Аввало, у аҳолининг миллий-тарихий турмуш ва тафаккур тарзидан, халқ анъаналари ва урф-одатларидан келиб чиқади.
Иккинчидан, Республикадаги ўзига хос демографик вазият - ғоят муҳим хусусиятлардан биридир.
Учинчидан, Республиканинг яна бир хусусияти - миллий таркибининг ўзига хослигидир.
Тўртинчидан, Республика қулай геостратегик мавқега эга.
Бешинчидан, Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга ошириш йўллари ва ёндашувларини танлашга табиий-иқлим шароитларининг ўзига хослиги белгиловчи таъсир ўтказмоқда.
Олтинчидан, Ўзбекистон Республиканинг сиёсий ва иқтисодий мустақиллигини ҳимоя қилиш имконини берадиган етарли потенциалга эга.
Еттинчидан, кейинги ўн йиллар мобайнида маълум қадриятларга эга бўлган кишиларнинг муайян ижтимоий онги шаклланганлигини ҳам эътиборга олмаслик мумкин эмас.
6. Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган тадрижий ислоҳотлар сиёсати ва халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли Ўзбекистон мустақиллик йилларида улкан натижаларга эришиб, изчил тараққий этиб бормоқда.
Гарчи юртимиз ўзининг навқирон 24 ёшини қарши олаётган бўлса-да, ана шу қисқа муддатда янги муваффақиятларни, юксак марраларни забт этаётир. Уларнинг ҳар бири, айниқса, дунё жадал ўзгариб бораётган, бутун бошли минтақалар сурункали низолар ўчоғи ва қонли тўқнашувлар гирдобида қолган бир даврда жуда аҳамиятлидир.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон мураккаб геосиёсий шароитда мамлакатда қарор топган барқарорлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришаяпти, ижтимоий соҳа ривожланмоқда, таълим ва тиббиётни равнақ топтириш ҳамда қишлоқни янада обод қилишга катта миқдорда инвестиция йўналтирмоқда. Бу натижалар, таъбир жоиз бўлса, осмондан тушган эмас. Ҳар бир муваффақият, ҳар бир марра замирида мамлакатимиз раҳбари атрофида бир тану бир жон бўлиб жипслашган, ислоҳотларни рўёбга чиқариш йўлида юксак масъулият ҳисси билан яшаётган халқимизнинг заҳматли меҳнати мужассам.
ИСЛОҲОТ САМАРАЛАРИ
Жаҳон молиявий инқирози ва сайёрамиз иқтисодиётидаги беқарорликка қарамасдан, Ўзбекистон барча жабҳада қўлга киритаётган ютуқлари билан дунё ҳамжамиятини ҳайратда қолдириб келмоқда.
Гап шундаки, салкам 24 йил мобайнида мамлакатимиз иқтисодиёти ва унинг етакчи тармоқларида жадал ривожланишга эришилди. 2014 йил якунларига кўра, ялпи ички маҳсулот 8,1 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,3 фоиз кўпайди. Капитал қурилиш қарийб 11 фоиз, чакана савдо айланмаси ҳажми эса 14,3 фоиз ўсди. Эътиборлиси, жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам ўсиш суръатларининг ижобий тенденцияси сақлаб қолинди, ялпи ички маҳсулот 7,5 фоиз ортди. Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, Жаҳон банки томонидан эълон қилинган, харид қобилияти бўйича ҳисобланадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмига қараб аниқланадиган иқтисодий ривожланиш борасидаги янгиланган рейтингда Ўзбекистон дунёнинг 190 та давлати орасида 2010 йилдаги 72-ўриндан 66-ўринга кўтарилди.
Бу кўрсаткичлар, натижалар мамлакатимиз раҳбари йигирма йилдан олдинроқ бошлаган ислоҳотларнинг меваси, албатта. Ўша вақтларда, мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон ўз олдига ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш, очиқ сиёсат олиб бориш, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш мақсадини қўйган эди. Президент Ислом Каримов кейинчалик бутун дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб ном олган стратегия асосида давлат ва жамият қурилишининг беш тамойилини илгари сурди. Биз бугун ўша даврларда бошланган ва ҳозирги кунга қадар босқичма-босқич амалга ошириб келинаётган ислоҳотларнинг оламшумул самараларига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Мамлакатимизни эса келажакда янада фаровон ҳаёт кутмоқда. Буни нуфузли халқаро ташкилотлар прогнозлари ҳам тасдиқлайди. Хусусан, Халқаро валюта жамғармасининг республикамизга яқинда ташриф буюрган миссияси ўз фаолияти якунлари бўйича тарқатган пресс-релизида шундай дейилади: “Келгуси истиқбол ҳақида сўз борганда, шуни айтиш керакки, 2015 йилда иқтисодий ўсиш, кутилганидек, юқори бўлади. Бунга яқинда қабул қилинган саноат ва инфратузилмани модернизация қилиш, шунингдек, таркибий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда иқтисодиётда давлатнинг ролини камайтириш имконини берадиган хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарув дастурлари самарасида эришилади”.
Do'stlaringiz bilan baham: |