ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН
РЎЙХАТГА ОЛИНГАН
28.12.1998 й.
N 580
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН
ТАСДИҚЛАНГАН
14.10.1998 й.
N 50
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ
МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ
8-СОНЛИ БҲМС
ЖАМЛАНГАН МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТЛАР
ВА ШУЪБА ХЎЖАЛИК ЖАМИЯТЛАРИГА
САРМОЯЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ
МУНДАРИЖА
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Бухгалтерия ҳисобининг ушбу миллий стандарти (БҲМС) Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонунига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини меъёрий жиҳатдан тартибга солиш тизимининг бир қисми ҳисобланади.
МАҚСАД ВА АМАЛ ҚИЛИШ СОҲАСИ
2. Ушбу БҲМСнинг мақсади хўжалик юритувчи бош жамият (бундан буён "бош жамият" деб юритилади) назорати остидаги хўжалик юритувчи жамиятлар гуруҳининг жамланган молиявий ҳисоботини тузиш ва тақдим этиш тартибини белгилаб беришдан иборат.
Ушбу стандартда шуъба хўжалик жамиятларига инвестицияларни бош жамиятнинг алоҳида молиявий ҳисоботида ҳисобга олиш тартиби ҳам кўриб чиқилади.
3. Бу стандарт қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди:
3.1. Қўшма фаолиятдаги инвестицияларни ҳисобга олишга ("Қўшма фаолиятдаги иштирок улушини молиявий ҳисоботда акс эттириш" бухгалтерия ҳисоби миллий стандартига қаранг).
3.2. Уюшган корхоналарга инвестицияларни ҳисобга олишга.
Ушбу стандартнинг талаблари вазирликлар, идоралар ва бюджет ташкилотларининг қўшма молиявий ҳисоботига нисбатан ҳам қўлланилмайди.
АТАМАЛАР
4. Бу стандартда фойдаланилган атамалар:
Назорат (бу стандартга нисбатан қўлланилганда) - хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий ва хўжалик сиёсатини унинг фаолиятидан фойда олиш мақсадида белгилаш ҳуқуқи.
Шуъба хўжалик жамияти (бундан буён "шуъба жамият" деб юритилади) - бош жамият томонидан назорат қилинадиган хўжалик юритувчи субъект.
Бош жамият - бир ёки бир неча кичик жамиятларга эга бўлган хўжалик юритувчи субъектдир.
Гуруҳ - бош жамият ва унга қарашли барча шуъба жамиятлар.
Жамланган молиявий ҳисоботлар - ҳисобот санасидаги молиявий аҳволни ва хўжалик юритувчи жамиятлар гуруҳининг ҳисобот даври учун молиявий натижаларни акс эттирувчи кўрсаткичлар тизими.
Алоҳида молиявий ҳисоботлар - гуруҳ ҳар бир аъзосининг жамлаш лозим бўлган ҳисоботи.
Камчилик улуши - шуъба жамият хўжалик фаолиятининг соф даромадлари (зарарлари) ҳамда соф активларининг бош жамиятнинг бевосита ёки билвосита шуъба жамиятлардаги иштироки улушига тўғри келмайдиган қисмидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |