Солиққа тортиш назариясининг асосий муаммоларидан бири бу солиқ тўловчилар учун оптимал солиқ юкини аниқлаш ҳисобланади. Корхоналарнинг молиявий маблағларидан оқилона фойдаланиш орқали максимал фойда олишдан манфаатдор бўлган иқтисодий агентлар солиқ мажбуриятларида имкон даражада солиқ юкини камайтиришга ҳаракат қилади. Бунда асосан иккита йўл бўлиб биринчидан: иқтисодий фаолиятда таркибий самарадорлик ҳисобидан солиқ мажбуриятларини камайтириш ва иккинчидан солиқ юкини бошқа иқтисодий агентларга ўтказиш йўли билан солиқ юкини камайтириш ҳисобланади. Дастлаб бу масалалар А. Маршалл, П. Самуэлсон, А. Пигу меҳнатларида ўз аксини топган.
Ўзбекистон Республкаси солиқ муеносабатларини тартибга солувчи меъёрий ҳужжат – Солиқ кодексида келтиришича, солиқлар муайян миқдорларда ундириладиган, мунтазам, қайтариб берилмайдиган ва беғараз хусусиятга эга бўлган, бюджетга йўналтириладиган мажбурий пул тўловлари ҳисобланади1.
Демак, солиқлар мажбурий тўловни ифода этувчи пул муносабатларини билдиради. Ушбу муносабатлар солиқ тўловчилар, яъни юридик ва жисмоний шахслар билан солиқни ўз мулкига айлантирувчи давлат ўртасида намоён бўлади. Давлат солиқ муносабатида мамлакатда яратилган ижтимоий маҳсулот қийматини тақсимлаш йўли билан мажбуран давлат бюджетига маблағ тўплаш жараёнига амал қилади2.
Бозор иқтисодиёти шароитида давлат ўзининг ички ва ташқи вазифаларини, ҳар хил ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган маблағларнинг асосий қисмини солиқлар орқали тўплайди3.
Солиқлар бюджет даромадларини шакллантиради, ижтимоий дастурлари учун молиявий асос яратади, солиқ тўловчиларнинг фаолиятини бошқаради, уларнинг барча ресурслардан унумли фойдаланишга бўлган интилишини рағбатлантиради ва нарх белгилашга таъсир кўрсатади. Шунингдек, аҳоли турмуш даражасини тартибга солиб туриши билан бирга солиқ имтиёзлари ёрдамида аҳолининг кам таъминланган қатламларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга таъсир этади.
Маълумки давлат солиқлар орқали иқтисодий жараёнларни тартибга солишдан ташқари ўз функцияларини бажариши учун зарур бўлган молиявий ресурсларга ҳам эга бўлади. Солиқларни жорий этиш, солиқ прогнози орқали давлат бюджети параметрларини тузиш, солиқ йиғилувчанлик даражасини ошириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш давлатнинг мазкур йўналишдаги сиёсатининг асосини ташкил этди. Шунингдек, корпоратив тузилмалар томонидан солиққа тортиш тартибларини танлаш, имтиёз ва преференцияларга мослашиш, шартномаларнинг солиқ оқибатларига таъсирини баҳолаш орқали корпоратив солиқ менежментининг амал қилиши таъминланади4.
Солиқларнинг иқтисодий моҳияти ҳақида тўхталиб ўтар эканмиз албатта солиқларнинг назарий асослари, солиқ назарияси ҳақида иқтисодчи олимларнинг фикрлари ҳақида қуйидагича келтириб ўтиш мумкин:
«Солиқлар, - деб ёзади Д.Рикардо, - ҳокимият ихтиёрига келиб тушадиган ер маҳсулоти ва мамлакат меҳнатининг бир қисмини ташкил этади ва охир-оқибатда улар капитал ҳисобидан ёки мамлакат даромади ҳисобидан тўланади»5. Шу билан Д.Рикардо солиқлар ҳақида ўз фикри билан А.Смит фикрини тўлиқ қўллаб-қўвватлаганининг тасдиғи бўлиб ҳисобланади.
С.Г.Пепеляев «Солиқ – оммавий ҳокимият субъектларининг тўлов қобилиятини таъминлаш мақсадида жисмоний ва юридик шахслар мулкларини бегоналаштиришнинг мажбурийлик, якка тарзда холисона, қайтармаслик, давлатнинг мажбурлаши билан таъминланганлик асосларида ва жазо ёки контрибуция характерига эга бўлмаган қонунда белгиланган ягона шаклидир»6. – деб кўрсатади.
Шунингдек иқтисодчи олим Д.Г.Черникнинг фикрича «Солиқлар – давлат томонидан хўжалик субъектлари ва фуқаролардан қонуний тартибда ўрнатилган ставкаларда ундириб олинадиган мажбурий йиғимларни ўзида акс эттиради»7.
Солиқ тўловчи томонидан тўланган солиқ миқдори билан у истеъмол қиладиган ижтимоий неъматлар ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлиқ мавжуд бўлмайди. Мана шу хусусиятга кўра солиқ нархдан (товар ёки хизматларни ихтиёрий истеъмол қилганлиги учун тўланадиган ҳақ сифатида), рухсатномалар ва воситачилик йиғимларидан фарқ қилади, чунки булар мажбурий ёки ихтиёрий тўловлар ҳисоблансада, бироқ доим ҳукумат томонидан кўрсатилган хизматдан муайян фойда (наф) кўрилиши билан боғлиқдир8.
Кўпгина давлатларнинг, шу жумладан, Ўзбекистоннинг ҳам қонунларида солиқларни белгилаш ва уларнинг ҳажмларини аниқлашда фақат Олий қонун чиқарувчи ҳокимият ёки унинг томонидан ваколат берилган органлар ҳақлидирлар, деб мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзиниг ҳоқиш-истагига қараб янги солиқлар белгилаш ёки уларнинг ҳажмларини аниқлашда ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Тўловларнинг қонуний, очиқ—ойдин хусисиятга эга бўлиши солиқларнинг бош тавсифи ҳисобланади9.
Кўп йиллар мобайнида назарий жиҳатдан солиқлар уч манбадан иборат деб ҳисобланиб булар: ер даромадидан, сармоя даромадидан ва меҳнат даромадидан олинади деб ҳисобланган. Даромадларнинг шу учта манбайига кўра солиқлар сармоя, ер ва меҳнат даромадларидан олинадиган солиқларга ажратиб келинган.
Солиқ тушунчаси иқтисодий категория сифатида давлатнинг пайдо бўлиши ва уни фаолиятининг давомийлиги билан бевосита боғлиқдир. Шу ўринда солиқ категорияси давлатни иқтисодий сиёсати орқали иқтисодий воқелик сифатида юзага чиқишини таъкидлаши лозим. Солиқ тушунчаси тор маънода давлат ихтиёрига солиқ тўловчилардан мажбурий тартибда ундириладиган пул тушумларини ифодалайди10.
Бизга маълумки солиқлар қадим даврлардан пайдо бўла бошлаган. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки солиқлар иқтисодиётнинг асосий манбаларидан бири бўлиб ҳисобланишини қадим давлатчилик пайдо бўлиши билан пайдо бўлган, сабаби ҳарқандай давлат ўз молиявий эҳтиёжларини қондириши зарур ҳисобланар экан албатта унга молиявий манба зарур бўлиб ҳисобланади. Шу аснода давлатчилик пайдо бўлар экан қайсидир маънода солиқларнинг амал қилинганлигини таъкидлаб ўтишимиз мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |