188. Чет эл фукаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган болани фарзандликка олиш тартиби қандай?
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган болани фарзандликка олишда ҳам Оила Кодексининг 151 — 167-моддаларининг талабларига риоя қилиниши лозим (ушбу моддаларни тўлиқ ўқиб чиқиш керак).
189. Қайси ҳолатларда далолатнома ёзувларини қайд этиш рад қилиниши мумкин?
Қоидаларнинг 9-банди. Далолатнома ёзувларини қайд этиш қуйидаги ҳолатларда рад қилиниши мумкин:
1) агар далолатнома ёзувини қайд этиш қонунчиликка зид бўлса;
2) агар тақдим этилган ҳужжатлар уларга нисбатан ушбу Қоидаларда ва бошқа қонун ҳужжатларида қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлмаса;
3) агар далолатнома ёзувини қайд эттириш учун мурожаат қилган шахс бунга ҳуқуқли бўлмаса ёки суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса.
Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини қайд этиш рад қилинган шахснинг талабига кўра ФҲДЁ органи ўн беш кун муддатда ушбу шахсга ёзма ёки электрон шаклда рад этиш сабабини маълум қилиши лозим.
190. ФҲДЁ органлари ходимлари кимларга нисбатан далолатнома ёзувларини қайд этишга ҳақли эмас?
Қоидаларнинг 12-банди. ФҲДЁ органлари ходимлари, шунингдек консул ўзи, эри ёки хотини ўзининг ва унинг қариндошлари (ота-оналари, болалари, неваралари, боболари, бувилари, туғишган ака-ука, опа-сингиллари) тўғрисида далолатнома ёзувларини қайд этишга ёки уларга тегишли ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритишга ҳақли эмаслар.
Бундай ҳолатларда далолатнома ёзувларини қайд этиш ёки уларга ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш бўйсуниш тартибида юқори органнинг ёзма кўрсатмаси асосида бошқа ходим томонидан ёки бошқа ФҲДЁ органида амалга оширилади. Далолатнома ёзувларининг «Белгилар учун» устунига бу тўғрида тегишли ёзув киритилади.
191. 16 ёшдан ошган, туғилиши қайд этилмаган шахсларнинг туғилганлигини қайд этиш тартибини айтиб беринг?
Белгиланган муддатнинг ўтиб кетганлиги туғилганликнинг қайд этилишига тўсқинлик қила олмайди. Бунда, ўн олти ёшгача бўлган боланинг туғилишини қайд этиш учун ФҲДЁ органига туғилишни қайд этиш муддатини ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилган ариза боланинг ота-онаси, ота-онанинг қонуний никоҳи мавжуд бўлган ҳолларда улардан бири ёки ишончнома асосида бошқа манфаатдор шахс, ота-онанинг ўрнини босувчи шахс ёхуд васийлик ва ҳомийлик органларининг мансабдор шахслари томонидан тақдим этилади.
Бундай ҳолларда ФҲДЁ органи туғилиш фактини тасдиқловчи ҳужжатга қўшимча равишда қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа ҳужжатларни ҳам талаб қилади. Агар туғилганликни қайд этиш тўғрисидаги ариза белгиланган муддатдан ўтказилиб берилган бўлса, туғилиш туғилганлик тўғрисидаги далолатномаларни қайд этиш жорий рўйхатга олиш дафтарига қайд этилади, бола тўғрисидаги маълумотлар: фамилияси, исми, далолатнома ёзуви тартиб рақами, санаси боланинг ҳақиқий туғилган йилидаги ҳамда жорий йилда юритилган Алфавит дафтарларга ёзиб қўйилади.
Ўн олти ёшгача бўлган боланинг туғилишини қайд этиш учун ФҲДЁ органига туғилишни қайд этиш муддатини ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилган ариза (17-илова) ва қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади: боланинг туғилганлиги ҳақида тиббий маълумотнома; боланинг соғлиғи тўғрисида маълумотнома; боланинг таълим олаётганлиги тўғрисида маълумотнома; тегишли ФҲДЁ архивидан ушбу болага нисбатан туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги тўғрисида маълумотнома.
Do'stlaringiz bilan baham: |