Тадқиқотлар методологияси. Илмий мақолада кўтарилган муаммони атрофлича
таҳлил қилиш, таҳлил натижаларини тизимлаштириш асосида илмий асосланган хулоса ва
тавсиялар ишлаб чиқишда илмий абстракция, диалектик тадқиқот, индукция ва дедукция,
мақсадли ривожлантириш, монографик кузатув, тизимли ва қиѐсий таҳлил, график
тасвирлаш, эксперт баҳолаш ва иқтисодий статистик каби усуллардан кенг фойдаланилди.
Таҳлил ва натижалар. Камбағаллик чегараси инсоннинг фақат энг муҳим бўлган
бирламчи озиқ-овқат, кийим-кечакларни сотиб олиш ва истиқомат қилиш учун етарли
бўлган даромадларнинг минимал миқдорини ифода этади. Жамият ривожланиши билан
ҳаѐт учун зарур буюм ва хизматлар мажмуи кенгая борсада, лекин юқорида тилга олиб
ўтилган усул ўз моҳиятини йўқотганича йўқ. Бирор бир шахс ѐки оилани камбағаллар
тоифасига киритиш уларнинг нимага эгалик қилишларига кўп жиҳатдан боғлиқдир.
Мазкур усулдан фойдаланган ҳолда мутлақ камбағаллик даражасини ўлчашимиз мумкин.
Нисбий камбағаллик дейилганда бирор бир шахс ѐки оиланинг жамиятда қабул
қилинган муайян турмуш даражасини таъмин эта олмаслик ҳолати тушунилади. Нисбий
камбағаллик инсоннинг бошқа одамларга нисбатан қанчалик даражада камбағал
эканлигини кўрсатади. Кўпчилик ҳолатларда инсонлар ҳаѐтий зарур неъматлар билан
таъминланган бўлсаларда, жамиятда таркиб топган турмуш андозаси даражасида кун
кечира олмайдилар.
Камбағаллик борасида янада аниқроқ таъриф Жаҳон Банки томонидан берилган
бўлиб, унга кўра камбағаллик чегараси 2015-йилдан бошлаб, кунига 1,25 доллардан 1,90
долларгача кўтарилган. Кунига 3,20 долларга кун кечириш ўртача даромадга эга бўлган
мамлакатлардаги камбағаллик чегарасини акс эттирса, кунига 5,50 долларга кун кечириш
ўртачадан юқори даромадга эга бўлган мамлакатларда камбағаллик чегарасини аниқдашда
асосий мезон ҳисобланади. Бу ҳақда, Жаҳон банкининг ҳар икки йилда бир маротаба эълон
қилинувчи маърузасида сўз юритилади. Жаҳон банкининг берган маълумотларига кўра,
Ўзбекистон аҳоли жон бошига тўғри келувчи миллий даромад ҳажми бўйича ўртача
даромадли мамлакатлар қаторига киради ( аҳоли жон бошига тўғри келувчи ўртача миллий
даромад мамлакатимизда 2018 йилда 1533 долларни ташкил этди) [5].
Европа Иттифоқи мамлакатларида агар инсоннинг даромадлари ўзи истиқомат
қилаѐтган мамлакатдаги ўртача иш ҳақининг 60 фоиздан камроқ қисмини ташкил этса, у
камбағал инсонлар сирасига киритилади. Дунѐнинг кўпчилик мамлакатларида
камбағаллик чегараси дейилганда, яшаш минимумидан паст даражадаги даромад чегараси
тушунилади.
Яшаш минимуми – инсон саломатлигини сақлаш ва унинг ҳаѐтий фаолиятини
таъминлаш учун зарур бўлган озиқ-овқат, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларнинг
энг кам тўпламларини, шунингдек мажбурий тўловлар ва йиғимларни ўз ичига олган
истеъмол саватчасини қиймат баҳосини ифода этади. Бошқача қилиб айтганда, яшаш
минимуми инсоннинг энг зарурий эҳтиѐжларини қондира олмайдиган ѐки камбағаллик
кашшоқлик билан алмашинувчи чегарани акс эттиради.
Содда қилиб айтганда, истеъмол саватчаси - бу, муайян вақт давомида инсон ҳаѐти
ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг энг
кам тўпламидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |