот даври тугалланишидан олдин сотиб олинган активларнинг таннархи ёки сотилган активлардан тушган тушумнинг ҳисобот даври тугаганидан сўнг аниқланиши.
-ҳисобот даври тугаганидан сўнг фойдадан тақсимланадиган тўловлар ёки мукофотлар суммасининг аниқланиши, агар хўжалик субъектининг ҳисобот даври охирида бу санадан олдин юз берган ҳодисаларнинг натижасида бундай тўловларни амалга ошириш бўйича жорий юридик ёки конструктив мажбурияти мавжуд бўлган бўлса (БҲХС 19 “Ходимларга ҳақ тўлаш”).
- Молиявий ҳисоботларнинг нотўғри эканлигини кўрсатувчи фирибгарлик ёки хатоларнинг топилиши.
3-амалий вазият: Мажбуриятни тасдиқлаш. Сизнинг ташкилотингизга товар белгисидан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги учун даъво тақдим қилинган. Сиз ўзингизнинг 2016 йил 31 декабр ҳолатига бўлган, ҳали тасдиқланмаган молиявий ҳисоботингизда юқоридаги даъво бўйича суд харажатларини қоплаш учун 1 млн.АҚШ доллари миқдорида захира яратдингиз. 2017 йил 10 январда суд корхонангиз томонидан 0.6 млн.АҚШ доллари миқдорида келтирилган зарарни қоплаб бериш бўйича қарор чиқарди ва тегишлича захира 0.6 млн.АҚШ долларигача корректировка қилинади.