Бешваликли янчиш станоги ВС-5
Вазифаси: Мойли уруғлар ва уларнинг мағзини эзиб ва қисман ишқалаб майдалаш учун ишлатилади.
Схемаси, тузилиши ва ишлаши:
А - махсулот кирадиган жой-таъминловчи. Б - демонтаж қилинадиган ёни.
С - хизмат қилиш ёни. Д - редуктор. Е - таъминловчи валикнинг шкиви, диаметри 335 мм. F - таъминловчи валикни айлантирувчи шкив, диаметри 125 мм. H - аппаратнинг ўқ чизиғи.G - 4-валикнинг ўқ чизиғи. J - 5-валикнинг ўқ чизиғи. I, II, III, IV, V - биринчи, иккинчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи валиклар. n - айланиш тезлиги, айл/мин.
Станок 5 та валикдан иборат бўлиб, улар бир-бирининг устига қўйилган ва чўян устунлар ёрдамида ушлаб турилади. Бу устунлар оғир чўян плитага болтлар билан тиклаб қўйилган. Валикларнинг иккала учида бир жуфтдан ўрнатилган бу чўян устунлар валикларнинг подшипникларини буксалари билан бирга ушлаб туради. Устунлар жуфт қўйилганлиги учун улар орасида валикларни ушлаб турган подшипниклар буксалари билан биргаликда вертикал йўналишда эркин силжиб тура олади.
Беш валли янчиш станоги ВС – 5
1 – сташна; 2 – колконлар; 3 – ишчи валлар; 4 – пичоклар; 5 – узатма.
Станокнинг асосий иш органлари бўлган валиклар махсус технология асосида, пухта таркибга эга бўлган чўяндан ичи кавак қилиб, диаметри 400 мм, узунлиги 1250 мм қилиб ясалади. Кавак чўяннинг ўртасидан пўлат ўқ катта босим остида пресслаб ўтказилади. Ўқ валикнинг ичида буралиб кетмаслиги учун шпонка ёрдамида бириктирилади.
2-5 валиклар шарчали подшипникларда, 1 валик (асосий) - роликли подшипникларда туради. Юқориги 5 валик нарезкали (ариқчали) бўлганлиги учун янчилаётган мағиз майда бўлакчаларга ушалади, бу эса ўз ўрнида махсулотнинг силлиқ валиклар ёрдамида яхши илиб олинишини таъминлайди.
Станокнинг юқори қисмида мағиз қабул қилиш бункери бўлиб, унинг остида парракли таъминлаш валиги бор; бу валик станокнинг 4 валига ўрнатилган шкивдан ярим буралган текис қайиш ёрдамида харакатга келтирилади. Таъминловчи валик ўқининг учига кулачокли муфта ўрнатилган бўлиб, унинг ёрдамида валик ишга туширилади.
Таъминловчи валикнинг олд томонида тўсиқ-қопқоқ бўлиб, валик ва қопқоқ орасидаги тирқиш пружинали винтлар ёрдамида торайтирилиши ёки кенгайтирилиши мумкин. Шу йўсинда станокни махсулот билан таъминлаш бошқарилади. Лекин бундай бошқарилиш камчиликлардан холи эмас; қопқоқ қийшайиб қолса тушаётган махсулотнинг қалинлиги бир текис бўлмай қолади ва янчилиш сифати бузилади.
Чўян устунларнинг тепаси метал тахтача (траверса) билан туташтирилган бўлиб унинг остига валикларни сиқиб турувчи пружина қўйилган. Пружинанинг тепасида сиқувчи болтлар ўрнатилган, пружинанинг остки учи эса 5 валикнинг ўқини пастга эзиб туради. Агар валикларнинг орасига қаттиқ предмет тушиб қолса, бу пружиналар қисилиб, валик кўтарилади ва предмет валиклар орасидан ўтиб кетади. Бундай мослама валикларни синишдан ва ишчи юзаларнинг бузилишидан сақлайди.
Янчилаётган махсулотни валиклар орасига йўналтириш учун станокнинг олд ва орқа томонида 2 тадан йўналтирувчи тўсиқ қўйилган. Тўсиқлар 4-6 мм ли пўлат варақлардан ясалади ва улар станокнинг устунларига ўрнатилган, бурчакли металлдан ясалган тирқишга қўйилиб, тўсиқларнинг бир ёни валикка тегиб туради.
Валиклар юзасига ёпишиб қолаётган янчилма заррачаларини кўчириб олиш учун станокда томчисимон пичоқлар ўрнатилган. Улар асимметрик ўрнатилганлиги учун ўткир қирраси билан валикнинг юзасига ўз оғирлиги билан босиб туради ва ёпишган махсулотни қириб олиб туради.
Станок валиклари кучли электр мотор ёрдамида айлантирилади. Асосий валнинг айланиши мотор, муфта ва узатиш сони 1:6,4 бўлган икки босқичли редуктор орқали бўлиб, айланма харакат текис қайиш ёрдамида 3 ва 5 валикларга узатилади. 2 ва 4 валиклар ишқаланиш хисобига айланади.
Етакловчи валиклар 150-160 айл/мин харакат қилади, етакланувчилари эса 3-5 айл/мин секинроқ айланади. Шунинг учун мағиз фақат эзиш хисобига эмас, балки қисман ишқалаб эзиш хисобига хам янчилади.
Валиклар юзасини доимо соз ушлаб туриш учун 2-4 ойда бир марта сайқаллаш лозим. Бу иш махсус валиксайқаллаш станогида бажарилади. Яхши сайқалланган валиклар аниқ цилиндрик шаклда бўлиб, валиклар орасидаги баъзи-бир тирқишлар 0,06-0,09 мм дан ошиб кетмаслиги керак.
Яхши янчилма хосил қилиш учун мағизнинг намлиги 8,5-9,5% бўлиши керак; намлик юқори бўлса станокнинг унумдорлиги пасаяди, унинг иш сифати ёмонлашади, энергия сарфи ошади.
Афзаллиги: Технологик талабларга риоя қилинганда махсулотнинг ички структурасини максимал равишда бузиб беради.
Камчилиги: Станокни ясаш учун металл сарфи катта.
Техник кўрсаткичлари
Унумдорлиги
|
100 т/сут (пахта чигити)
|
Валикларнинг диаметри
|
400 мм
|
Валикларнинг узунлиги
|
1250 мм
|
Асосий валнинг айланиш тезлиги
|
150 айл/мин
|
Валикларнинг айланма тезлиги
|
3,1-3,2 м/сек
|
Энергия сарфи
|
28 кВт
|
Моторнинг айланиш тезлиги
|
975 айл/мин
|
Валиклар массаси
|
850-900 кг
|
Станокнинг массаси
|
8650 кг
|
Габаритлари
|
2970*2275*2464 мм
|
Do'stlaringiz bilan baham: |