8.7. ҲУҚУҚИЙ НИГИЛИЗМНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШ МАСАЛАЛАРИ
Ҳуқуқий нигилизм жамият ҳуқуқий тараққиётининг тизимли ҳамда мақсадга мувофиқ ривожланишига жиддий хавф туғдирувчи ҳамда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг юксалишига тўсиқ бўлувчи салбий ҳодисалардан биридир. Бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий нигилизм ҳолатларининг олдини олиш масаласига устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Уни мумкин қадар камайтиришнинг махсус воситаларига: қабул қилинаётган қонунларнинг лозим даражадаги сифатини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, суднинг ролини ошириш ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга ошириш, аҳолини ҳуқуқий тарбиялаш, юридик таълим ва тарбияни давр талаблари билан мувофиқ ҳолатга келтириш кабилар киради. Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими барча субъектларининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича изчил иш олиб бориш лозим. Бевосита мақсад – қонуний хулқ-атворга, шу жумладан фуқароларнинг қонуний хулқ-атвори, юристлар ва бошқа давлат хизматчиларининг ўз ваколатларини амалга ошириш жараёнида юридик аҳамиятга молик вазиятларда касбий фаоллигига эришишдир.
Шу жиҳатдан олганда, мамлакатимизда давлат идоралари, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида қатор институтлар ва марказлар фаол иш олиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика юристлар малакасини ошириш маркази, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси, Тошкент давлат юридик университети кабилар шулар жумласидандир.
Мамлакатимизда шахс ҳуқуқий онги ва маданиятини, унинг ҳуқуқий фаоллигини, ҳуқуқий таълим ва тарбия тизимининг мустаҳкам қонунчилик асосларини белгиловчи қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш зарур.
Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этиш жараёнида олиб борилаётган ислоҳотлар ижтимоий муносабатларнинг, шу жумладан, шахс – жамият – давлат муносабатлари тизимининг мазмун ва моҳиятини муайян даражада ўзгаришига олиб келганлигини қайд этиш жоиз. Айниқса, давлат ва жамият ишларини бошқаришда фуқароларнинг иштироки доирасининг кенгаяётганлиги, бунда фуқаролик жамияти институтлари, яъни сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг ҳам шахс сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини кафолатловчи, ҳам давлат ҳокимияти ва мансабдор шахслар устидан жамоат назоратини ўрнатувчи тузилма сифатидаги ўрни ва аҳамияти ошиб бораётганлигини кузатиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |