Судандаги тил вазияти
Дарс мақсади: Мустақиллик қўлга киритилганидан кейин Суданда юзага келган тил вазияти ҳақида, шунингдек, араблаштириш йўлида миллий маданиятни қайта шакллантириш ва маънавий соҳани деколониялаштириш муаммосини ҳал қилишда тил сиёсати концепцияси ҳақида тасаввур бериш.
Магистрантларни араб мамлакатларидаги тил ўзига хослигини таҳлил қилишга ўргатиш ва араб этник жамияти ҳақидаги тасаввурларни аниқлаштириш, турли араб мамлакатларидаги этник ва тил динамикасининг айрим тенденция ва қонуниятларини юзага чиқариш.
Таянч сўз ва иборалар: Судан халқона-сўзлашув тили, билингвизм, кўп тиллилик, африка тиллари, жубий араб диалекти, нилот қабилалари: шиллук, динка, нуэр, франка лингваси, диалект усти койнеси, арабий пиджин, кўп миллатли давлат, умумсудан койнеси, лексика.
Асосий масалалар:
Суданнинг ўзига хос тил вазияти
Марказий Суданнинг тил вазияти
Суданнинг жубий диалекти
Суданда экзоглосс ва эндоглосс муносабаталарнинг уйғунлашуви
Полиэтник мамлакатлардаги тил вазиятини кўрсатиш учун мисол тариқасида мавжуд тил муносабатлари жиҳатидан бошқа барча араб мамлакатларидан фарқ қилиб турувчи Суданни келтириб ўтамиз. Бу тахминан 38,2 млн аҳолиси нотекис тарқалган йирик мамлакат1. Бутун мамлакатнинг тахминан 15%на ташкил этувчи ҳудудда аҳолининг деярли 50% жойлашган2. Мамлакатнинг юқорида тилга олинган этнолингвистик ранг-баранглиги бутун мамлакат бўйлаб ҳам, географик шароитлар туфайли аҳоли анча тарқоқ яшайдиган айрим ҳудудларда ҳам мураккаб функционал-иерархик алоқаларни юзага келтирди. Судандаги тил вазиятининг ўзига хослиги нафақат локал турли-туманлик билан, балки бутун мамлакат даражасида мулоқот қилиш учун умумий воситанинг, ўз вазифасига кўра кўплаб араб мамлакатларидаги кундалик-сўзлашув тили билан қиёслаш мумкин бўлган тилнинг мавжуд эмаслиги билан ҳам белгиланади.
Тил вазиятининг асосий компоненти нисбатан ривожланган ва тарқалган, конституцияга мувофиқ давлат тили деб эълон қилинган (1973 йил) араб тилидир. У мамлакатда иккита асосий шаклда намоён бўлади: адабий тил ва Судан халқона-сўзлашув тили.
1956 йил 1 январда Судан Буюк Британия ва Мисрдан ажралиб чиқиб, мустақилликни қўлга киритганидан кейин кўп миллатли давлат сифатида турли характердаги жиддий қийинчиликларга рўбарў келди. Уларни ҳал қилиш кўп жиҳатдан мамлакат ичида кўплаб халқларнинг консолидация даражасига боғлиқ эди3. Улар орасидан энг муҳими умумдавлат тилини танлашдир. Суданнинг этнолингвистик ранг-баранглиги анъанага кўра суданча диалект деб номланувчи араб халқона-сўзлашув тилини кўплаб кичик миллий умумлашмалар учун этник гуруҳлараро мулоқот ва оғзаки коммуникациянинг кенг спектрини таъминлаш воситаси сифатида илгари суришга маълум даражада имконият яратди. Ҳозирги кунда 14 млн.га яқин одам ундан эркин фойдаланади.
Судан халқона-сўзлашув тилини тўрт гуруҳ локал (ҳудудий) диалектларга ажратиш мумкин: шимолий, Марказий, Ғарбий Судан ва баггар. Суданнинг халқона-сўзлашув тили ҳақида гап кетганида, энг аввало, мамлакатнинг ўн йил ичида (2003 йилда) аҳолиси сони 6-7 млн. кишига етган асосий шаҳри – Хартум4 атрофида жойлашган Марказий Судан диалекти назарда тутилади. Хартум шаҳрида Нил бўйларида ҳамда Шимолий, Ғарбий ва Шарқий Суданнинг ички районларида яшовчи аҳолининг мулоқот воситасига айланган умумсудан койнеси ҳосил бўлади. Мамлакат ҳудудига кириб келган кам сонли араб қабилаларининг она тили қандай қилиб араблар келгунига қадар ҳам мавжуд бўлган ва кўплаб нилот ва зинжан қабилалари яшаган Нубий христиан давлати ҳудудида умумсудан койнесининг шаклланишига асос бўла олганини тушуниш қийин5.
Араб тилининг ушбу ҳудудларда илк тарқалиши бу ерларга араб савдогарларининг, олтин изловчиларининг6 ва ислом миссионерларининг аста-секин кириб келиши билан, шунингдек, буларнинг ортидан Араб ярим оролини тарк этган нисбатан кам сонли араб қабилалари эргашишгани билан боғлиқ. Мисрдан Нил бўйлаб юқорига кўтарилаётиб, улар мамлакатнинг шимолий ҳосилсиз ерларидан ўтишган (шимолда иссиқ чўл иқлими)7 ва Марказий Суданнинг бепоён унумдор ер массивларига чиққанларидан кенг шу ерда ўтроқлашишган. Шу тариқа Суданнинг дастлабки араб мустамлакачилик даври бошланган. Араблар Суданга келганларида бу ҳудуд мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг маркази бўлган. Бу ерда қулай табиий шароитларига ва бой табиий ресурсларига эга бўлган Нубия давлати Алва мавжуд бўлган.
Қизил денгиз орқали кириб келган араб оқими чўлда ҳаёт учун қулай шароитларни топа олмагач, Нил соҳили бўйлаб жойлашди ёки ғарб томонга силжиди. Бу ерда аста-секин нутқ амалиётини акс эттирган иккита тил шаклланди: а) Нил бўйида ўтроқлашган гуруҳлар тили ва б) Ғарбий Судандаги кўчманчи бедуин қабилалари тили.
Марказий Суданда араблар келганидан кейин юзага келган тил вазияти диалектал ва лисоний тафовутларни сақлаб қолишга шароит яратмади. Марказий Судан кенгликларига қадар етиб борган арабларнинг миграция оқимлари бошқа халқлар вакиллари билан аралашиб, мамлакатнинг кўплаб одамлари учун дин тилига айланган ва бир вақтнинг ўзида бутун маҳаллий аҳолининг мулоқот тили вазифасини ўз зиммасига олган тил ташувчиларига айланишди. Ушбу диалект усти койненинг ривожланишида бугунги кунда ҳам мавжуд бўлган турли араб қабилаларининг маҳаллий этник элементлари билан интеграцияси намоён бўлди: шарқ ва шимоли-шарқда беджа (моҳиятан ярим кўчманчилар) билан, Судан шимоли ва Нил дарёси ҳавзаларида нубияликлар билан, мамлакат жанубида тарқоқ яшовчи феллат, нилот қабилалари билан ва ғарбда фур қабилалари билан. Марказий Судандан шимолда жойлашган районларда араб таъсири камроқ сезилади. Мамлакат марказига яқинлашган сари бу таъсир кучаяди. Арабий таъсир кам бўлган ҳудудлардагина нубий диалектлари сақланиб қолган.
Араб диалектларидан бири асосида шаклланган ва турли ҳудудий диалект ва тилларнинг ташувчилари ўртасидаги мулоқотни таъминлайдиган ушбу диалект усти койнеси шаҳарлик, қишлоқлик ва ярим кўчманчи аҳолининг ҳаёт тарзини акс эттирувчи бошқа диалект ва тиллар элементларини ўз ичига олади. Унда чўлдаги ҳаёт реалияларини акс эттирувчи лексик бирликлар деярли мавжуд эмас.
Ушбу ҳолат, энг аввало, араб тили, мусулмон дини ва у билан боғлиқ маданият тарқалган асосий ҳудуд – Марказий Судан ўтроқ аҳолисининг катта қисми ушбу тилда гапириши билан тақозо этилади. Бедуинларга келадиган бўлсак, улар камдан кам кўчманчи қабилалар билан алоқага киришганлар ва ўз тилларида қадимги араб диалектлари меъёрларига яқин кўплаб қирраларни сақлаб қолганлар. Бедуин араб қабилалари маҳаллий қабилалар билан қанча кам аралашган бўлса, уларнинг диалектлари шунча ўз қатлам араб элементларини сақлаб қолган. Мамлакат ҳудудининг катта қисмида унинг роли тан олиниши ушбу диалектга асосий мулоқот воситаси сифатидаги муносабатнинг пайдо бўлишига хизмат қилган. Нубий элементларни ассимиляциялаб, бошқа тиллардан кўплаб лексик бирликлар ва грамматик шаклларни ўзлаштириб, ушбу тилнинг ўзи кичик миллатлар диалектлари ва қатор маҳаллий тилларнинг ривожланиши ва амал қилишига таъсир кўрсата бошлаган.
Суданда шимол ва жануб ўртасида сезиларли этномаданий ва лисоний фарқлар мавжуд. Бу вазиятда асосий сабаблардан бири сифатида суданча кундалик-сўзлашув тилининг шимолда тарқалгани каби жанубда кенг тарқалмаганини кўриш мумкин. Мамлакатнинг жанубий провинцияларида яшовчи негроид халқлар: динка, нуэр ва шиллук халқлари нилот тилларида сўзлашадилар. Судан жанубидаги туб этносларнинг сони 4-5 млн.га фарқланади. Бу ерда 50га яқин тил кузатилади. Жанубий Суданда ҳеч бир бошқа тил оиласи тиллар сонига кўра нилот тилига тенг кела олмайди. Мазкур тил оиласи ғарбий: динка (2 млн.), нуэр (0,8 млн.дан ортиқ), шиллук (0,2 млн.дан ортиқ) ва шарқий: барий (0,5 млн. атрофида), лабук (0,2 млн.) ва қатор майда тилларга бўлинади.
Нубия тоғлари ҳудуди ўзига хос тил турли-туманлиги билан ажралиб туради. Бу ерда унча катта бўлмаган майдонда Африка тиллари гуруҳ ва кичик гуруҳларига мансуб ўнлаб тиллар амал қилади. Ушбу ҳудудни Африка Кавкази деб баъзан бекорга айтишмайди. Аммо Нубия тоғлари тили, эҳтимол, географик ажралганликка кўра этнолисоний ўзига хослигини сақлаган ташувчилари сони билан эмас, балки лингвистик қирраларининг ўзига хослиги билан эътиборга моликдир.
Жанубий провинцияларда араб тилидан ташқари франка лингваси ёки иккинчи (учинчи) тил, яъни этникаро мулоқот тили сифатида динка тили ҳам тарқалган. Араб тилига тўхталадиган бўлсак, жанубнинг турли тилли этнослари ўртасида этникаро мулоқот воситаси сифатида суданча кундалик-сўзлашув тили эмас, балки пиджин-арабик ишлатилади. У қатор структур ўзига хосликларга эга, унинг мамлакатдаги бошқа араб диалектлари орасидаги алоҳида мавқеини белгилаб берган социолингвистик омилларни айтмаса ҳам бўлади. Мазкур пиджин нафақат франка лингваси вазифасида, балки ноараб тил жамоалари аъзолари ўртасидаги норасмий мулоқот учун иккинчи тил сифатида ҳам ишлатилади. Турли нилот қабилалари, феллата ва бошқалар ундан фойдаланишади. Судан жанубидаги провинциал шаҳарларда болалар мактабга чиққунига қадар шу пиджинда гапиришади ва кўпинча уни ўз она тили деб аташади.
Пиджин-арабикнинг она тили сифатида тарқалишига ва аввал устунлик қилган соҳаларидан маҳаллий африка тилларининг чиқарилишига аста-секин мамлакатда амалга оширилувчи ва, нисбий изоляциясига қарамасдан, жанубий провинцияларга етиб борувчи ижтимоий ислоҳотлар ўз таъсирини кўрсатган.
Қишлоқ аҳолисининг провинциал шаҳарларга миграция ҳажмининг ўсиши мамлакат жанубий районларидан шимолий районларига миграция ҳаракати билан тўлдирилувчи жараён бўлиб, у нисбатан қулай яшаш шароитларини излаш билан тақозо этилади8; маълумот даражасининг муайян даражада ўсиши шаҳар аҳолисининг узлуксиз ўсувчи этнотил турли-туманлиги туфайли юзага келувчи кўп тиллиликнинг ўрнига жубий араб диалекти (Жанубий Суданнинг асосий шаҳри диалекти) номи билан машҳур бўлган пиджин-арабик кўринишидаги араб тилининг доминант сифатида амал қилиши учун объектив шароитларни яратади.
Судан тилшуноси аш-Шарифнинг фикрича, араб тилида жубий диалекти сингари араб адабий тилидан бу қадар фарқ қилувчи бошқа тил ҳосилалари мавжуд эмас. Унда лингвистик жиҳатдан жуда кўп ўзига хос қирралар мавжуд бўлиб, улар бу тилни келиб чиқиши нуқтаи назаридан Жанубий Суданда ХIХ аср охирида тарқалган “ҳарбий лингва франка”га кирувчи тил ҳосиласи сифатида тавсифлаш имконини беради.
Маълумотларга кўра, жубий диалектида араб тили фонемалар тизими редукцияга учраган (қисқарган, яъни тишора ва тишорти шовқинли товушлар йўқолган), бўғин тузилиши адабий тилдаги структурадан кескин фарқланади, синтаксис максимал даражада соддалашган. Масалан, феълнинг замон морфологик кўрсаткичлари сифатида ҳаракатнинг ўтган, ҳозирги ва келаси замоналардаги бўлишли шаклини, давомийлик ва такрорланувчанлик хусусиятини ифодалашда битта морфема ишлатилади. Араб тили ва у билан алоқа бўлган африка тилларидан ўзлаштириш ҳисобига шаклланувчи луғат захираси анча чекланган.
Жуба диалекти ягона шаклга эга эмас, унга муайян даражадаги ижтимоий дифференциация хосдир. Юқори ижтимоий қатламлар нутқи шаҳардаги қуйи қатламлар нутқида кам пиджинглашган. Ҳатто пиджин ижтимоий пирамидасининг мавжудлигини ҳам қайд қилиш мумкин. Зеро, бундай пирамида бўйлаб пастга томон силжиш даражасига кўра сўз ўзгартириш кўрсаткичлари оғзаки нутқда турлича намоён бўлади. Улар араб адабий тили ва бошқа судан диалектларининг таъсири кучлироқ бўлган олий ижтимоий қатламларда кўпроқ, араб тили деярли таъсир кўрсатмайдиган қуйи қатламларда эса камроқдир.
Шиллук, динка, нуэр ва бошқа маҳаллий нилот қабилаларининг кўплаб вакиллари ўзаро мулоқотда, бир-бирининг тилини билмаган вазиятларда, кўп ҳолларда, этникаро мулоқотнинг иккинчи тили бўлган динка тилини яхши билсалар ҳам, кўпроқ жубий диалектидан фойдаланадилар. Ноараб этник гуруҳларнинг жубий диалектига муносабати қатор омиллар билан белгиланади. Иқтисодий ва ижтимоий шароитлар тақозоси билан етакчилик қилувчи кўпчиликнинг (йирик гуруҳларнинг) тилини билиш зарурати баъзан нисбатан йирик маданий қўшни билан ассимиляциялашишга онгли интилиш сабабли юзага келади. Мамлакатдаги сиёсий муҳит ва Суданнинг жанубий қисмида ўтказилувчи тил сиёсати жубий диалектининг мамлакатдаги барча жанубий провинциялар ҳудудида кенг тарқалишига имконият яратган ва яратиб келмоқда.
Мустақиллик эълон қилинганидан кейин ҳукумат органлари бутун мамлакатда таълимни унификациялашга интилиб, араб тилини аввал тўлиқсиз ўрта мактабга, кейин эса ўрта мактабга кирита бошладилар. Маҳаллий тилларга тўхталадиган бўлсак, улар икки йил давомида араб тили билан бир вақтда ўргатилган. Ўқитиш учун нисбатан кенг тарқалган саккизта тил танлаб олинган: динка, шиллук, нуэр, барий, лотуко, мору, андуку, занди. 1981 йилда бошланғич ва тўлиқсиз ўрта мактаб 75 %га тўлиқ арабийлаштирилган, маҳаллий тилларнинг ўқитилиши бошланғич мактабнинг бутун даври (яъни тўрт йил)га узайтирилган. Инглиз тили тўлиқсиз ўрта ва ўрта мактабда ўқув фанлари қаторига ўтказилган. Араб олими Хасан Ахмад Юсуфнинг фикрича, ўрта мактабни жанубий провинцияларда тугатган ўқувчилар араб тилини билиши нуқтаи назаридан мамлакат шимолидаги араб тили она тили бўлган ўрта мактаб битирувчиларидан ҳеч ҳам қолишмайди.
Арабча пиджин жанубий провинциялар тил ҳаётига шу қадар чуқур кирганки, 1958 йилда Судан ҳукумати тепасига чиққан ҳарбий режимда ўтказилган араблаштириш сиёсатига (жанубий провинцияларда араб тили иш юритиш ва администрациянинг асосий тили сифатида қаттиқ киритилган) қарши кўплаб жанубий суданликлар норозилик билдириб, араб тилида гаплашишдан воз кечган пайтда ҳам энг кенг тарқалган мулоқот воситаси бўлиб қолаверган.
1973 йилда Жанубий провинцияларга автономлик мавқеи берилиб, араб тили билан бир қаторда инглиз тили расмий тил сифатида эълон қилинган бир вақтда Жубада ва бошқа жанубий провинциал шаҳарларда турли лавозимдаги сиёсий арбоблар расмий топшириқларда ҳам, митинглар вақтида маҳаллий аҳолига мурожаат қилишда ҳам жубий диалектида сўзга чиқишни ўзлари учун қулай деб биладилар. Юқори даражадаги эҳтимол билан айтиш мумкинки, жубий диалекти мамлакатнинг жанубий провинцияларида шаклланувчи ҳудудий койненинг асосидир. У жанубдаги тил жамоалари учун мамлакатнинг шимолий ҳудудларида судан кундалик-сўзлашув тили бажарадиган вазифага ўхшаш вазифани бажариб, истиқболда ҳам сезиларли даражада тарқалиши мумкин.
Араб адабий тилининг Жанубий Судан мактабларида, қисман Жубий университетида таълим тили сифатида ишлатилиши билан бирга унда китобларнинг нашр қилиниши, араб тилида кўрсатувлар олиб бориладиган бошқа араб мамлакатлари ва Хартум радиостнациялари эшиттиришларини эшитиш имконини берадиган транзисторли радиоприёмникларнинг тарқалиши жубий диалектининг кейинчалик ҳам тарқалишининг муҳим омилидир. Жубий диалекти араб адабий тили лексикаси, терминологияси ва грамматик конструкциялари ҳисобига тобора бойиб бормоқда.
Пиджин каби ривожланаётган жубий диалекти, эҳтимол, вақт ўтиши билан мамлакат жанубидаги шаҳар аҳолисининг креол тилига айланади. Мазкур ҳудудлардаги урбанизация жараёни, маҳаллий тиллардан фойдаланишнинг қисқариши билан бир қаторда жубий диалектининг жанубда нафақат араб, балки бошқа этник мансубликка эга болаларнинг биринчи тили сифатида ёйилиши ҳам бунга шароит яратади.
Кўп асрлардан бери ҳозирга қадар Судандаги ягона адабий тил бу араб адабий тилидир. У ёзувга эга тил сифатида нафақат арабларга, балки Суданнинг бошқа халқларига ҳам хизмат қилади.
Суданда араб адабий тили муайян, хусусан, лексик жиҳатдан ҳудудий бўёқдорлиги билан фарқ қилади. Араб адабий тилининг Суданнинг жанубий провинцияларида ишлатилишига тўхталадиган бўлсак, у ҳолда у адабий тилнинг ўзига хос вариативлигига айланади, зеро мазкур кенг ҳудудда у она тилиси африка тилларидан бири бўлган кўплаб инсонлар учун расмий давлат тили сифатида намоён бўлади. Шу орқали унинг Жанубий Суданда амал қилиши унда турли ўзига хос фарқли қирраларнинг пайдо бўлишини қисман изоҳлайди9.
Суданда араб адабий тилининг ягона расмий ва умумадабий тилига айланишида қатор тил тўсиқларидан ташқари бошқача хусусиятга эга бўлган қийинчиликлар ҳам мавжуд. Бу тўсиқлар маълум даражада таълим тизимини молиялаштириш учун етарли воситаларнинг мавжуд эмаслиги, мамлакали ўқитувчи-кадрларнинг етишмаслиги, бошқа араб мамлакатларига нисбатан радиоэшиттириш ва телевидение воситаларининг етарли даражада ривожланмаганлиги билан боғлиқ.
Радио ва телевидение тили масаласига тўхталадиган бўлсак, араб тилидан (энг аввало, адабий тилдан) фойдаланувчи шимолий провинциялардан фарқли ўлароқ, мамлакатнинг жанубий провинцияларида араб тили билан бир қаторда маҳаллий тиллар ва инглиз тили ишлатилади.
Шундай қилиб, Судандаги экзоглосс ва эндоглосс муносабатлар уйғунлиги билан характерланувчи тил вазияти мураккаблиги билан ажралиб туради. У қўлланиш соҳаси тобора кенгайиб бораётган араб тилининг етакчи роли билан номутаносиб бўлган тоифага киритилади. Араб тилининг амал қилиши билан боғлиқ бўлган ягона тиллилик даражаси Марказий Судандан шимол, жануб ва турли африка тиллари устунлик қилувчи ғарб томон10га силжиш даражасига қараб пасайиб боради.
Юқори ижтимоий мавқега эга бўлган бошқа араб мамлакатларидан фарқли ўлароқ, мамлакатда араб адабий тили билан бир қаторда суданча кундалик-сўзлашув тилидан фойдаланилади. У мамлакатнинг шимолий ва марказий провинцияларида араблар учун гуруҳлараро ягона тил ҳисобланади. У мамлакатнинг шимолий провинцияларида тарқалган араблар, нубийлар ва бошқа халқларнинг этникаро мулоқот воситаси сифатида ишлатилади. Суданнинг жанубий ва шарқий қисмларида кундалик-сўзлашув тили шимолдагига нисбатан анча кам тарқалган. Асосан Африка халқлари яшайдиган бу ҳудудларда этникаро мулоқот воситаси сифатида соддалашган жубий араб диалекти кенг қўлланади. Кичик миллатлар тилининг қўлланиш соҳаси аста-секин қисқариб бормоқда, асосан маиший соҳа билан чекланган.
Суданнинг кўплаб районларидаги маълум даражада унчалик юқори бўлмаган урбанизация ва саводхонлик билан, иқтисодиётнинг кўп қатламлилиги билан, этник тарқоқлик билан шартланган тил вазияти билингвизм билан характерланади. Унга қадимий ва кичик шаҳарларда кўчманчи ва ярим кўчманчи қабилалар даражасида кўп тиллилик қарама-қарши қўйилади. Билингвизм, энг аввало, Африка тиллари ташувчилари муҳитида тарқалган. Гарчи суданча кундалик-сўзлашув тилининг ва араб адабий тилининг амал қилишини кенгайтириш жараёни кўп ёки оз даражада мамлакатнинг барча районларига таъсир кўрсатса ҳам, жанубий провинцияларда юзага келган тил вазияти шимолда юзага келган тил вазиятидан анча фарқ қилади, бутун мамлакатда ягона тилнинг шаклланишини қийинлаштиради. Буларнинг барчаси Судан каби мамлакатдаги этнолингвистик ва тил жараёнларининг мураккаблигидан далолат беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |