Реклама фаолиятини режалаштириш ва ташкил этиш
1. Реклама воситаларини танлаш муаммоси.
2. Реклама воситаларининг қиёсий қиймати.
3. Реклама стратегиясини ишлаб чиқиш.
4. Реклама хизматининг ташкилий тузилиши.
1. Реклама воситаларини танлаш муаммоси.
Реклама воситаларидан фойдаланишни режалаш реклама берувчиларнинг мурожаатларини хос бозорга етказиш учун тегишли ташувчиларни ажратиб олиш, айнан қайси ташувчиларни сотиб олиш керак ва уларнинг ҳар бирига қанчадан тўлаш кераклиги ҳақидаги қарорларни қабул қилишни назарда тутади. Танлаш муаммосининг мураккаблиги асосан реклама берувчи тушган муайян вазият билан белгиланади. Фақат биргина ҳафталик газета чоп этиладиган кичкина шаҳарчадаги чакана сотувчи учун бундай муаммо бўлмаса керак. Бироқ йирик метрополитен ҳудудидаги чакана сотиш қилувчи газета, радио, телевидение, ташқаридаги реклама воситалари, транспортдаги реклама ёки бевосита почта рекламасидан бирини танлашига тўғри келади.
Бутун мамлакатни қамраб олувчи улкан бозорда сотиш қилувчи умуммиллий реклама берувчи учун реклама воситаларини танлаш муоммоси янада мураккаблашади. У реклама воситаларининг қайси турларидан фойдаланиши мумкин? Агар журналлардан бўлса, қайси тоифадагисидан – оммавийлариданми ёки бошқа турлариданми? Агар аёллар журнали танланса, айнан қайси бири? Газета бўлса, қайси шаҳарларда чиқадиганлари? Телевидениега мурожаат қилинмоқчи бўлса, умуммиллий тармоқми ёки алоҳида бозорлари бўлган маҳаллий телемарказларми? Айнан қайси тармоқ ёки марказни танлаш керак?
Танлаш муаммосини ҳал қилиб берадиган бирор бир қоида ёки формула мавжуд эмас. Бу дегани қарорни муайян талаб ва шароитлардан келиб чиқиб қабул қилиш керак бўлади.
Реклама воситаларидан фойдаланиш режасини тузишда /ишлаб чиқишда қуйидаги тўрт масаланинг ечимини топиш мақсадга мувофиқ бўлади: 1) кимларни қамраб олишимиз керак? 2) улар қаерда? 3) мурожаат нимадан иборат бўлади? 4) Эълонни қачон жойлаштириш керак.
«Кимни?» деган савол хос харидорларни аниқ тасвирлаб беришни талаб қилади. Аввал қайд этилганидек, ҳеч бир товар, ҳеч бир хизматдан ҳамма бир хилда фойдаланмайди. Режа ишлаб чиқувчи бозорни қисмларга бўлади/тақсимлайди (эҳтимолий харидорларни демографияси, психографияси, ижтимоий аҳволи, ҳаёт тарзи ва товардан фойдаланиш даражаларига кўра ажратади ва таърифлайди). Кейин у хос бозор хусусиятларига тўла жавоб бера оладиган реклама воситаларини танлайди.
Мазкур ташувчилар эҳтимолий харидорларнинг энг ката қисмини қамраб олишга қодир бўлади. Одатда айнан шу воситаларнинг ўзи энг кам қамровли эканлиги билан таърифланади, яъни, эҳтимолий харидор бўлмаган кишилар орасида деярли тарқалмайди.
Тўғри ёндашув шундан иборатки, рекламани эҳтимолдаги, яъни харидор бўлиши мумкин бўлганларнинг кўпчилиги тўпланадиган жойларда бериш керак.
«Качон реклама қилиш керак?» деган саволга жавоб топишда йил фасллари, ойлар, ҳафталар, кунлар, соатлар, дақиқалар ва сониялар ҳақида гап кетиши мумкин. Босма нашрларнинг даврий чиқиши (кундалик газеталар, ҳафталик ва ойлик журналлар), телевидение ва радионинг реклама учун ажратадиган вақтнинг чекланганлиги реклама берувчига ўз мурожаатини кўрсатиш, эшиттириш ёки ўқиттириш вақтини аниқ белгилашга имкон беради. Шунинг учун рекламани ҳам вақт, ҳам харидорларни кундалик одатларига мос равишда жойлаштириш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |