ТУТҚУН ҚУШЧА
Олтиндан тўқулғон тор бир қафасда
Ётарди бир қушча доим қайғуда.
Ул ҳар кун шул ҳолда ётғоч қамалиб,
Йиғларди кўб вақт, тинмайин ўксиб.
Бунинг қайғисидан
хабарсиз инсон
Гўёким, бўлиб ул бунга меҳрибон,
Қафаснинг олдидан узмайин ўзин,
Қушчанинг сайрашин кутиб турарди.
Қушчанинг мунгли, ҳазин ноласи,
Тутқинлик қийноғин айтиб йиғлаши
Унга кўб ёқарди, лаззат берарди,
Қувончдан ўйнаб ул, тинмай куларди.
Шул чоқда бу ҳолни узокдан бир қуш
Кўрди-да қушчага деди: — «Бояқиш,
Сени бу тутқинга солғон — сайрашинг,
Эсиздир, оқизма энди кўз ёшинг!
Бу олтин қафаслар ёлғуз сен учун,
Сенинг шул инграган бир товшинг учун.
Сенинг бу инграшинг инсонлар учун
Кенг, тотли, ёқимли турмуш бағишлар.
Сенинг бу фойдангдан кўзларин юмиб,
Қачон бу инсофсизлар қўйиб юборар?!
Қутилмоқ истасанг, сен, ҳеч йиғлама,
Уларга ёлинма, сира индама!
Куч тўпла, куч билан қафасин бузғил,
Куллиқнинг олтинли бўғовин узғил!..»
1918
КЎЗ ЁШЛАРИМ
Қоронғи кун, қора бир тун каби эди бу очун,
Сўнилғон эрди «ёниқ»лар у кеч ичинда бутун.
Бутун жим ўлмиш эди тегра ёқ қоронғидан
Юрак ёниб тепар эрди қўрқинчли қайғудан.
Кўзим ўнгинда келиб тургувчи бузуқ уйлар,
Юракни эзгувчи ул қайғули гўзал мунглар…
Очарди кўзларимни озда юмғали қўймай,
Сочарди ёшларимни бирда тинғали қўймай.
Миямдаги у гўзал эзгу-эзгу умидлар,
Юракда тебранган ул қутли-қутли армонлар
Бари йўқолмиш эди, қайғунинг тегида қолиб,
Юрак ўтида совинган эди ёниб-да ёниб.
Шу чоқ кўринди секин, эзгу қутли, нурли қуёш
Очунга солди кўзин, болқуниб-да кулди юввош.
Бунинг бу кулгисидан тинди кўздаги ёшим,
У қўрқинчли кўринишдан қутулди бу бошим.
1919
ҚАРҒА
Биласизми, қарға қандай бир қушдир?
Севмайдир ёз, севгани-да бир қишдир.
Ул севадир, жонсиз, ўксиз қирларни,
Истайдир ул яна совуқ кунларни.
Совуқ кундан ажраб қолмас ҳеч бир-да,
Совуқликни охтарар ул тун, кунда.
Кдйға кетса, қайға етса совуқлик,
Эргашадир кетидан ул ёруғлик (?).
Қунт қилсангиз,
танирсизлар уларни,
Ёз истамас гўзал қанотларини.
Улар билмас булбул каби ўқишни,
Бари билар кўрганларин чўқишни.
Шунинг учун ул қушларни нетарсиз?
Ёз келгач-да, булбулларни кутарсиз!..
1919
ТИЛ
Мунгли қушим, сайраб-сайраб кел, англат —
Кимлар эрур турк тилини сотғувчи?
Булбул каби сайраб турғон бу тилни
Уялмайин бу ўлкадан отғувчи?!
Болдан тотли, жондан тунуқ туркчани
Тушунмайин хўрлаб-хўрлаб ётғувчи?!
Очунларда бойлигин кўрсатмасдан,
Кимдур бунга: «ёрарми, ёрамас» деган?
Мунгли қушим, унларни қўй, сен сайра,
Турк тилининг донғин чиқар кўкларга!
Қўй уларни, улар йўлдан озсунлар,
Эл ичида бўш-бўғозлиқ сотсунлар.
1920
ЯНА АЛДАДИНГ
(Чиғатой гурунги)
Қўлларингда ушлаб турғон чолғунгни
Бир кўришда «чин чолғу» деб ўйладим.
Ўйладим-да юрагимнинг тегидан
Чин севинчдан турли куйлар куйладим.
Куйларимни секин-секин тинглағоч,
Ёлғондан бир алдабгина йиғладинг!
Йиғладинг-да туруб-туруб узоқдан,
Менга боқиб, бир неча сўз сўзладинг!..
Мен ҳам сенинг узоқлардан мунгланиб,
Айтиб турғон сўзларингни тингларга
Ёнинг сари секин бориб ёношдим,
Ёношдим-да, йўлларимдан одошдим.
Одашмасға қўймадинг, сен алдамчи!
Айладинг, сен, бу кун мани ёлғончи!
Ёш чиқармай, йиғлаб тусли кўрундинг,
«Ол чолғу», деб чин чолғуни ёшурдинг!
Берган чолғунг чолғу
эмас-ку десам,
«Сен, чолғуни танимайсан!» деб кулдинг!
«Чин чолғуни бер ҳозир!» деб қичқирсам,
Кулибгина: «Ўйнолмайсан!» деб сўкдинг!
1920
БИР СЎРОҒ
(… йўлдошимга)
Ўктам юракли ботир йўлдошим,
Эзгу тилакли ёвқур қўлдошим!
Айт менга — нечун қайғулидирсан,
Қайғига ботиб нима ўйларсан?
Бурунғи ҳолинг бу кун қолмамиш,
Қизил юзларинг сўлиб сарғаймиш.
Тоғ каби гавданг, қил каби мучанг
Бурунғи ҳолдан бутун ўзгармиш.
Айт, бунга сабаб кимлар бўлмишлар?
Сени бу ҳолға кимлар солмишлар?
Сен бунга жавоб бирдан бермассан!
Кимлар эканин менга айтмассан!
Майли, айтмасанг менга айтмагил,
Бу сенга сирдир, мендан ёширғил!
Бироқ, эй йўлдош, мен буни кўпдан
Сезганман, сенинг руҳсиз юзингдан…
Сенинг сирларинг менга белгили:
Йиғлағуликдир, эмас кулгили.
Майли, сен, бунга ортиқ қайғурма,
Руҳинг тушириб, умидинг узма.
Бу каби ишлар чоқли бўладир,
Узоқ бормайин битиб кетадир.
Сенга керакдир чидамли бўлмоқ,
Бир озгина чоқ жим кутиб турмоқ.
Шул чоқ сенга кўб кўмак етадир,
Қоронғилиқлар шу кез битадир,
Унгача сен ҳам қайғуриб турма,
Юрган йўлингдан орқаға бурма!
Бу сенга мендан осиғли кенгош,
Қулоғингда тут, сен, буни, йўлдош!
1920
БУЛБУЛҒА
Тинмай тун-кун гул шохида сайраб турғон мунгли қуш,
Айт-чи, сенинг сайрашингни гул ҳам бир оз сезарми?
Сезган чоқда сенинг шундай қизғоничли ҳолингға
Кўмак этиб исларидан бир озгина сочарми?
Сенинг ҳар кун тонг саҳардан эрта туруб, уйғониб,
Очилмаган ғунча узра қўниб ҳамда мунглониб
Айтган бутун сирлар билан оҳларингни тинглағоч,
Яшил япроқ орасидан сенга кулиб боқарми?
Агар англаб барча ишинг кулиб боқса, мунгдошим,
Бахтли сен, бутун умр қайғурмағил, йўлдошим.
Агар сенинг ҳолларингни англамаса, боқмаса:
Оқсун тинмай кўзларимдан сенинг учун қон ёшим…
1920
КИЙИККА
Сўйла, менинг севган гўзал кийигим,
Нечун мунча мендан қочиб, узоқларга тушибсан?
Гўё бу ер сени сиғдирмағондай,
Бориб-бориб шу тоғлиққа қочибсан!
Айтгил менга, эй қоракўз оппоғим,
Кимдир сени бу эркинли дунё ичра қўймаган?
Сенинг йиртқич бир
жонивор эмаслигинг билса-да,
Ким ул сени кўзни юмиб, мундан қўймай ҳайдаган?
Эҳтимолким, сенинг шу хислатингдан
Ҳайдаганлар эрур, бу кенг ерлардан.
Кел, мундан сўнг ўзим ила бирга бўл,
Бирга юриб, бирга туриб, ўйнаб-кул!
Сени сақлаб келғон ушбу тоғларинг
Энди мундан сунгра сира соқлолмас.
Кеча-кундуз «ов» охтариб юрган у оч бўрилар,
Сени қўлға туширгуси, туширмагунча қўймас.
Шунинг учун қўрқма, менга кел яқин,
Ташла мангу вафо қилмас ул тоғин…
Мен сени чин асрагувчи бир тоғман,
Қўрқма энди, кел ёнимға, сени ўзим сақлайман…
1922
ПАРЧА
Қор қаршисида қарға қағирлаб қувончда
Қоқар қанотин, қайғули қолмас қора қишда.
Қот-қот қорини қайғисида қолмаса қорға,
Қоқмасди қанотини қуриқ, қўрққили қарға.
1922
ПАРЧА
Кўкламда кўкарса кўк кўкатлар,
Кўкларга кўмилса катта-катталар,
Кўм-кўк кўкариб кўринса кўллар,
Кўнгилни кўтарса кўркли гуллар…
1921
УЙҒОН, КЎНГЛИМ
Уйғон, кўнглим, уйғон, бир оз юмғон кўзинг очилсун,
Ерда бўлган шу ҳолларни кўруб ёшинг сочилсун…
Ёнғил бир оз ёлқунланиб, эй юрагимнинг ўти,
Чиқсун сенинг ёлқунингдан алангалар кўк сари.
Чиққач унга кўкнинг юзи томуғ каби қизартсун,
Гулдиратсун кўкни ҳамда ёшинларни ёшнатсун.
Чулғаб олсун очиқ қўймай кўкнинг ҳамма теграсин,
Ёқсун қўймай бу кун унинг бутун борлиқ нарсасин.
Тозаласун шу очунни бу қайғили кунлардан,
Қутқарилсун бутун жонвор шу қоронғи кечлардан.
Керак эмас бизлар учун у кўрунган ҳаволар,
Ҳам ердаги оқиб турғон буюк-буюк дарёлар.
Бордир бизда унинг ўрнин қоплайтурғон «чин ҳаво»,
Бордир бизда сув ўрниға оқатурғон чин дарё.
1922
КЕСИЛҒОН УМИД
Кўб чокдан бери севги кўкида
Сен билан ёшаб, сен билан юрдим.
Бахтимнинг қуши талпиниб учқоч,
Қўнар ўрнини юксакда кўрдим.
Кўргач ўйламай, сира тўхтамай,
Бахтим сўнгидан ўкдай югурдим.
Бориб етишгач, ул ўрунга мен:
Бахтимнинг қушин бир гулдан топдим.
Гул очилғонди исларин сочиб,
Нозли қиз каби бағрини очиб.
Қуш ҳам сайрарди кўб севинч билан
Гул бутоғида ўтли ун чекиб.
Гул-да истарди шундай бир замон,
Оҳ!.. Бахтсизлик қўймади омон.
Қушнинг бағриға ўқ
келиб тегди,
Гул бутоғидан тушди-да ўлди.
Кўб чокдан бери тўпланган дардлар
Юракда қолди, умид кесилди.
1922
МУЖДАЛАР
Ел кезар, еллар кезар, еллар кезар,
Эл сезар, эллар сезар, эллар сезар.
Кўркли денгиз сувини ҳар ён урар,
Кайфланар, лаззатланар, даврон сурар.
Ел кезар, еллар кезар, еллар кезар,
Эл кезар, эллар кезар, эллар кезар.
Кучли тоғлар йўлни боғлар, гердаяр,
Ел уларга қўлни чоғлар, эрдаяр.
Тошқин ўлмоқ, интиқом этмак истаган
Тоғлар ортиқ тортишолмас, жим қолар.
Наъра
тортиб ел-да, кетмак истаган
Ёқларига ғолибона от солар…
Ғамли елда, тутқун элда бандилар
Қоп-қоронғу зиндон ичра термилар.
Ел эсар, унлар сари йўртар, елар,
Элтмак истаб эркин элдан муждалар.
Тўхтамас тун-кун юрар, селдек тошар,
Ҳовриқар, тоғлар ошар, сувлар ошар!
Ел кезар, еллар кезар, еллар кезар,
Эл сезар, эллар сезар, эллар сезар.
САҲРОДА
Юлдузлар кўқда порлар,
Саҳро жимгина ухлар.
Тевалар секин-секин
Кўлкадек олға босар.
Тарқалар қўнғироқдан
Бир товуш умид тўла.
Акс этиб кириб узоқдан,
Дерки: «наридан сўра!»
Кўб йўллар ортда қолди,
Кетиш, сурулиш яна.
Мени ким йўлға солди?
Интилиш бор кўнгилда.
Чарчамайди тевалар,
Йўқмидир йўл сўнг-боши.
Сўйлар алланималар
Юлдузларнинг қароши.
КЕЧҚУРУН
Қуёш
секин бекинди
Қаршимдоғи тоғларда.
Борлиқни кўзи тинди
Ёлғиз дам шу чоғларда.
Қир тумон-ла бурунди –
Тоғдан тушди сурувлар.
Ўйноқ қиздек бурулиб
Оқарди пастда сувлар.
Сўнгра кўкни ёритиб
Чиқди сориқ бир чечак.
Оқшом кўнглин овутиб,
Аллаларди шаршарак.
КЎКЛАМ ЧОҒИДА ЯПРОҚЛАР
Кўкарган япроқлар оғочлар узра
Жилмайиб, қувониб яйраб турурлар;
Тўхтовсиз эскучи — кучли шамоллар
Буларни аяшиб, секин урурлар.
Оғочлар ям-яшил япроқлар ичра
Кўмилиб, жимгина пусиб ўлтирар:
Кўкламнинг ёмғури ёққач буларга,
Кўзлардан оққучи ёшдай милтирар.
Ким билур, бу ёшлар балким чинданам
Оғочлар кўзидан чиқиб томадир:
Кўкламнинг бу эркин мазгилларини
Доимий эмасин яхши биладир…
Кузнинг у қоп-қора, совуқ туслари
Балким оғочлара ёмон кўринар;
«Кошки кўрмасайдик!» — деб шу кунларни,
Бояқиш япроқлар ғамдан сарғаяр.
Қайғурмоқ ярашмас, бўшдир қайғурмоқ!
«Кўклам бир келмас», эй гўзал япроқ!..
ТИЛ
Мунгли қушим, сайраб-сайраб кел, англат,
Кимлар эрур Турк тилини сотғучи?
Булбул каби сайраб турган бу тилни
Уялмайин бу ўлкадан отгучи?
Болдай тотли,
жондан азиз туркчани
Тушунмайин, хўрлаб-хўрлаб ётғучи?
Мунгли қушим, уларни қўй, сен сайра!
Турк тилининг донғин чиқар кўкларга!
Қўй уларни, улар йўлдан озсинлар,
Эл ичида бўш бўғузлик сотсинлар!
ҚАЛБИМ
Хаёлим қўлимдан капалак каби
Учқиниб йўқолди, билмадим қайга,
Уни ахтараркан, қалбим назари
Ташланди ялтираб турувчи ойга.
Ҳой, сўйла ой! Менинг хаёлим қайда,
Ё сен ўғирлаб олиб қўйдингми?
Ҳой қалбим, айтгил сен, у қайси жойда?
Ёки сен ҳам ахтаришдан тўйдингми?
Англадим, тушундим, хаёлим менинг
Шу чиройли ойнинг қўйнига қочган.
Балки қалбим сенга, кўзларинг сенинг
Уни кўра олган, ой сирин очган.