Ишлаб чиқариш жараёнларига хавфсизлик талаблари
Технологик жараёнларни ташкил этишни ва бажаришни лойиҳалашда давлат стандарти қуйидагиларни ҳисобга олишни талаб этади:
- хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш чиқиндилари, материаллари билан ишчиларни бевосита контактли алоқада бўлишини олдини олиш;
- хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари мавжуд бўлганда комплекс автоматлаштириш ва механизациялаштиришни жорий этиш;
- ишчилар хавфсизлигини таъминловчи ва авария ҳолатида ишлаб чиқариш ускуналарини ўчириш назорати системасини ўрнатиш;
- хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш чиқиндиларини иш жойларидан чиқариш ва уни зарарсизлантириш.
Технологик жараёнларга хавфсизлик талаблари эса технологик ҳужжатларда баён этилиши керак.
Ишлаб чиқариш биносини танлашда уни санитар нормаларга мослигини, ёнғин ва портлаш хавфи бўйича унинг категорияларини, ҳамда электр токидан жароҳатланиш хавфи ва бошқаларни аниқлаш муҳим ҳисобланади.
Ишлаб чиқариш ускуналарига умумий хавфсизлик талаблари
Ишлаб чиқариш ускуналарига, машина ва механизмларга меҳнат шароити ва уларнинг элементлари, ускуналар конструкцияларини ҳисобга олган ҳолда, содир бўлиши мумкин бўлган хавфли ва зарарли омиллар манбаини аниқлангандан сўнг хавфсизлик талаблари белгиланади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш нуқтаи назаридан ускуналарга қўйилган асосий талабларга одамлар соғлиғи ва ҳаёти учун хавфсизлик ҳамда уларни ишлатишда ишончлилик ва қулайликлар киради.
Ишлаб чиқариш ускуналарини ишлатишда микроиқлимнинг ўзгариши, атмосфера холатларининг таъсири инсон организмига хавф солмаслиги, ёнғин ва портлашдан хавфсиз бўлиши, улар конструкциясида қўлланиладиган материаллар зарарли ва хавфли бўлмаслиги, уларнинг ҳаракатланадиган қисмлари хавфсиз қилиб тўсилган бўлиши керак.
Ускуналарнинг авария содир бўлганда ўчириши лозим бўлган мосламалари, дасталари кўринадиган ва қулай жойда жойлаштирилиши ҳамда қизил рангга бўялиши талаб этилади.
Машина ва механизмларнинг инсон хаётига ва соғлиғига хавф туғдирадиган ҳолатларни вужудга келтирадиган жойлари хавфли зона деб аталади. Хавфли зонада асосан машина ва механизмларнинг очиқ ҳолда айланадиган ва ҳаракатланадиган қисмлари мужассамланади. Шунингдек, хавфли зоналар қаторига машина ва механизмларда ишлаганда электр токидан зарарланиш, иссиқлик, электромагнит, ионлашган нурлар, шовқин, титраш, ултратовуш, захарли газ ва буғлар таъсирига тушиб қолиш ҳам киради.
Хавфли зоналар доимий, ҳаракатланувчан ва вақти-вақти билан пайдо бўладиган турларга бўлинади. Доимий хавфли зонага қайишли, занжирли ва тишли узатмалар, станокларнинг қирқиш зоналари ва ҳаракатланувчи валиклар, ҳаракатланувчан хавфли зонага поток линиялари, конвеерлар, қирқиш жойи ўзгариб турадиган агрегат станоклари ва бошқалар, вақти-вақти билан пайдо бўладиган хавфли зоналарга юк кўтариш кранлари, кран балкалар ва бошқалар киради. Охирги кўрсатилган қурилмалар цех бўйлаб иш жойларини доимий ўзгартириб туради ва қаерда иш бажараётган бўлса, шу ерда хавфли зона вужудга келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |