Тошонов Р.А. 2015 йил 5 май куни соат 21.30 да уйига маст ҳолатда қайтиб келаётганида, орқасидан уч номаълум эркак кетаётган хотинини кўриб қолган. Уйга келгач, Тошонов Р.А. хотини Тошонова В.Н.дан бу эркаклар кимлигини сўраганида Тошонова В.Н. уларни танимаслигини айтган. Натижада рашк замирида жанжал чиқиб, у муштлашишга айланиб кетди. Тошонов.Р.А қасддан хотинига бир неча бор зарба берган. Натижада хотини Тошонова.В.Н олинган жароҳатлар натижасида шаҳар марказий касалхонасига ётқизилган. Тезкор қидирув ва суриштирув ишлари, тергов ҳаракатлари ҳамда суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, Тошонова.В.Н нинг пастки жағи ичдан сингани аниқланган.
Суд Тошонов.Р.А ни жиноят содир этишда айбдор деб топиб, маошининг 30% ни давлат фойдасига чегириб қолиш шарти билан уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилган.
Мазкур ҳолатга криминологик нуқтаи назардан баҳо беринг. Вазиятдан келиб чиқиб жиноятчи шахсининг криминологик тавсифини ёритиб беринг. Шунингдек, мазкур жиноятнинг содир этилишига олиб келувчи сабаб ва
шарт - шароитларини аниқланг.
Жиноятчилик бу инсониятнинг, жамиятнинг ажралмас бир қисми ҳисобланади. Одам боласи дунёга келганида ўзига хос бўлган хулқ-атвор, характер билан дунёга келади. Кимдир яхшилик қилишга мойил бўлса, яна кимдир ёмонлик қилишга мойил бўлиб туғилади. Бунга бази бир мутахассислар хомила даврида онанинг кучли асабийлашганлиги, атрофдаги инсонлар томонидан кўп руҳий эзилганлиги болада одамларга нисбатан салбий ҳулқ-атвор пайдо бўлишига сабаб қилиб курсатишса, яна бир бошқа гуруҳ мутахассислари эса шахсда бундай хулқнинг пайдо бўлишида жамиятни айблашади. Мисол учун рус мутаффаккири ва демократи А.Н.Радишчев ўзининг “Петербургдан Москвага саёхат” ва “Қонун – қоидалар тўғрисида” номли асарларида жиноятчилик жамият қурилиши хусусияти, россия крепостнойлик тузумининг ижтимоий-иқтисодий шарт шароити билан боғлиқ эканлигини таъкидлаган бўлса, ўша давр социал-утопистлари жиноятчилик сабабларини шахсий мулкнинг мавжудлиги ва адолатсизлик билан боғлаганлар1. Албатта ҳар кимнинг жиноят йўлига киришига битта ҳолат сабаб бўла олмайди. Шахсларнинг жиноят йўлига киришига турли объектив ва субъектив ҳолатлар сабаб бўлиши мумкин. Ана сабабларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш билан криминология шуғилланади.
Жиноятчилик – туғилиш, ўлим, хасталик каби абадий ҳодиса. Жамиятда жиноятнинг илдизини буткул қўпориб ташлашнинг иложи йўқ. Жиноятчилик ҳар қандай жамият ривожининг ҳар қандай босқичида объектив мавжуд бўлган ижтимоий хавфли, ижтимоий-ҳуқуқий ҳодисадир. Шунинг учун инсоният ривожланишининг маълум бир босқичида жиноятчилик бутунлай йўқ бўлади, деб айта олмаймиз.
Шу маънода рус криминолог олими Ю.М. Антонян “жиноятчиликни бутунлай йўқ қилиб бўлмайди, у фақат жамият билан бирга барҳам топиши мумкин”2лигини бежиз таъкидламаган. Жиноятчиликка барҳам бериб бўлмас экан деб қўл қовуштириб ўтириб бўлмайди. Ахир уни сонини камайтириш мумкинку. Жиноятчиликни камайтириш тўғрисидаги илмий тавсияларни ишлаб чиқиш криминологлар олдида турган долзарб масаладир.
Ҳўш криминология ўзи нима? “Криминология” атамаси лотинча
сrimen – жиноят, грекча logos –таълимот сўзларидан иборат бўлиб, ўзбек тилига айнан таржима қилинганда “жиноят ҳақидаги таълимот” маъносини беради. Унинг моҳиятига эътибор берадиган бўлсак, криминология – жиноятчилик, унинг сабаб ва шарт-шароитлари, жиноятчи шахси, жабрланувчи шахси, жиноятлар профилактикасининг моҳияти, хусусияти ва қонуниятларини ўрганувчи, жиноятлар профилактикаси самарадорлигини ошириш чораларини ишлаб чиқувчи ҳамда улар билан жиноятчиликка қарши кураш амалиётини таъминловчи ижтимоий-ҳуқуқий фан3. Жамиятда содир этиладиган жиноятлар бир инсоннинг ҳаётига зомин бўлиши, олиларнинг барбод бўлишига, давлат иқтисодига катта зарар етказиши мумкин эди. Биргина жиноятни олдини олиш нақадар фойдали. Бежиз италян маърифатпарвар олими Монтескъе ҳар қандай ҳокимят жиноят учун жазо белгилашни эмас, балки жиноятнинг олдини олиш тўғрисида ғамҳурлик қилмоғи лозимлигини таъкидлаб ўтмаган. Бундан криминология фанининг аҳамияти нақадар катталигини англаш мумкин. Девиант ҳулқнинг пайдо бўлиш сабаби ва уни олдини олиш йўлларини аниқлаш орқали жамият соғломлашади. Жамият тараққиётига хизмат қилмасдан балки унга тўсиқ бўлувчи меъёрдан оғиш ҳолатлари хам мавжуд бўлиб буни фанда девиант ҳулқ-атвор деб номланади. Жиноят конунчилигида жазонинг мақсади жиноятларни олдини олиш ҳисоблансада, жиноятчиликнинг олдини олиш учун жазонинг ўзи камлик қилади. Унинг сабабларини, ўша жой мухитини ўрганиш лозим.
Энди эса бевосита казусдаги ҳолатга этиборни қаратамиз. Воқеага кўра эр маст холатда рашк мотивида ўз хотинига жарохат етказган.
Демак, шахс тушунчасига тўхталамиз. Шахс – алоҳида киши, ижтимоий-ахлоқий моҳиятни ўзида мужассамлаштирган индивиддир. Шахс – ижтимоий-маънавий, ахлоқий моҳиятни ўзида мужассамлаштирган одамни англатувчи тушунча. Бу тушунча барча ижтимоийгуманитар фанларда ўз предмети нуқтаи назаридан ишлатилади. Шахс ҳақида хилмахил талқинлар бор. Шахс – биофизиологик, ижтимоий, маънавий, ахлоқий ва эстетик фазилат ва хислатларнинг яхлит бир бутунликка айланиши ҳамда муносабатлар тизими билан қамраб олинишидир. Шахснинг шаклланишида қуйидаги омиллар қатнашади: 1) биологик (насл); 2) табиий муҳит; 3) маданий муҳит; 4) ижтимоий тажриба; 5) одамлар билан муносабат.
“Шахс” тушунчаси инсоннинг ижтимоий фойдали меҳнатга муносабатини, инсон ижтимоий ривожланиш учун зарур бўлган хоссаларни шакллантириш учун ўзи устида қандай ишлашини муқаррар тарзда қамраб олади.
Криминология жиноятчи шахсини ўрганишда инсон шахси ҳақидаги қуйидаги умумфалсафий таълимотларга асосланади:
1) инсон шахс бўлиб туғилмайди, балки у шахс сифатида шаклланади (инсоннинг «шахси» туғилганидан сўнг шакллана боради);
2) “шахс” ва “инсон” тушунчалари ўртасида фарқ мавжуд. “Инсон” нисбатан кенгроқ тушунча, “шахс” эса унинг фақат ижтимо-ий хусусиятларини ифодалайди ва инсоннинг ривожланиши давомида аста-секин шаклланади;
3) инсон шахс сифатида бир томондан жамиятдаги ижтимоий муносабатларнинг маҳсулидир, яъни у муайян ижтимоий муҳитда ҳаёт кечиради, ўйлайди, фикр юритади, ҳаракат қилади. Инсон шахси одам пайдо бўлгандан то ҳозирги давргача бўлган инсоният тараққиётининг натижасидир. Шу билан бирга, инсон шахси доимо ҳаракатда ва у ижтимоий муҳит таъсирида ўзгариб боради. Жамият ривожининг ҳар бир босқичида ўша даврдаги ижтимоий муҳит таъсирида шаклланган ижтимоий тоифадаги шахслар яшайдилар.Унинг ижтимоий тажрибаси, билими, дунёқараши, хулқи, хатти-ҳаракати, турмуш тарзи яшаган, яшаб турган ижтимоий муҳитнинг таъсири ва ижтимоий муносабатлар натижаси;
4) инсон шахс сифатида ижтимоий муҳитнинг суст маҳсули эмас, яъни у айни вақтда ўзи яшаётган ижтимоий муҳитга фаол таъсир кўрсатади, уни ўзгартириш қобилиятига ҳам эга;
5) ҳар бир инсон шахси ўз индивидуаллигига эга, яъни инсон шахси индивидуаллиги жиҳатдан бетакрор
6) инсон шахси бу инсоният тараққиётининг маҳсули, у доимо ҳаракатда ва ўзгарувчан.
Энди эса умумий бўлган “шахс” тушунчасидан махсусга қараб харакатланамиз. Кейинги манзил бевосита “жиноятчи шахс” тушунчаси.
Жиноятчи шахси – аввало жиноят субектининг шахсидир. Жиноят қонунчилигига биноан жиноят субъекти уни айнан субъект деб топиш учун зарур кўрсаткичларга эга бўлиши лозим. Бундай кўрсаткичлар учта: жисмоний шахс (жаҳоннинг баъзи бир мамлакатларида юридик шахсларни ҳам жиноят субекти деб топиш имконияти назарда тутилганки, бунга қўшилиш қийин. Мисол учун Хитойда), шахснинг муайян ёшга тўлганлиги (МДҲнинг бир қанча мамлакатлари қонунчилигига кўра 14, 16, 18 ёш, жаҳоннинг баъзи бир мамлакатлари жиноят кодексларига биноан эса – бундан ҳам кичикроқ ёш) ва ақли расолик. Аммо жиноятчи шахсини тавсифлаш учун жиноят субектининг фақат жиноят ҳуқуқий белгилари етарли эмас. Муайян субектнинг жиноят содир этиши фақат жиноят содир этган одам шахси мавжудлигини эътироф этиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Криминология нуқтаи назаридан “жиноятчи” тушунчаси ўз ичига маҳкум (қонунан кучга кирган суд ҳукми асосида жазони ўтаётган шахс)ни ҳам, жиноий қилмиш содир этган шахсни ҳам, жиноий қилмиш содир этиб, қонун асосида жавобгарликдан озод қилинган шахсни ҳам қамраб олади.
Жиноят субектининг шахси одамнинг асосан жиноий хулқ-атвор хусусиятлари билан боғлиқ бўлган бошқа ҳар хил кўрсаткичларини ҳам қамраб олади. Жиноий хулқатвор, юқорида айтиб ўтганимдек, одамни қуршаган борлиқ, муҳит билан белгиланади. Лекин, айни вақтда, у шахснинг муайян майллари, интилишлари, хулқ-атвор мотивлари ва мақсадларини ҳам акс эттиради. Табиийки, одамга қандай салбий хусусиятлар хос бўлмасин, агар у жиноят содир этмаган бўлса, уни жиноятчи деб ҳисоблаш мумкин эмас. Жиноят содир этганлик ҳолати муайян одамни ғайри-ижтимоий шахс сифатида тавсифлайди, лекин унинг мазмун-моҳиятини тўлиқ тушунтириб бермайди. Криминолог олимларнинг жиноятчи шахси схемаси тўғрисидаги баъзи бир муҳим таклифларини келтириб ўтамиз. Р.Душановнинг қайд этишича, жиноятчи шахси – жиноятчининг асосий интеллектуал-маънавий хислатлари, руҳий ва жисмоний ҳолатининг мажмуидир . Жиноятчи шахси тушунчаси ўзига хос равишда жиноятчининг ижтимоий белгиларини ифодалайди, яъни шахснинг “ижтимоий қиёфаси”ни очиб беришга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам криминалистикада шахсга моддий воқейлик нуқтаи назардан – бўйи, қадди-қомати, кўзи, қоши кабиларни тавсифланса, криминлогияда шахсга унинг ижтимоий ҳолатлари орқали таъриф берилади .
Юридик адабиётда жиноятчи шахси деганда, бу инсон шахсининг ижтимоий ҳаётга кўникиш жараёнидаги нуқсон ва камчиликлар, ривожланишидаги бузилиш ва ноқулайликлар натижасидир. Бундай шахс инсон туғилиши билан ёки у яшаш даврида бирданига пайдо бўлмайди, балки аста-секин шаклланади. Шу билан бирга, инсон шахс сифатида ҳаёт кечириш жараёнида у яшайдиган муҳитдаги шароитнинг таъсирида ижтимоий-ижобий ёки ижтимоий-салбий томонга қараб ўзгариши мумкин. Бу эса, жиноятчи шахсини тушунишда, ундаги ғайриижтимо-ий йўналишни шаклланишининг олдини олишда, уни тузалиш йўлига киритиш ва ахлоқан тарбиялаш мумкин эканлигини асослашда муҳим аҳамиятга эга.
Жиноятчиликнинг асосий ва озиқлантирувчи манбалари таркиби ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида мавжуд бўлган қарама-қаршиликлар, ҳодиса, воқеа, жараёнлар ўз-ўзидан жиноий хатти-ҳаракатни келтириб чиқармайди. Балки, унга шахснинг девиант хулқи ва жиноят содир этишга сабаб ва шароит бир вақтда юзага келган холатда ғайри ижтимоий
хатти-ҳаракат юзага келади.
Юқорида девиант хулқ-атвор ҳақида айтиб ўтдик. Энди эса жиноят содир этилишига олиб келувчи сабаб ва шароит ҳақида сўз юритамиз. Жиноятчилик сабаблари – жиноятларнинг содир этилишини тақозо қиладиган, уларни озиқлантирадиган, кўпайишини таъминлайдиган ҳодиса, воқеа ва жараёнларнинг йиғиндиси ҳисобланади. Жиноятчилик шароитлари – жиноятларни бевосита келтириб чиқармайдиган, лекин уларнинг содир этилишига кўмаклашадиган ҳодиса, воқеа ва жараёнларнинг мажмуйи ҳисобланади. Сабаблар, ўз мазмунига кўра, ижтимоий-психологик ҳолатлар бўлса, шароитлар эса иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан юзага келувчи ҳолатлар ҳисобланади. Сабаб ва шароит доимо бир вақтнинг ўзида юзага келиши лозим. Негаки, сабаб бўла туриб ғайриижтимоий қилмишни содир этиш учун шароит бўлмаса, ёки шароит бўла туриб сабаб бўлмаса ҳам ижтимоий хавфли қилмиш содир этилмайди.
Жиноятчилик сабабларини бошқа бир қанча мезонларга кўра таснифлаш учун имконият ва зарурат мавжуд. Биринчидан, жиноятчилик сабабларини манбалари сонига кўра, бир омилли ва кўп омилли сабабларини фарқлаш мумкин. Буни жиноятчилик сабабларини ўрганиш тарихи (масалан, «омиллар» назарияси ёки «хромосомалар» назарияси) кўрсатади. Иккинчидан, сабабларни жиноий хулқ-атвор турлари ва хусусиятига кўра таснифлаш мумкин. Мулкка қарши, зўравонлик, давлатга қарши, транспортга оид, ҳарбий ва бошқа жиноятларнинг сабаблари шулар жумласидан. Учинчидан, жиноятчилик сабабларини улар намоён бўлган соҳаларга кўра таснифлаш мумкин (қишлоқ хўжалик, савдо, қурилиш соҳасидаги, жамоат жойларидаги жиноятлар ва ҳ.к.). Тўртинчидан, жиноятчилик сабабларини жиноят содир этган шахсларнинг белгиларига қараб таснифлаш мумкин (масалан, маҳкумлар орасидаги жиноятчилик, вояга етмаганлар жиноятчилиги, ретсидив жиноятчилик, мансабдорлик жиноятлари ва ҳ.к.). Ниҳоят, жиноятчилик сабабларини жиноят содир этган шахсларнинг айб шаклига кўра таснифлаш мумкин (масалан, муайян соҳада эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноятларнинг сабаблари ва шартлари, муайян соҳада маълум шахслар томонидан қасддан содир этилган жиноятларнинг сабаблари ва шартлари ва ҳ.к.). Мазкур тасниф нафақат назарий, балки амалий аҳамиятга ҳам эгадир, чунки у жиноятчиликка қарши курашиш профилактик чора-тадбирлари тизимини янада аниқроқ ва муфассалроқ ишлаб чиқишга ёрдам беради. Бу жиноятнинг субъектив томонига эътибор берадиган бўлсак, у қасддан содир этилган. Негаки, ғаразли мақсадларда ва қасддан содир этиладиган рашк асосида, аламини олиш учун, жабрланувчиларнинг ножўя қилмишларига жавобан қиморбозлик, гиёхвантлик ва ичкиликка муккасидан кетиш оркасида келиб чиқувчи жанжаллар натижасига кўра содир этиладиган жиноятлар одатда қасддан содир этилади. Мастлик ҳолати одатда жиноят содир этиш учун ягона сабаб бўлиб камдан-кам ҳоллардагина учраб туради. Мастлик ҳолати одатда инсонда ғайриижтимоий хулқнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлади ва биргина кутилмаган ва арзимас сабаб билан ҳам жиноят содир этишга олиб келади. Шахс ва унинг жисмоний дахлсизлигига қарши қаратилган жиноятларда мастлик ҳолати ўзига хос таъсир этувчи омил бўлиб қолади4.
Юқоридаги ҳолат сабаб сифатида жиноят содир этилишидаги сабаб сифатида жиноятчининг хотинининг ортидан уч номаълум эркак кетаётган кўриб қолганлиги деб белгилашимиз мумкин. Маст ҳолатда эканлиги бироз бахсли ҳолат ҳисобланади. Негаки биз уни шароит сифатида хам сабаб сифатида хам бахолашимиз мумкин. Жиноятчиликнинг сабаб ва шароитларини бир-биридан ажратиш жуда ҳам мураккаб бўлиб, фақатгина муайян шахснинг жиноий қилмишини нима келтириб чиқарганини ва нима унинг келиб чиқишига кўмаклашганини аниқлаш мумкин. Агарда эр маст холда шунчаки аёлига тан жарохати етказганида биз бу мастликни жиноят содир этилишининг сабаби деб бахолашимиз мумкин бўлар эди. Юқоридаги холатда эса мастлик жиноий қилмишнинг содир этилишига кўмаклашиш вазифасини бажармоқда. Демак бу холатда жиноятчининг маст эканлиги жиноят содир этилишининг сабаби эмас балки унинг шарт-шароити сифатида бахолашимиз мумкин.
Юқоридагилардан қуйидаги хулосага келишимиз мумкин. Жиноят содир этган шахс девиант хулқ-атворга эга бўлган хисобланиб мастликка берилгани ва арзимаган сабаб билан ўз хотинига жарохат етказгани ҳам буни исботлаб турибди. Бу жиноят маиший турмушда содир этилган жиноят ҳисобланиб бу жамият учун жуда катта хавфни юзага келтиради. Чунки онасини калтаклаган отани кўрган фарзанд эртага буни ўз ҳаётида такрорламайди деб ҳеч ким айта олмайди. Ретцидив жиноятчиларнинг аксарияти айнан шундай оилада тарбия топган ҳисобланади.
Жиноятнинг сабаби сифатида рашк мотивининг пайдо бўлишига олиб келган хотининг орқасидан уч эркакни кўриб қолганлиги сифатида бахолаймиз. Жиноятчининг маст эканлигини эса жиноят содир этишга шароит сифатида баҳолашимиз мумкин.
Foydalanilgan adabiyotlar ro’yxati
1. Kriminologiya; Darslik / Z.S.Zaripov, Y.S. Po’latov, G. A. Avanesov va boshq.: Prof. Z.S. Zaripov tahriri ostida. – T.: O’zbekiston Respublikasi IIB Akademiyasi, 2006. 471-B;
2. Ismailov I. Kriminologiya.Umumiy qism” IIB oliy ta’lim muassasalari uchun darslik / I. Ismailov, Q.R. Abdurasulova, I. Y. Fazilov; Mas’ul muharrir Sh.T. Ikramov. – T.:O’zbekiston Respublikasi IIb Akademiyasi, 2015. 272-B;
3. M. Usmоnаliеv Jinоyat huquqi. Umumiy qism. Оliy o`quv yurtlаri uchun dаrslik.—T., «Yangi аsr аvlоdi», 2005, 662 bеt;
4. Сахаров А.Б. Криминология и профилактика преступления. Учебник для ВУЗов МВД, 1989. – 105-б.
Do'stlaringiz bilan baham: |