САНОАТ КОРХОНАЛАРИНИНГ ДЕБИТОР КАРЗДОРЛИГИНИ БОШКАРИШ.
Моҳиятига кўра дебиторлик қарзи ва олдиндан тўлов бир-бирига жуда яқин. Дебиторлик қарзида сотувчи товарни бериб, харидордан аванс кўринишида товар учун шартномада белгиланган сумманинг бир қисмини олади, айни у дебиторлик қарзини юзага келтиради. Ва аксинча, товар харидори сотиб олинаётган товар учун сотувчига аванс ёки олдиндан тўлов тўлаб, товарни олганидан кейин сотувчи билан қолган сумма бўйича ҳисоблашади. Бунда олдиндан тўланадиган тўлов миқдори ва товарни етказиб бериш муддати сотувчи билан харидор ўртасида тузиладиган шартномада қайд этилади. Сотувчи билан харидор ўртасида тузилган шартнома бузилиб, харидор олган товар ҳақини ўз вақтида тўламаса, сотувчида дебиторлик қарзи юзага келади. Харидор шартномани бажармаган тақдирда у суд орқали сўндирилади. Аслида ҳаммаси ана шундай бўлиши керак.
Ҳақиқатда эса Ўзбекистонда муддати ўтиб кетган дебиторлик қарзи даражасини ва олинадиган товар учун олдиндан тўлов миқдорини давлат белгилайди. Чунончи, 1995 йил 12 майдан бошлаб (12.05.1995 йилдаги ПФ-1154-сон Фармон):
корхоналарга етказиб бериладиган маҳсулот қийматининг камида 15 фоизи олдиндан тўланмаса, маҳсулот жўнатиши тақиқланган;
маҳсулотлар амалда жўнатилган кундан бошлаб 90 кун ўтгандан кейин, етказиб берилган маҳсулотлар учун маблағлар келиб тушмаганлиги муддати ўтиб кетган дебиторлик қарзи деб ҳисобланади.
Шу билан бир вақтда айрим соҳалар ва маҳсулотлар учун олдиндан тўловнинг юқорироқ миқдорлари ва бошқа чекловларни назарда тутувчи қоидалардан истиснолар ҳам қилинган:
нефть маҳсулотларини сотувчилар учун (ВМнинг 19.05.2003 йилдаги 225-сон қарори),
юридик шахсларга газ сотувчилар учун (ВМнинг 26.05.2005 йилдаги 132-сон қарори),
алкоголли ва тамаки маҳсулотларини сотувчилар учун (ВМнинг 23.09.1999 йилдаги 444-сон қарори),
ташқи савдо операцияларини амалга оширишда (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон қарори) ва б.
Бунда қонун ҳужжатларига мувофиқ жуда қаттиқ маъмурий ва моддий жавобгарлик чоралари, ҳатто жиноий жавобгарликка тортиш чораси қўлланилади (12.05.1995 йилдаги ПФ-1154-сон Фармон; ВМнинг 19.07.1999 йилдаги 347-сон қарори ва б.).
Дебиторлик қарзи бўйича ушбу барча чекловлар ва олдиндан тўлов миқдорлари ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида мажбурликдан жорий этилган эди. Иттифоқнинг парчаланиши, республикалараро алоқалар ва корхоналар ўртасидаги алоқаларнинг бузилиши, режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтиш – буларнинг бари ўтиш даврида корхоналар ўртасидаги ҳисоб-китобларда ўз аксини топган. Бу эса ўз навбатида тўлов интизомига, солиқлар тўланишига ва, тегишинча, умуман иқтисодиётга ёмон таъсир кўрсатган. Иқтисодиёт ривожланишини таъминлаш учун қатъий чоралар кўриш зарур бўлган.
Қарийб чорак аср вақт ўтди, муайян натижаларга эришилди, бироқ дебиторлик қарзини ҳисобга олиш тизими ва олдиндан тўловга доир чекловлар ўз кучини сақлаб қолди. Амалдаги ҳисоб-китоблар тизимининг салбий жиҳатлари қуйидагилардир:
қатъий санкциялар мавжуд бўлгани ҳолда Ўзбекнефтгаз, Ўзбекэнерго, Ўзкимёсаноат сингари тизимни ҳосил қилувчи соҳаларда дебиторлик қарзи ва солиқлар бўйича боқимонда сақланиб қолмоқда;
сунъий чеклов айланма маблағлари етишмаслиги сабабли айрим корхоналарнинг ҳисоб-китобларида мураккабликларни юзага келтирмоқда;
назорат органлари ушбу масалалар юзасидан олиб бораётган фаолият самара бермаяпти. Чунончи, корхоналарнинг ҳаммаси ҳам ўз ҳисоботида муддати ўтиб кетган дебиторлик қарзини кўрсатмайди, олдиндан тўлов миқдори эса умуман назардан четда қолади. Назорат органлари фақат ҳужжатли текширувларда муддати ўтиб кетган дебиторлик қарзи ва олдиндан тўловга доир қонунбузарликларни аниқлашлари мумкин. Бунда корхона ўтказиладиган текширув ҳақида расмий равишда олдиндан огоҳлантирилиб, ҳисоб-китоб ҳужжатлари ва дебиторлар билан ўзаро муносабатларини «тозалашга» улгуради;
ҳатто олдиндан тўлов ва дебиторлик қарзи миқдорлари юзасидан қонунбузарликлар аниқланган, бироқ корхона барча солиқларни ўз вақтида тўлаган бўлса ҳам, корхонага нисбатан барибир жазо қўлланилади.
Тизимни ҳосил қилувчи соҳалар ва қишлоқ хўжалиги бўйича дебиторлик қарзи ва олдиндан тўловга доир чекловлар қўлланилишини оқлаш мумкин. Ушбу соҳалар тизимли ишламаса, иқтисодиётни ривожлантириш мушкул.
Қишлоқ хўжалиги ўзига хос хусусиятга эга – ўртада узоқ вақт ўтиб кетади – баҳорда экин экиб, ҳосил ва даромадни кузда оладилар. Тегишинча, қишлоқ хўжалиги корхоналарининг харажатларини тўлаш учун кредитлар зарур. Қишлоқ хўжалиги корхонаси нефть маҳсулотлари, ўғитлар, электр энергияси, қишлоқ хўжалиги техникасига харажат қилади, уларни эса йирик, асосан давлат саноат корхоналари ишлаб чиқаради, ўз навбатида улар берилаётган маҳсулотлар учун маблағларни мунтазам равишда олишлари керак. Бироқ айни пайтда амалдаги қонун ҳужжатларида қатъиян белгиланганидек: қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи корхоналар шу жумладан Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси томонидан белгиланган тартибда ажратиладиган аванс маблағлари тарзида фақат қишлоқ хўжалиги корхоналаридан олдиндан тўловни олганларидан кейин қишлоқ хўжалиги корхоналарига маҳсулотларни беришлари керак. Бироқ ҳаммасини инобатга олишнинг иложи бўлмайди (масалан, ҳосилсиз йил, ёмон об-ҳаво, ортиқча сарф-харажат ва ҳ.к.), бу, тегишинча, дебиторлик қарзи ошишига олиб келади.
Бироқ нима сабабдан оддий (шу жумладан қишлоқ хўжалиги билан алоқадор бўлмаган) нодавлат корхоналари учун худди шундай чекловлар амал қилади» Айтайлик, бир хусусий корхона бошқа хусусий корхонага шартномага мувофиқ маҳсулот юклаб жўнатади. Унда маҳсулот етказиб бериш шартлари, шу жумладан олдиндан тўлов миқдори ва етказиб бериш муддатлари, ушбу шартларни бузганлик учун ш.ж. суд тартибида қўлланиладиган санкциялар акс эттирилган. Шартнома шартлари бузилганда маҳсулот сотувчиси етказиб беришни тўхтатади ва маҳсулот олувчига нисбатан санкцияларни жорий этади. Шундан сўнг харидор ё шартномани бажариб, санкциялар бўйича ҳақ тўлайди ёки низо суд тартибида ҳал этилади. Бироқ амалдаги қонун ҳужжатларига кўра бизнинг ҳолатда сотувчи давлат томонидан ҳам санкциялар билан жазоланади.
Баъзилар бюджетга солиқлар ўз вақтида тушишини таъминлаш учун шундай қилинган дейишлари мумкин. Бироқ солиқлар тўланган ёки етказиб берувчи солиқлар бўйича имтиёзларга эга бўлса-чи? Бошқа томондан, дебиторлик қарзи ва олдиндан тўлов бўйича чекловлар жорий этилаётганда бир вақтнинг ўзида корхоналар харажатлари ва даромадлари ҳисобини юритишнинг касса усули ҳамда ҳисоблаш усули амал қилар эди. 1996 йилдан бошлаб республикамизда барча корхоналар учун ҳисоблаш усули жорий этилди. Бу нимани англатади?
Ҳисоблаш усулида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун солиқ тўловчиларнинг даромадлари ва улар бўйича тегишли чегирмалар, тўлов вақти ва пул келиб тушган санадан қатъи назар, улар тегишли бўлган ҳисобот даврида акс эттирилади.
Яъни харидор ҳақ тўлашидан қатъи назар, маҳсулотлар юклаб жўнатилгандан кейин солиқлар ҳисобланиши ёки тўланиши керак. Касса усулида эса фақат юклаб жўнатилаётган маҳсулотлар учун маблағ келиб тушгандан кейин солиқлар тўланиши назарда тутилган. Корхонанинг ўзи солиқлар ўз вақтида тўланишини таъминлаш ва уларни тўламаганлик учун санкциялар қўлланилишини (улар эса дебиторлик қарзи учун санкциялардан кўпроқ) истисно этиш мақсадида шартномада ҳам, ушбу шартномага амал қилишда ҳам олдиндан тўлов миқдорларини киритиш ва сотувчи учун мақбул муддатни белгилашга уринади.
Бошқа томондан, ҳар қандай тадбиркорлик фаолияти таваккалчилик билан боғлиқ. Ўз товарини қандай шартларда ва кимга сотишни унинг ўзи ҳал этади. Бунда чекловлар қўйилиши унинг бизнесига ғов бўлиши мумкин. Бутун дунёда тадбиркор бундай чеклов ва санкцияларсиз иш юритади. Эҳтимол, биз ҳам ҳар бир корхона ривожлана олиши учун уни ўз ҳолига қўйишимиз маъқулдир. Бозоримизнинг ривожланиш даражаси ортиқча ғамхўрликни талаб этмай қўйди. Бунинг устига, бундай ғамхўрлик мураккаблик қилиб, жуда қимматга тушаяпти.
Аввало нодавлат корхоналари учун белгиланган чекловлар ва санкцияларга доир эски принциплардан узоқлашиш зарур. Биринчи босқичда ҳеч бўлмаганда дебиторлик қарзи ва олдиндан тўлов бўйича чекловларни уларнинг зиммасидан соқит қилишни таклиф этамиз. Бу кичик ва хусусий бизнес ўзини янада эркин ва ҳимоялангандек ҳис этишига имкон яратади. Давлат эса бундан фақат наф кўради…
Do'stlaringiz bilan baham: |