Зилзиладан сўнг қандай ҳаракат қилиш керак?
Муҳтожларга биринчи ёрдам кўрсатинг. Вайрона уюмлари остидан қутқариб олиш мумкин бўлганларни озод қилинг.
Эҳтиёт бўлинг! Зарурат бўлмаса, телефонни банд қилманг. Радиоприёмникни ишлатиб қўйинг. Маҳаллий ҳокимият, фавқулодда вазиятлар бошқармаси (бўлими) кўрсатмаларига бўйсининг.
Электр симларида ишдан чиққан жойлар бор-йўқлигини текширинг. Носозликни бартараф этинг ёки хонадондаги электр таъминотини ўчиринг. Кучли зилзила вақтида шаҳарда электр таъминоти автоматик равишда ўчишини ёдда тутинг.
Газ ва сув тизимидаги носозликларни текширинг. Ишдан чиққан жойларини тузатинг ёки тармоқдан ўчиринг. Очиқ оловдан фойдаланманг. Зинадан туша туриб, эҳтиёт чораларини кўринг, унинг мустаҳкамлигига ишонч ҳосил қилинг.
Кучли вайроналикка учраган биноларга яқинлашманг, улар ичига кирманг. Кучли қайта силкинишларга тайёр туринг. Зилзиладан кейинги 2-3 соат айниқса хавфлидир. Эҳтиёж бўлмаса бинолар ичига кирманг. Қайта силкинишлар ҳақида миш-мишларни тўқиманг ва тарқатманг. Фақат расмий маълумотлардангина фойдаланинг. Вайрона уюмлари остида қолган бўлсангиз, хотиржамлик ила вазиятга баҳо беринг, имкон доирасида ўзингизга ёрдам кўрсатинг. Ташқаридаги одамлар билан алоқа ўрнатишга (овоз билан, тақиллатиб) ҳаракат қилинг. Олов ёқиш мумкин эмаслиги, ҳожатхона бакидаги сувни ичиш мумкинлиги, сув қувурлари ва иситиш батареяларидан сигнал бериш воситаси сифатида фойдаланиш мумкинлигини ёддан чиқарманг. Кучингизни асранг. Инсон овқатсиз ярим ойдан ортиқ чидаши мумкин.
Кўчкининг кўп учрайдиган сабабларидан бири ёнбағирнинг ювилиши, ёғин таъсирида намланиши, зилзила ёки инсон фаолияти (портлатиш ишлари ва бошқ.) бўлиши мумкин.
Кўчки ҳажми ўнлаб ва юзлаб минг куб метрга, айрим ҳолларда ундан ҳам ошиши мумкин. Кўчки тезлиги йилига бир неча метрдан, сониясига бир неча метр бўлиши мумкин. Кўчкининг энг катта тезлиги зилзила вақтига тўғри келади. Тупроқ сурилиши турар жой ва ишлаб чиқариш биноларига, муҳандислик ва йўл иншоотларига, магистрал қувурлари ва электр тармоқларига шикаст етказиши ва вайрон қилиши билан бирга, одамларга жароҳат етказиши ва қурбон бўлишларига олиб келиши мумкин.
Кўчки вақтида қандай ҳаракат килиш керак?
Кўчки эҳтимоли юзага келганлиги тўғрисидаги сигнални олгач, электр асбоблари, газ ва сув тармоғини ўчиринг, аввалдан ишлаб чикилган режага асосан зудлик билан ўтказиладиган эвакуацияга тайёрланинг. Кўчки жойи ва тезлигидан келиб чиқиб ҳаракат қилинг. Кўчки сурилиши секин (бир ойда метр) ҳаракатланаётган бўлса, имкониятдан келиб чиқиб, хавфли ҳудудда қолиши мумкин бўлган биноларни тарк этинг, мебель, буюмларни олиб кетинг ва ҳ.к. Кўчки тезлиги бир кеча-кундузда 0,5-1,0 м бўлса, аввалдан ишлаб чиқилган режага мувофиқ эвакуация тадбирларини амалга оширинг. Эвакуация вақтида ўзингиз билан ҳужжатлар, қимматли буюмлар, шароитдан келиб чиқиб ва маъмурият кўрсатмасига биноан иссиқ кийимлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари олинг. Хавфсиз жойга зудлик билан кўчиб ўтинг ва зарурат бўлса, қутқарувчиларга кўмаклашинг.
Кўчки рўй берганидан сўнг омон қолган бино ва иншоотлар текшириб чиқилади, электр, газ ва сув тармоқларидаги шикастлар аниқланади. Жароҳатланмаган бўлсангиз, қутқарувчилар билан биргаликда жабрланганларга кўмаклашинг ва имконият доирасида биринчи ёрдамни кўрсатинг.
Сув тошқини кўприк, йўл, бино ва иншоотларни вайрон қилиши, катта моддий зарар келтириши мумкин. Сув тезлиги сониясига 4 метрдан ортган ва сув қатламининг баландлиги 2 метрдан ошган ҳолларда одамлар ҳамда жониворлар нобуд бўлиши мумкин. Вайроналикларнинг асосий қисмини келиб чиқиши бино ва иншоотларга сув массасининг гидравлик зарба бериши билан катта тезликда муз парчалари, сузувчи воситаларнинг турли бўлаклари ва бошқалар кириб келиши сабаб бўлади. Сув тошқини тўсатдан юзага келиб, бир неча соатдан 2-3 ҳафтагача давом этиши мумкин.
Сув тошқинига қарши қандай тайёргарлик кўриш керак?
Агар ҳудудингиз сув тошқини хавфига тез-тез учраб турса, у ҳолда эҳтимолий сув тошиш чегарасини, шунингдек яшаш жойингизга яқин бўлган тепаликларни, уларга борувчи энг яқин йўлларни ўрганиб чиқинг ва эсда сақлаб қолинг. Оила аъзоларингизни уюшган ва якка эвакуация талаблари билан, тўсатдан кескин сув ҳажми ошиб борадиган ҳолларда тўғри ҳаракат қилиш қоидалари билан таништиринг. Қайиқ, сол ва уларни тайёрлаш учун ишлатиладиган қурилиш материалларининг турган жойини ёдда тутинг. Олдиндан эвакуация вақтида олиб чиқиб кетиладиган ҳужжатлар, мол-мулк ва дори-дармонлар рўйхатини тузиб қўйинг. Махсус жомадон ёки рюкзакка қимматбаҳо буюмларингиз, зарур иссиқ кийим, озиқ-овқат захираси, сув ва дори-дармонларни солиб қўйинг.
Do'stlaringiz bilan baham: |