Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2004 йил 21 майда 1364-сон билан
рўйхатга олинган
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2004 йил 23 мартдаги 51-сон буйруғи билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ
МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ
22-СОНЛИ БҲМС
ЧЕТ ЭЛ ВАЛЮТАСИДА ИФОДАЛАНГАН АКТИВЛАР ВА МАЖБУРИЯТЛАРНИНГ ҲИСОБИ
Мазкур Бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти (БҲМС) Ўзбекистон Республикасининг “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, 9-сон, 142-модда) асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини меъёрий тартибга солиш тизимининг элементи ҳисобланади.
1-§. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Мазкур БҲМСнинг мақсади чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш ҳамда уларни молиявий ҳисоботда очиб бериш тартибини белгилаш ҳисобланади.
2. Мазкур БҲМСнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасида операцияларни амалга оширадиган ташкилотларга (банклар ва бошқа кредит ташкилотларидан ташқари) (бундан кейин - хўжалик юритувчи субъектлар) татбиқ этилади.
3. Мазкур БҲМС молиявий ҳисоботнинг сўмларда тузилган кўрсаткичларини таъсис ҳужжатлари ва ҳоказолар томонидан бундай қайта ҳисоблашишлар талаб қилинган тақдирда чет эл валютасида қайта ҳисоблашишда қўлланмайди.
4. Ўзбекистон Республикасида барча хўжалик юритувчи субъектлар миллий валюта - сўмда бухгалтерия ҳисобини юритишлари ва молиявий ҳисоботни тақдим этишлари керак, агар қонун ҳужжатларида бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса.
5. Мазкур стандартда ишлатиладиган атамалар:
а) Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги фаолият - Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига кўра юридик шахс ҳисобланган хўжалик юритувчи субъект томонидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида мустақил балансга ажратилмаган таркибий бўлинмалар орқали амалга ошириладиган фаолият;
б) хорижий валютада операцияни амалга ошириш санаси - қонун ҳужжатларига ёки шартномага мувофиқ хўжалик юритувчи субъектда чет эл валютасидаги операциянинг натижаси ҳисобланадиган активлар ва мажбуриятларни бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш ҳуқуқи юзага келган кун.
6. Чет эл валютасидаги операциялар бўлиб, хўжалик юритувчи субъект:
а) мол-мулкни (асосий воситалар, номоддий активлар, товар-моддий захиралар ва бошқа активларни) чет эл валютасида харид қиладиган ёки сотадиган;
б) тўланадиган ёки олинадиган суммалари чет эл валютасида белгиланадиган кредит ёки қарз оладиган ёхуд тақдим этадиган;
в) зиммасига чет эл валютасида мажбурият оладиган ёки уни сўндирадиган ҳолларда чет эл валютасида содир этиладиган битимлар ҳисобланади.
7. Чет эл валюталарининг сўмга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курсининг (бундан кейин - Марказий банк курси) ўзгаришига ҳамда активлар ва мажбуриятларни қайта ҳисоблашга боғлиқ ҳолда мусбат ёки манфий курс фарқи юзага келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |