Марғиёна Ўрта Осиёнинг антик даври йирик тарихий маданий ўлкаларидан бири бўлган Марғиёна Туркманистон Республикасининг Мурғоб воҳаси ҳудудида жойлашган. Ўлканинг Александр македонский босқинидан кейинги тарихига оид қисқача маълумотлар юнон-рум муаллифлариниг асарлари ва хитой манбаларида учрайди. Плиней Искандар Марғиёна Александиясига асос солганлигини ва кейинчалик шаҳар вайрон қилиниб, селевкийлар ҳукумдори Антиох қайта тиклаб, ўз номи билан юритганлиги тўғрисида маълумотлар қолдирган бўлса, бошқа бир юнон муаллифи Стробон маълумотларида Антиох ҳаҳар барпо этиш билан биргаликда воҳа атрофини мудофаа девори билан ўраб олганлигиги тўғрисида хабар берад. Квинт Курций Руф маълумотларида эса антик даврида олтита муҳофазаланган манзилгоҳлар қурилганлиги келтирилади.
Маълумки, мил ав. 521 йил Фрада бошчилигидаги қўзғалон Доро I буйруғи билан Бақтрия подшоси Дадаршиш томонидан бостирилгандан бостирилгандан сўнг Марғиёна ўлкаси Бақтрия сатраплиги таркибига киритилиб, ўлка мил.ав. II ўрталарида ўлка Парфия давлати томонидан босиб олингунга қадар Юнон-Бақтрияси подшолиги таркибида бўлган. Кейинчалик эса II асрнинг биринчи чорагида Парфия давлати вориси сифатида вужудга келган сосонийлар давлатининг таркибида ривожланади.
Марғиёнанинг антик даври моддий маданияти XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошларидаги археологияга ҳавасманд олимларнинг диққатини ўзига жалб қилиб келган. Ўлка археологиясини илмий жиҳатдан ўрганиш ишлари иккинчи жаҳон урушидан кейин Жанубий Туркманистон археологик комплекс экспедицичси (ЮТАКЭ) ташкил этилгандан сўнг бошланади. Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) “Ўрта Осиё археология” кафедраси илмий жамоаси 30 йилдан ортиқ давр мобайнида воҳанинг антик даври маркази бўлган Гяурқалъа ва Эркқалъа ёдгорликларида кенг кўламдаги археологик қазишмаларни олиб борадилар. Мазкур тадқиқот ишларида кафедра археолог олимларидан М.Е.Массон З.И.Усманова, М.И. Филанович ва бошқаларнинг хизматлари катта. Маҳаллий археологлардан Д.Дурдиев ва антикшунос археолог олим Г.А. Кошоленколар ҳам воҳадаги бошқа бир археологик ёдгорликларни ўрганишга ўз ҳиссаларини қўшишган.
Ўлкада сақланиб қолган антик ёдгорликлар археологик белгиларига кўра қадимги шаҳарлар ва қадимги деҳқон жамоаларининг қишлоқларини ташкил этади.
Воҳада антик дарига оид манзилгоҳларидан Гяурқалъа, Эркқалъа, Кўҳна Кишман, Жинтепа, Такиржатепа, Дурнали ва Девқалъа каби ёдгорликлар археологик жиҳатдан яхши ўрганилган. Улардан энг йириги Гяурқалъа ва Эркқалъа ҳисобланиб, мил.ав. I минг йилликнинг ўрталаридан бошлаб шаклланган. Бу даврда ўлканинг маъмурий маркази Гяурқалъа манзилгоҳида арки эса Эркқалъа ўрнида ривожланган. Манзилгоҳ тўғри тўртбурчак шаклда бўлиб, майдони тахминан 90 га ташкил этади. Шаҳарда тўртта дарвоза бўлиб, бир-бири билан кесишган иккита асосий кўча бўлган. Шаҳар тўғри тўртбурчак буржлар билан кучайтирилган қалин муҳофаза деворлари билан ўраб олинган. Деворлари антик даври стандартидаги хом –иштлардан барпо қилинган. Гяурқалъада шаҳарликликлар маҳаллаларидан ташқари, тегирмончилар маҳалласи, кулолчилик хумдони, темирчилик устахоналарининг ўрни аниқланган. Ёдгорликда буддавийлик ибодатхонасининг ўрни очиб ўрганилган. Унинг ҳовлисида ступа жойлашган. Шаҳарда ҳаёт илк ўрта асрлар даврига қадар давом этади.
Бошқа бир йирик шаҳар марказларидан Кўхна Кишмана ҳам яхши ўрганилган. У аҳамиятига кўра воҳада Марвдан кейинги (май.112 га.) шаҳар ҳаробаси ҳисобланади. Марғиёнанинг антик даври иморатлари тўғри тўртбурчак (50х50х10) квадрат (40х42х10) ғиштлар ва пахсадан барпо қилинган. Сапол идишлари тез айлантирадиган чархда ишланган. Ёдгорликлардан темирдан ишланган рўзғор анжомлари, меҳнат қуроллари ва қурол яро-лар ясалган. Шунингдек, зеб-зийнат буюмлари, аёл ва маъбуда тасвирлари берилган терракотик ҳайкалчалар қадимги марғиёналикларнинг бой моддий маданиятидан далолат беради.