КИРИШ
Сир эмаски, Ватан тараққиёти, миллат истиқболи шу заминда вояга етаётган ўғил-қизлар камоли билан чамбарчас боғлиқ.
Муҳтарам Президентимиз томонидан 2014 йилни “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши барчамизнинг олдимизга ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказиш борасидаги ишларимизни изчил давом эттириш ва юксак босқичга кўтариш вазифасини қўйди.
Ўзбекистон Республикасининг “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури”да: “Кадрлар тайёрлаш соҳасидаги давлат сиёсати инсонни интеллектуал ва маънавий-аҳлоқий жиҳатдан тарбиялаш билан илмий узлуксиз таълим бериш орқали ҳар томонлама баркамол шахс – фуқарони шакллантиришни назарда тутади”1 - деб таъкидланади.
Мамлакатимизда ёшларнинг маънавий қиёфасини мустақиллик мафкураси, унинг инсоний тамойиллари асосида шакллантиришга бош вазифа сифатида қаралаётгани бежис эмас. Юртбошимиз таъкидлаганларидек: “Ҳар бир инсонннинг, айниқса эндигина ҳаётга қадам қўйиб келаётган ёшларнинг онгига шундай фикрни сингдириш керакки, улар ўртага қўйилган мақсадларга эришиш ўзларига боғлиқ эканлигини, яъни бу нарса уларнинг собитқадам ғайрат-шижоатига, тўла- тўкис фидокорлигига ва чексиз меҳнатсеварлигига боғлиқ эканлигини англаб етишлари керак. Худди шу нарса давлатимиз ва халқимиз равнақ топишининг асосий шартидир”. Шу боисдан ҳам келажак воислари бўлмиш ёшлар тарбиясига алоҳида аҳамият, эътибор бериш, уларни жамиятимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий тараққиётида фаол иштирок этишларини таъминлаш ҳар бир фуқаронинг бурч ва вазифалари ҳисобланади.
Жамиятимиз талаб этаётган ҳар томонлама етук, комил инсонни вояга етказишда унинг ёшига оид психологик хусусиятларини билиш, ёшига мос равишда унинг ички имкониятларини рўёбга чиқариш, зарур
1 Кадрлар тайёрлаш миллий дастури. – Т.: «Ўзбекистон», 1997 йил. 29 август.
бўлганда коммуникатив, ташкилотчилик, лидерлик ва бошқа қобилиятларини шакллантиришнинг ўрни беқиёс бўлиб, бунда айниқса унинг бир қатор фазилатлари, хислатлари, қобилиятлари, харакгери, темпераментини билган ҳолда таълим ва тарбия жараёнини олиб бориш муҳим аҳамият касб этади.
Буюк Суқрот ўз даврида “Ўз-ўзингни бил!” деган шиорни ўртага ташлаган бўлса, ҳозирги давр бу шиорни кенгайтириб : “Ўз ёнингдагиларни ва уларнинг сенга муносабатини ҳам бил!”, - тарзида қарашни ҳар қачонгидан долзарб қилиб қўйди. Айни шу муаммони ечишда таълим масканларида ўқитувчи ва ўқувчи муносабатлари, ўқувчилар орасидаги мулоқот психологиясини билиш, айниқса, мулоқотнинг шахсга кўрсатадиган таъсирини билиш долзарб характерга эга. Чунки инсониятнинг тарихий, ижтимоий ва онтогенетик тараққиётининг ҳамма босқичларида бу ўзаро муносабатлар ўта муҳим муаммо бўлиб келган ва кейин ҳам шундай бўлиши кузатилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И.А.Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида: “...Келажагимиз пойдевори билим даргоҳларида яратилади, бошқача айтганда, халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқ. Бунинг учун ҳар қайси ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида аввало шахсни кўриши зарур. Ана шу оддий талабдан келиб чиққан ҳолда, фарзандларимизни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, онгли яшайдиган комил инсонлар этиб вояга етказиш — таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши лозим, деб қабул қилишимиз керак. Бу эса таълим ва тарбия ишини уйғун ҳолда олиб боришни талаб этади”, - деб таъкидлаган. “Шунинг учун таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди — бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси. Бу ҳақда фикр юритганда, мен Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир» деган чуқур маъноли сўзларини эслайман. Буюк маърифатпарвар бобомизнинг бу сўзлари асримиз бошида миллатимиз учун қанчалар муҳим ва долзарб бўлган бўлса, ҳозирги вақтда ҳам биз учун шунчалик, балки ундан ҳам кўра мухим ва долзарб аҳамият касб этади”.
Юқорида келтирилган бу фикрлар биринчи навбатда келажакнинг бунёдкорлари бўлмиш ёш авлоднинг билим олиш, юқори малакали кадрлар бўлиб ўз юрти ва халқига сидқидилдан меҳнат қилиш, озод юрт равнақи ва бахт-саодати учун ҳалол меҳнат қилишга ўргатишни назарда тутади. Зеро, мустақиллик айнан фидоий, ўз Ватани манфаатларига ғоят садоқатли, юқори малакали кадрларнинг жамиятни бошқаришини тақозо этади.
Мазкур қўлланма ҳам мустақилликнинг бизга яратган чексиз имкониятларидан биридир. Чунки замонавий кадрлар олдига қўйилаётган энг муҳим вазифалардан бири - малакали мутахассислар сифатида ўзлигини, ўз қобилиятлари, индивидуаллиги, шахсий фазилат ҳамда хислатларини билган тарзда ўз фаолиятини оқилона ташкил этиш ва иқтидорли касб соҳиби сифатида меҳнат қилишга ўргатишдир. Бу ўринда инсон руҳияти қонуниятларини ўрганувчи психология фанининг, шахсга таълим-тарбия беришнинг сир-асрорларини ўргатувчи педагогика фанининг ўрни ва роли бениҳоя каттадир. Ушбу қўлланма шахсга айнан педагогик-психологик жиҳатдан тузилган ижтимоий психологик тренинг ва машқлар орқали ўқувчиларни ўз устиларида ишлашлари, ўзларини шахс сифатида ривожлантиришларида коммуникатив, ташкилотчилик, интеллектуал ва бошқа қобилиятларини қай тарзда шаклланишига ўқитувчи, синф раҳбари томонидан таъсир этиши мумкинлигини ўргатади, деб умид қиладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |