Жараённинг асосий қонунлари
Модда ва энергиянинг сақланиш қонунлари. Кимёвий технологиянинг асосий жараёнлари тезлиги физика, кимё ва физик-кимёнинг умумий қонунларига бўйсинади. Бу қонунларни маълум бир жараёнга тадбиқ этиш асосида жараённинг назарияси яратилади. Бунда модда ва энергиянинг сақланиш ва ўтказиш ҳамда системанинг мувозанат қонунлари муҳим аҳамиятга эга.
Модда ва энергиянинг сақланиш қонунлари «Жараёнлар ва қурилмалар» фанида алоҳида ўрин эгаллайди. Масалан, қурилмага жараёнда қатнашаётган А, В ва С компонентлар киритилмокда. Ушбу компонентлар газ, буғ, суюқлик ёки қаттиқ ҳолатда бўлиши мумкин. Қурилмада рўй берган жараён натижасида ҳосил бўлган моддалар D ва Е қурилмадан чиқади. Қурилмага кираётган моддаларнинг массавий йиғиндиси қурилмадан чиқаётган моддаларнинг массавий йиғиндисига тенг бўлиши керак. Шунга асосланиб қуйидаги тенгликни ёзиш мумкин:
МА + МВ + МС = МD + МЕ
Бу тенглама моддий балансни ифодалайди.
Қурилмага киритилаётган ёки чиқаётган модда ўзида маълум миқдорда энергия сақлайди. Қурилмага ташқаридан қўшимча энергия киритилиши мумкин. Жараён давомида энергиянинг маълум бир қисми атроф-муҳитга йўқотилади. Энергиянинг сақланиш қонунига асосан қуйидаги тенгламани ёзиш мумкин.
QA + QB + QC + QK = QD + QE + QЙ
бу ерда QA ,QB ,QC - А, В ва С компонентлар билан келаётган иссиқлик миқдори; QD , QE - D ва Е компонентлар билан чиқиб кетаётган иссиқлик миқдори; QK - қурилмага ташқаридан келаётган иссиқлик миқдори; QЙ - атроф-муҳитга йўқотилган иссиқлик миқдори. Бу тенглама энергетик балансни ифодалайди ва иссиқлик балансини билдиради.
Моддий ва иссиқлик баланси тенгламалари технология жараёнларини ўрганишда кўп ишлатилади.
Кимёвий қурилмалар яратиш ва тайёрлаш
Кимёвий технологияда ишлатиладиган қурилмалар қатор талабларга жавоб бериши керак. Аввало, қурилмада маълум бир жараённи амалга ошириш учун кулай шарт-шароитлар мавжуд бўлиши зарур. Бу шароитлар жараённинг турига, қатнашаётган моддаларнинг агрегат ҳолатларига боғлиқ.
Қурилмани бошқариш катта жисмоний меҳнат талаб қилмаслиги керак. Қурилма ишини текшириш ва бошқаришни автоматлаштириш ишлаб чиқаришни бошқаришнинг олий мақсадидир.
Катта ўлчамли қурилмаларни лойиҳалашда уларни ташиш ҳам ҳисобга олинади. Қурилма, машина, асбоб-ускуналарни тайёрлаш материаллари коррозияга чидамли, энергия сарфи кичик, уни текшириш, тозалаш ва созлаш учун қулай ҳамда мустаҳкам бўлиши керак.
Кимёвий қурилмалар тайёрлашда ҳар хил навли пўлатлар, чўянлар, рангли металлар, қотишмалар, нометаллар ишлатилади.
Углеродли пўлатлар учта гурухга бўлинади:
А - механик хоссалари бўйича етказиб бериладиган пўлатлар;
Б - кимёвий таркиби бўйича етказиб бериладиган пўлатлар;
В - механик хоссалари ва кимёвий таркиби бўйича етказиб бериладиган пўлатлар.
Қуйидаги навли пўлатлар тайёрланади:
А гурухи - Ст0, Ст1, Ст2, Ст3, Ст4, Ст5, Ст6;
Б гурухи - БСт0, БСт1, БСт2, БСт3, БСт4, БСт4, БСт5, БСт6;
В гурухи - ВСт2, ВСт3, ВСт4, ВСт5.
Таннархи ва никелp сарфини камайтириш учун қурилмаларни тайёрлашда тежамли - легирланган ва никелсиз пўлатлардан (08Х22Н6Т, 08Х12Н6М2Т, 08Х18Г82Т) фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Коррозияга барқарор ва танқис пўлатни тежаш усулларидан бири – қурилмаларни тайёрлашда икки қатламли фойдаланишдир.
Бунда биринчи қатлам углеродли пўлатдан, иккинчи - ҳимоя қилувчи қатлам эса коррозияга чидамли пўлатдан ёки металл ва қотишмадан таркиб топган бўлади. Кўпинча ҳимоя қилувчи металл сифатида 08Х13, 12Х1810Т, 08Х17Н13M2Т, 06ХН28МДТ навли пўлат ишлатилади.
Юқори босимда ишлайдиган, кўп қатламли идиш ва қурилмаларни тайёрлашда металлни тежаш учун тахталанган ва ўрамли пўлатдан тайёрланади.
Рангли металлар (қўрғошин, мис, алюминий, никелp) пайвандлаш, қалайли, ва қуйма усуллар билан тайёрланадиган, ўртача ва юқори агрессив шароитларда ишлайдиган қурилмалар тайёрлашда ишлатилади.
Коррозион муҳитда ишлайдиган бир қатор кимёвий қурилмаларни ишлаб чиқаришда нометалл материаллардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Бундай материаллар қаторига пластмассалар (винипласт, фаолит, фторпласт), шишали пластиклар, кўмир графитли материал, керамика, композицион материаллар киради.
Умуман олганда кимёвий қурилмаларнинг юзалари қуйидаги усуллар ёрдамида ҳимоя қилинади:
1) Қурилма сирти эмаль, резина, полимер материаллари ва ўтга чидамли материал билан қопланади ёки сурилади; 2) бўяш; 3) изоляция қилиш ишлаш шароити, мақсади ва қурилма турган ўрнига қараб бу усуллардан фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |