“Сервис” илмий-амалий журнал
2020 йил 4-сон
62
Яшаш минимуми жуда муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Ундан энг кам иш ҳақи,
пенсия ва нафақаларни белгилаш, давлат ва маҳаллий бюджетларни ҳисоб-китоб қилиш
ҳамда ижтимоий дастурларни ишлаб чиқишда кенг фойдаланилади.
Ўзбекистон 2019 йилда глобал очлик индексида 10,7 балл тўплаб, дунѐ
мамлакатлари ўртасида 49-ўринда қайд этилди.
Глобал очлик индексини ҳисоблашда ҳар бир мамлакат учун тўртта кўрсаткичдан
фойдаланилади: тўйиб овқатланмаслик: аҳолининг тўйиб овқатланмайдиган улуши (яъни
озиқ-овқат калориясининг пастлиги ҳолатида); болаларнинг тўйиб овқатланмаслиги: тўйиб
овқатланмайдиган беш ѐшгача бўлган болалар нисбати (яъни, тўйиб овқатланмаслик
натижасида улар бўйининг тана вазнига мос келмаслиги); болалар ўсишидаги кечикишлар:
ўсишдан кечикаѐтган беш ѐшгача бўлган болаларнинг нисбати (яъни, болаларнинг ѐшига
нисбатан ўсишдан кеч қолаѐтганлиги, уларнинг сурункали равишда тўйиб
овқатланмасликларини кўрсатади); болалар ўлими: етарлича овқатланмаслик ва носоғлом
муҳит каби омилларнинг натижаси сифатида беш ѐшгача бўлган болаларнинг ўлим
даражаси.
Тадқиқотлар давомида глобал кўламда сўнгги ўн йилликда кузатилган энг юқори
кўрсаткичга таянилган ҳолда, 100 баллик шкала бўйича тўрттала кўрсаткичнинг ҳар бири
баҳоланади. Агар мамлакат 0 ва 10 балл оралиғида балл тўплаган бўлса, бу мамлакатда
"очликнинг паст даражаси" кузатилади. Тўпланган баллар 10 ва 19,9 балл атрофида бўлса
бу "ўртача очлик", 20 баллдан 34,9 баллгача бўлса - "очликнинг юқори", 35 баллдан 49,9
баллгача бўлса "очликнинг критик" даражасини кўрсатади. Тўпланган баллар 50 ва ундан
юқори бўлса, бу мамлакатда очлик даражаси "ҳалокатли" кўламда эканлигидан далолат
беради.
Камбағалликни шунчаки ажратилаѐтган нафақаларни кўпайтириш, янги иш
ўринларини яратиш, аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш, тадбиркорлик
субъектларига берилаѐтган кредит маблағларининг миқдорини кўпайтириш орқали
камайтириб бўлмаслигини ўтган йиллар тажрибаси яққол кўрсатиб турибди. Хусусан,
мамлакатимизда сўнгги 3 йил ичида тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредит
маблағлари сўнгги 30 йил ичида ажратилган маблағлардан анчагина кўп бўлсада, бу
ўзининг етарлича ижобий таъсирини бермади. Бизнинг фикримизча, бу ўринда энг катта
эътибор берилиши лозим бўлган жиҳат - бу инсонларнинг иқтисодий тафаккур
даражасидир. Инсонларда ўз ҳаѐтларини яхшироқ қилиш ва ривожлантириш истаги
бўлиши керак. Улар ўзларини ҳимояланган ҳис қилишлари ва мол-мулкларининг йўқ
қилиниши, ҳукуматга яқин амалдорлар ѐки ишбилармонлар томонидан олиб қўйилишидан
қўрқмасликлари керак.
Камбағаллик тўғрисида фикр юритар эканмиз, камбағаллик ва қашшоқликни
тавсифлашда "камбағаллик тузоғи" деб аталувчи механизм мавжуд эканлигини айтиб
ўтишимиз лозим. Бир қатор "камбағаллик тузоқлари" мавжудки, инсон улардан исталган
бирининг домига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Қуйида улардан баъзи бирларини келтириб
ўтамиз:
- қашшоқ мамлакатда туғилиш ва истиқомат қилиш;
- қишлок ҳудудларида туғилиш ва истиқомат қилиш;
- эрта ѐшда фарзанд кўриш ва кўп болали оилалар;
- камбағал оилада дунѐга келиш ва яхши таълим олмаслик;
- узоқ муддат давомида паст ҳақ тўланувчи ишда ишлаб келиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |