Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2013 йил 4 апрелдаги 100-сонли буйруғига 16-илова
Оилавий поликлиника умумий амалиёт врачининг лавозим йўриқномаси
Умумий қоидалар
1. Умумий амалиёт врачи - умумий педиатр врач, умумий амалиёт врачи - педагог, умумий амалиёт педиатри - педагог (кейинги ўринларда УАВ) - «даволаш иши» («умумий амалиёт врачи»), «педиатрия иши» ихтисослиги бўйича олий тиббий маълумотга эга бўлган дипломли мутахассис бўлиб, поликлиникага бириктирилган аҳолига жинси ва ёшидан қатъий назар кўп ихтисосли бирламчи врачлик тиббий ёрдамини кўрсатиш ва касалликларнинг олдини олиш бўйича тадбирларни ўтказиш ҳуқуқига эга.
2. Умумий амалиёт врачи лавозимига умумий амалиёт врачи дипломига эга бўлган ёки ихтисослиги бошқа бўлган, умумий амалиёт врачи мутахассислиги бўйича дастурни муваффақиятли тугатган ва малакавий тавсифи талабларига мувофиқ сертификат олган врач тайинланади.
3. Умумий амалиёт врачи якка тартибда ёки бошқа врачлар билан биргаликда (гуруҳ амалиёти) ёрдам кўрсатади. Хизмат кўрсатилаётган аҳолининг ижтимоий-демографик таркибидан келиб чиққан ҳолда, врачлар гуруҳига бошқа мутахассислар, шу жумладан ижтимоий соҳа ходимлари қўшилиши мумкин.
4. Умумий амалиёт врачи ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, соғлиқни сақлашга тегишли регионал ва ҳудудий бошқарув органлари буйруқлари ва йўриқнома-услубий хужжатларига ҳамда мазкур йўриқномага амал қилади.
5. Умумий амалиёт врачи оилавий поликлиниканинг бош врачи томонидан, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мос равишда лавозимга тайинланади ва бўшатилади.
2. Умумий амалиёт врачининг вазифавий мажбуриятлари
Умумий амалиёт врачининг вазифалари қуйидагилардан иборат:
6. Бириктирилган аҳолига, алоҳида беморларга, шунингдек бутун оила аъзоларига ҳам, уларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш, профилактика ва тез-тез учрайдиган касалликларни даволаш бўйича хизматлар кўрсатиш.
7. Беморларни ихтисослашган тиббий муассасаларга маслаҳат учун ва ётқизиб даволаш учун ўз вақтида юбориш.
8. Хизмат кўрастилаётган ҳудуддаги аҳолига, стандартларга мувофиқ ва мавжуд жиҳоз ва ускуналардан келиб чиқиб, шифохонагача бўлган шошилинч тиббий ёрдамни кўрсатиш.
9. Хонадонларга ташриф буюриш, хизмат кўрсатилаётган аҳоли орасида касалликлар, шикастланишлар, ногиронлик, ўлимнинг олдини олиш бўйича тадбирлар ўтказиш.
10. Соғлом турмуш тарзини ташвиқот қилиш (оқилона овқатланишни маслахат бериш, кашандаликка, ичкиликбозликка қарши кураш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишнинг афзалликлари).
11. Санитария-эпидемияга қарши тадбирлар мажмуини ташкил этиш ва ўтказиш: профилактик эмлашлар, бириктирилган ҳудуддаги ва уй хўжаликларидаги санитария ҳолатининг умумий назорати, юқумли касалликлар ўчоқларида кузатиш тадбирларини ўтказиш, хизмат кўрсатилаётган ҳудудда эпидемия вазиятини таҳлил қилиш, бириктирилган аҳолини хавфли эпидемияли вазиятлар тўғрисида огоҳлантириш.
12. Ҳомиладорларнинг мунтазам назоратини ташкил этиш, хонадонларда уларнинг патронажини амалга ошириш, зарур ҳолатларда кечикмасдан уларни мутахассисларга йўналтириш, ҳар бир ҳомиладорнинг туғиши учун туғруқдан олдин ДПМ (даволаш профилактика муассасаси)ни тўғри танлаш, туғруқдан кейинги кузатув ва туғруқдан кейинги даврнинг физиологик жараёни тугагач ҳисобдан чиқариш, туғма нуқсонлар ва наслий касалликлар сонини камайтириш.
13. Бириктирилган аҳолини соғлом турмуш тарзига ўргатиш бўйича тадбирлар мажмуини ташкил этиш ва амалга ошириш, шу жумладан:
- ўсаётган авлодни соғломлаштириш;
- оналар ва болалар саломатлиги муҳофазаси;
- исталмаган ҳомиладорликни олдини олиш, оилавий ҳаётнинг этикаси, психологияси, гигиенаси, ижтимоий ва бошқа масалалар;
- ҳомиладорлик, туғруқ ва туғруқдан кейинги давр;
- кўкрак сути билан боқиш;
- тўғри овқатланиш;
- санитария ва гигиена асослари.
14. Ёлғиз қолган, кекса, ногирон, сурункали беморларга ижтимоий ёрдам ходимлари билан ҳамкорликда патронаж ҳамда тиббий-ижтимоий ёрдамни ташкил этиш.
15. Бириктирилган аҳоли ўртасида касалликларни эрта аниқлаш мақсадида профилактика ҳамда мақсадли тиббий кўрикларни, бириктирилган аҳоли (болалар, ўсмирлар, туғиш ёшидаги аёллар, сурункали касаллиги мавжуд беморлар) диспансеризациясини ташкил этиш ва амалга ошириш.
16. Ижтимоий аҳамиятга эга касалликларга (сил, тери-таносил касалликлари, хавфли ўсмалар, ОИВ инфекцияси) қарши кураш бўйича даволаш-профилактика тадбирларини ўтказиш.
17. Аҳолининг касалланишлари ва бириктирилган аҳолининг ишга лаёқатини вақтинчалик ёки турғун йўқотилишига олиб келувчи касалликларнинг сабабини ўрганиш, касалланишлар ва шикастланишларни камайтириш бўйича чораларни ишлаб чиқиш.
18. Тиббий ҳизматларнинг сифати ва самарасини ошириш учун бириктирилган аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишни ташкилий шакллари ҳамда услубларини ривожлантириш ва такомиллаштириш.
19. Вақтинчалик ишга лаёқатсизлик ҳолатлари экспертизасини белгиланган тартибда ўтказиш; Соғлиқни сақлаш вазирлигининг йўриқномасига мувофиқ саломатлиги ва иш лаёқати ҳолати экспертизасини амалга ошириш учун касалларни ВМК ва ВМЭКга йўналтириш.
20. Ҳудудий ДСЭНни аниқланган юқумли касалликлар, заҳарланишлар ва фавқулодда ҳолатлар юзасидан ўз вақтида огоҳлантириш.
21. Бириктирилган аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаии бўйича тадирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун жамоатни кенг жалб этиш.
22. Тасдиқланган ҳисоб ва ҳисобот ҳужжатларини сифатли ва ўз вақтида юритиш.
23. Беморларнинг ҳуқуқларини, шу жумладан бемор ҳақидаги тиббий маълумотларнинг махфийлигини сақлаш.
24. Мавжуд тиббий ускуналар, жиҳозлар ва мулкнинг бутлигини ҳамда самарали ишлатилишини таъминлаш.
25. Туғруқ муассасаси, аёллар маслаҳатхонаси билан доимий алоқани ўрнатиш, хомиладор аёллар, айниқса «хавф» гуруҳига кирувчиларни, назорат қилишда изчиллика риоя қилиш.
26. Туғруқ мажмуасидан чиқарилганидан сўнг биринчи 2-3 кун ичида янги туғилган чақалоқларни тиббий ҳамшира билан бирга хонадонларга бориб кўриш, саломатлик гуруҳини аниқлаш, ўзгаришларни кузатув режасини ва соғломлаштириш тадбирларини тузиш.
27. Болаларни поликлиникада қабул қилиш, уларнинг жисмоний ва асаб-руҳий ривожланишини баҳолаш, тўғри овқатланиш тартиби, рахитнинг махсус ва хос бўлмаган профилактик тадбирларини тайинлаш.
28. Болаларни бошқа ихтисосли врачлар маслаҳатига ва зарур лаборатория текширувларига юбориш.
29. Чақирув бўлган кундаёқ беморлар хонадонига ташриф буюриш, уларга зарур тиббий ёрдамни кўрсатиш, касаллар тузалгунига қадар назоратни амалга ошириш; ҳаётининг биринчи йилида касал бўлган чақалоқни ҳар куни назорат қилиб туриш, зарур ҳолларда болани зудлик билан шифохонага йўллаш учун барча чораларни кўриш. Участкада, қандайдир бир сабаблар билан шифохонага йўлланмаган оғир беморлар тўғрисида бўлим бошлиғига хабар бериш.
30. Участка ҳамшираси билан биргаликда профилактик эмлашларни режалаштириш:
- профилактик эмлашлар режасини бир йилга ва жорий ойга тузиш;
- эмлашларга тиббий қаршиликлари бўлган болаларни назоратга олиш, уларни соғломлаштириш ва келгусида эмлаш;
- эмлашларга узоқ муддатли қаршиликлари бўлган болаларни, вакцинациялаш масаласини ҳал этиш учун иммунологик комиссиясига ҳавола этиш;
- вакцинациядан сўнг асоратлар кузатилиши мумкин бўлган болаларнинг «хавф гуруҳи»ни ажратиш;
- эмланган болаларнинг тиббий назоратини, патронажини амалга ошириш;
- ҳар ойнинг охирида профилактик эмлашлар режасининг бажарилишини таҳлил қилиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |