177. Қачон фарзандликка олиш вужудга келади?
ОК 167-м. Фарзандликка олинган боланинг туғилишини қайд этиш дафтарига зарур ўзгартиришлар киритилган кун - фарзандликка олишнинг вужудга келган вақти ҳисобланади.
178. Қайси ҳолатларда васийлик ва хомийлик тайинланади?
Васийлик ўн тўрт ёшга тўлмаган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида белгиланади.
Ҳомийлик ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомала лаёқати чекланган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида белгиланади. Соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ва ўз мажбуриятларини бажара олмайдиган вояга етган муомалага лаёқатли фуқароларга бу шахсларнинг илтимосига кўра ҳомийлик белгиланиши мумкин.
Васийлик ва ҳомийлик туман, шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланади.
179. Патронат тушунчасини айтиб беринг?
ОКнинг 194-моддасида, Оилага тарбияга бериладиган болалар (патронат) тушунчаси берилган.
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болалар, шу жумладан тарбия ва даволаш муассасаларида, шунингдек аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаларидаги болалар оилага тарбияга берилади.
Болаларни оилага тарбияга олишни истаган шахс васийлик ва ҳомийлик органлари билан келишилган ҳолда болаларни олдиндан танлаб олади.
Болаларни оилага тарбияга бериш уларнинг хоҳишини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Ўн ёшга тўлган болаларни уларнинг розилиги билан оилага тарбияга бериш мумкин.
Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишув васийлик ва ҳомийлик органлари билан тутинган ота-она ўртасида тузилади.
Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувда болаларни таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш, тарбияга олган тутинган ота-онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, васийлик ва ҳомийлик органларининг болаларни тарбияга олган оилага нисбатан мажбуриятлари, шунингдек бундай келишувни бекор қилиш асослари ва оқибатлари кўрсатилиши керак.
Келишув тузилишидан олдин болани тарбияга олаётган шахснинг турмуш шарт-шароитлари ва оила аъзоларининг соғлиғи текширилади.
Болаларни оилага тарбияга беришда васийлик ва ҳомийлик органлари уларга бир йўла кийим-бош ва пойабзал беради, болани оилага тарбияга олган шахсга эса, оилага тарбияга олинган боланинг таъминоти учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ҳар ойда нафақа тўлаб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |