СТАТИСТИКА
ФАН ўқув ДАСТУРИ
Тошкент-2013
Фан дастури Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тайёрлов йўналишлари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг 2013 йил “20” декабрдаги “5”- сон мажлис баёни билан маъқулланган.
Фан дастури Тошкент молия ва иқтисодиёт коллежида ишлаб чиқилди. 300000. Ижтимоий фанлар, бизнес ва ҳуқуқ билим соҳаси бўйича шўъба келишувидан ўтказилди. (Келишув баёни №8 «9» июль 2012йил.)
Тузувчилар:
М.А.Раззаков - Тошкент молия ва иқтисодиёт коллежи «Умумкасбий фанлар» кафедраси ўқитувчиси;
Д.Худойбердиева - Тошкент молия ва иқтисодиёт коллежи «Умумкасбий фанлар» кафедраси ўқитувчиси.
Тақризчилар:
Г.Яминова - Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Статистика” кафедраси катта ўқитувчиси.
Б.Атаханов - Давлат мулк қўмитасининг Давлат активларини бошқариш самарадорлигини таъминлаш бўлими бошлиғи.
1. Умумий қоидалар
Кириш
Ўзбекистон иқтисодиётини модернизациялаш, хусусий мулкнинг ўрни ва таъсирини кенгайтириш, ишбилармонлик ва тадбиркорлик соҳалари учун барча зарур имкониятларни яратиш ва рағбатлантиришни ҳозирги вақтда ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Президент И.А.Каримов шу пайтгача Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалаларига бағишланган турли мажлис, йиғилиш ва анжуманларда қилган маърузаларида бу долзарб масалаларни ечиш учун малакали кадрлар ва мутахассислар етишмаслиги ҳақида таъкидлаб келмоқда. Юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни кенгайтириш билан бир вақтда ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари таълим тизимини тубдан яхшилаш, ислоҳ қилиш бугунги кунда энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу эса биринчи навбатда, ўрта махсус таълим йўналишлари бўйича тармоқ таълим стандартларида кўзланган фанларнинг мазмуни ва ўқув дастурларини Кадрлар тайёрлаш Миллий дастуридаги вазифаларни бажариш талабларига мослаштириб такомиллаштиришни талабқилади. Меҳнат бозори талабларига мос ҳолда юқори малакали иқтисодчи-мутахассисларни тайёрлашда статистика фани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Статистика фанининг ўқитилишида асосан унинг асосий тушунча ва категорияларини ҳамда назарий масалалар мазмунини ойдинлаштириш зарурдир. Бунинг учун дастлаб муҳим мантиқий тузилмавий элементлар характерли жиҳатларга ажратилиб, схема–диаграмма, чизма ва бошқа кўргазмали шакллар орқали тасвирлаш, сўнгра уларни ҳар тарафлама изоҳлаб, ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтириб бериш мақсадга мувофиқдир. Жумладан, дастурнинг бўлимларида, статистика предмети ва методи, статистик кузатиш, статистик кузатиш усуллари, иқтисодий индекслар ва бошқалар муаммоли маърузалар мавжуд оммавий ижтимоий муаммолар асосида баён этиш талаб қилинади. Ўртача миқдорлар ва тузилмавий ўрта кўрсаткичлар, вариация кўрсаткичлари, илмий гипотезаларни статистик текшириш, дисперсион, корреляцион ва регрессион таҳлил масалалари кўп ҳисоблаш ишлари билан боғлиқ бўлганлиги учун ахборотлар технологияларидан фойдаланиш зарурияти ва уни қўллаш йўлларига эътибор мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Молия, бухгалтерия ҳисоби, солиқ ва солиққа тортиш, банк иши мутахассисликларида ҳам бошқа умумиқтисодий йўналишлар ва ихтисосликлар каби малакали иқтисодчи-мутахассислар тайёрлаш ўқув режаларида «Статистика» фани кўзланган бўлиб, унинг ўқув дастури эса қуйида баён этилган мазмунда тузилган. Фаннинг мақсади ва вазифалари: Талабалар ушбу фан орқали статистик маълумотларни таҳлил қилиш ва уни кенг қамровли олиб бориш учун аҳамиятли ҳисобланган статистик кузатишлар, маълумотлар йиғиш, жамлаш, уни қайта ишлаш негизида умумлаштириш усуллари билан танишадилар. Бундан ташқари, умумлаштирувчи кўрсаткичлар - Мутлақ ва нисбий миқдорлар, ўртача миқдорлар, динамик кўрсаткичларни ҳисоблаш ҳамда статистик ҳисоботлар тузишни ҳам ўрганадилар. Шунингдек, макро ва микростатистик кўрсаткичларни ҳисоблаш усулларидан ҳам воқиф бўладилар. Фан бўйича ўқувчиларнинг билимларига қўйиладиган талаблар:
Бошланғич ижтимоий-иқтисодий билимларга эга бўлиш;
Оммавий-ижтимоий ҳодисаларни муҳим белгилари бўйича ўрганиш;
Хўжалик юритувчи субьектлар фаолиятига дахлдор маълумотлар билан ишлаш, уларни ташкил қилиш асосида хулоса чиқариш усулларини ўзларига сингдириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |