8.1.4. Йиғма молиявий ҳисобот тузишда ягона ҳисоб юритиш сиёсати.
Жамланган (консолидациялашган) молиявий ҳисоботларда:
- бош ташкилот активлари, мажбуриятлари, капитали, даромадлари, харажатлари ва пул маблағлари оқимлари моддаларини унинг шуъба тадбиркорлик субъектларининг шунга ўхшаш моддалари билан бирлаштириш амалга оширилади;
- бош ташкилот шуъба тадбиркорлик субъектларининг ҳар бирига қилган инвестициялар баланс қиймати ва бош ташкилотнинг шуъба корхонадан ҳар бирининг капиталидаги улушини ўзаро ҳисобга ўтказиш (ҳисобдан чиқариш) амалга оширилади (МҲХС 3 да ҳар қандай йўлдош гудвилл ҳисобини юритиш тартиби тушунтирилади);
- гуруҳ доирасидаги активлар ва мажбуриятлар, корхоналари ўртасидаги операциялар билан боғлиқ капитал, даромад, харажатлар ва пул маблағлари оқимлари бутунлай ҳисобдан чиқарилади (гуруҳ доирасидаги операциялар натижасида юзага келадиган захиралар, асосий воситалар сингари активлар таркибида тан олинган фойда ёки зарарлар ҳисобдан бутунлай чиқарилади).
Гуруҳ доирасидаги зарарлар қадрсизланишга ишора қилиши мумкин ва у жамланган (консолидациялашган) молиявий ҳисоботларда тан олиниши лозим. БҲХС 12 «Фойда солиқлари»да гуруҳ доирасидаги операциялардан олинган фойда ва кўрилган зарарлар ҳисобдан чиқарилиши натижасида юзага келган вақтдаги фарқлар кўриб чиқилади.
Ягона ҳисоб сиёсати. Агар гуруҳ аъзоларидан бирортаси ўхшаш операциялар ёки ўхшаш вазиятлардаги ҳодисалар ҳисобини юритиш учун жамланган (консолидациялашган) молиявий ҳисоботларда фойдаланадиган ҳисоб сиёсатидан фарқ қиладиган ҳисоб юритиш сиёсатини қўллаган бўлса, жамланган (консолидациялашган) молиявий ҳисоботларни тайёрлашда гуруҳ ҳисоб сиёсатига мувофиқликни кафолатлаш учун гуруҳ аъзосининг молиявий ҳисоботларига тегишли тузатишлар киритилиши лозим.
Баҳолаш. Корхона шуъба корхонанинг даромадлари ва харажатларини жамланган (консолидациялашган) молиявий ҳисоботларга тадбиркорлик субъекти шуъба тадбиркорлик субъекти устидан назоратни қўлга киритган пайтдан уни йўқотган пайтгача киритади. Шуъба тадбиркорлик субъектининг даромадлари ва харажатлари жамланган (консолидациялашган) молиявий ҳисоботларда эгаллаш санасида тан олинган активлар ва мажбуриялар қийматлари асосида ҳисоблаб чиқилади.
Масалан, умумлашган даромад тўғрисидаги жамланган (консолидациялашган) молиявий ҳисоботда эгаллаш санасидан кейин тан олинган амортизация харажатлари жамланган (консолидациялашган) молиявий ҳисоботларда эгаллаш санасида тан олинган тегишли ампортизация қилинадиган активларнинг ҳаққоний қийматига асосланади.
Потенциал овоз бериш ҳуқуқлари. Потенциал овоз бериш ҳуқуқлари ёки бундай ҳуқуқларни ўз ичига олган бошқа ҳосила инструментлар мавжуд бўлган ҳолда, жамланган (консолидациялашган) молиявий ҳисоботларни тайёрлашда бош ташкилот ҳисобига киритиладиган даромад ёки зарарлар нисбати, шунингдек капиталдаги ўзгаришлар фақат мавжуд бевосита иштирок этиш улушлари асосида аниқланади ва потенциал овоз бериш ҳуқуқлари ва бошқа ҳосила инструментларнинг ижро этилиши ёки конвертация қилиниши эҳтимолини акс эттирмайди.
Айрим вазиятларда тадбиркорлик субъекти ҳозирги вақтда унга бевосита иштирок этиш улуши билан боғлиқ даромад олиш имконини бераётган операция натижасида олинган мавжуд бевосита иштирок этиш улушига эга бўлади. Бундай ҳолларда жамланган (консолидациялашган) молиявий ҳисоботларни тайёрлашда бош ташкилот ҳисобига киритиладиган улуш ва назорат кучига эга бўлмаган улушлар ҳозирги вақтда тадбиркорлик субъектига даромад олиш имконини бераётган потенциал овоз бериш ҳуқуқлари ва бошқа ҳосила инструментларнинг ижро этилиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
МҲХС 9да жамланадиган (консолидациялашадиган) шуъба тадбиркорлик субъектларида иштирок этиш улушларига татбиқ этилмайди. Агар потенциал овоз бериш ҳуқуқларига эга инструментлар тадбиркорлик субъектига ҳозирги вақтда шуъба тадбиркорлик субъектида бевосита иштирок этиш улуши билан боғлиқ даромад олиш имконини бераётган бўлса, бундай инструментларга нисбатан МҲХС 9 талаблари қўлланилмайди. Бошқа барча ҳолларда шуъба тадбиркорлик субъектида потенциал овоз бериш ҳуқуқларига эга бўлган инструментлар ҳисоб юритишда МҲХС 9 га мувофиқ акс эттирилади.
Ҳисобот санаси. Бош ташкилот ва унинг шуъба тадбиркорлик субъектларининг жамланган (консолидациялашган) молиявий ҳисоботларни тайёрлашда фойдаланиладиган молиявий ҳисоботлари айни бир ҳисобот санасида тайёрланиши лозим. Агар бош ташкилот ҳисобот даврининг охири шуъба тадбиркорлик субъекти ҳисобот даврининг охиридан фарқ қилса, шуъба тадбиркорлик субъекти жамлаш (консолидациялаш) мақсадларида бош ташкилот шуъба тадбиркорлик субъектининг молиявий маълумотларини жамлаш (консолидациялаш) имкониятига эга бўлиши учун қўшимча молиявий маълумотларни бош ташкилотнинг молиявий ҳисоботлари билан айни бир санада тайёрлайди, буни бажариш мумкин бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.
Агар буни бажаришнинг иложи бўлмаса, бош ташкилот шуъба тадбиркорлик субъектининг молиявий маълумотларини жамлаш (консолидациялаш)ни мазкур субъектнинг энг сўнгги молиявий ҳисоботларидан фойдаланиб амалга ошириши лозим. Бунда мазкур ҳисоботларга уларнинг санаси ва жамланган (консолидациялашган) молиявий ҳисоботлар санаси оралиғидаги даврда содир бўлган аҳамиятли ҳодисалар ёки операцияларнинг таъсири ҳисобга олинган ҳолда тузатишлар киритилиши керак.
Ҳар қандай ҳолда ҳам шуъба тадбиркорлик субъектининг молиявий ҳисоботлари санаси ва жамланган (консолидациялашган) молиявий ҳисоботлар санаси ўртасидаги фарқ уч ойдан ошмаслиги, ҳисобот даврлари муддати ҳамда молиявий ҳисоботлар саналари ўртасидаги фарқ эса даврдан давргача мос келиши лозим.