4-§. КУРС ФАРҚИНИНГ ҲИСОБИ 14. Хўжалик юритувчи субъектлар ҳар ойда баланснинг валюта моддаларини ҳисобот ойининг охирги кунига ва Марказий банк курси бўйича хўжалик операцияларини содир этиш санасига қайта баҳолашни амалга оширадилар.
15. Мазкур БҲМСда қайта баҳолаш ва курс фарқини белгилаш мақсадида баланснинг валюта моддаларига қуйидагилар киритилади:
а) кассадаги, банкнинг депозит ва ссуда счётларидаги валюта маблағлари, шу жумладан аккредитивлар;
б) чет эл валютасидаги пул ҳужжатлари;
в) чет эл валютасида ифодаланган қисқа муддатли ва узоқ муддатли инвестициялар;
г) чет эл валютасида ифодаланган дебиторлик ва кредиторлик қарзлари, кредит ва заёмлар.
16. Қуйидагилар қайта баҳоланмайди:
а) хўжалик юритувчи субъектнинг чет эл валютасига харид қилинган асосий воситалари, номоддий активлари, ўрнатиладиган ускуналари, капитал қўйилмалари, товар-моддий захиралари;
б) хўжалик юритувчи субъект, шу жумладан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона устав сармоясининг миқдорлари ва муассислари (иштирокчилари) улушларининг нисбати.
17. Ҳосил бўлган курс фарқи хўжалик юритувчи субъектларнинг хоҳиш-истагига кўра бевосита киритиш йўли билан (бундан кейин - бевосита киритиш усули) ёки жамғариш йўли билан (бундан кейин - жамғариш усули) молиявий натижаларга ҳисобдан чиқарилади.
Суғурта ташкилотларида курс фарқларини ҳисобдан чиқариш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
18. Бевосита киритиш усулида курс фарқлари юзага келишига қараб молиявий-хўжалик фаолият натижаларига киритилади.
19. Жамғариш усулида курс фарқлари қуйидаги тартибда молиявий-хўжалик фаолият натижаларига киритилади:
а) чет эл валютасидаги дебиторлик ва кредиторлик қарзлари бўйича - уларни сўндириш (ёки ҳисобдан чиқариш)нинг боришига қараб;
б) қолган ҳолларда - баланснинг тегишли валюта моддалари билан биргаликда хўжалик операцияларини содир этишнинг боришига қараб.
20. Курс фарқини киритишнинг қўлланаётган усуллари албатта хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисоб сиёсатида акс эттирилиши керак. Баланснинг валютага оид моддалари турларига курс фарқини киритишнинг турли усуллари қўлланишига йўл қўйилади.
21. Жамғариш усулидан бевосита киритиш усулига ўтаётганда илгари баланснинг валюта моддаларини ҳар ойда қайта баҳолаш натижасида жамғарилган курс фарқлари ҳисоб сиёсати қабул қилинган тақвимий йилнинг охирига қадар ҳар ойда (тенг равишда) хўжалик юритувчи субъект молиявий-хўжалик фаолиятининг натижаларига ҳисобдан чиқарилади.
22. Хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий натижаларига киритилган мусбат (манфий) курс фарқи молиявий фаолиятдан олинган даромадлар (харажатлар) таркибида ҳисобга олинади.
23. Чет эл валютасида устав сармоясининг миқдори белгиланган тақдирда ҳар бир муассис томонидан улушлар киритилиши киритиш пайтидаги Марказий банк курси бўйича амалга оширилади.
24. Устав сармоясининг миқдори чет эл валютасида белгиланган ва легитим сўмлар билан устав сармоясига улуш киритилган тақдирда қайта ҳисоблашиш ҳам улуш киритилган кунда Марказий банк курси бўйича амалга оширилади.
25. Хўжалик юритувчи субъектнинг устав сармоясини шакллантириш чоғида таъсис ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш санаси ва устав сармоясига маблағларни ҳақиқатда киритиш санасидаги Марказий банк курслари ўртасидаги курс фарқи бухгалтерия ҳисобида қўшилган сармоя сифатида акс эттирилади.