Дудак ёки тувалоқ(Otis tarda), эркаги ва урғочиси.
Тувалоқлар уч бармоқли йирик ва ўртача катталикдаги қушлар бўлиб, яхши югуради. Уларнинг оғирлиги 1 кг дан 16 кг гача етади. Тувалоқлар оиласига 24 та тур киради. Ташқи кўринишидан товуқларга ўхшайди. Улар Шарқий яримшарнинг чўл ва саҳроларида яшайди. Думи нисбатан калта, қуруқ иқлимли ҳудудларда яшаганлиги учун дум бези йўқ. Бўйни ўртача узунликда, оёғи бақувват, уч бармоқли, тумшуғи калта. Эркагида ҳалқумига уланган ва резонатор вазифасини бажарувчи тери халтаси бор. Типик вакилларига дудак ёки тувалоқ (Otis tardа), бизғалдоқ (Tetrax tetrax) ва йўрға тувалоқ (Chlamydotis undulata) киради (176-расм). Дудак ёки тувалоқнинг оғирлиги 16 кг гача боради, уясини чўлларда ҳар хил ўсимликлар орасига, баъзан бошоқли дон экинлари экилган далалар ва ерга қуради. Баҳорда жуфт ҳосил қилиб яшайди, лекин тухумини фақат урғочиси босади. Ўзбекистон текисликларида йўрға тувалоқ учрайди. Унинг оғирлиги 2,5 кг. Баҳорда (мартда) ва кузда (сентябрнинг иккинчи ўн кунлигида ва октябрь ойининг бошларида) учиб ўтади. Йўрға тувалоқ янги новдалар, ёввойи пиёз, саримсоқ, қўнғиз, чигиртка ва калтакесаклар билан озиқланади. Уясида 2-6 та тухум бўлади, инкубация даври 30 кун. Қишда жанубга – Кавказ, Ҳиндистон ва Африкага учиб кетади. Жўжа болали. Ўзбекистон фаунасида 3 та тур тувалоқ ҳам учрайди. Кўриқ ерларни ўзлаштирилиши ва тартибсиз овланиши натижасида тувалоқларни сони камайиб бормоқда, шунинг учун улар Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоб»ларига киритилган. Сувмошаксимонлар (Rallidae) оиласига кичик ва ўртача катталикдаги қушлар кириб, улар ўтлоқларда, ботқоқликларда, дарё қирғоқларида учрайди. Уларнинг бўйни узун, оёғи эса калта, тумшуғи ён томондан сиқилган, бурун тешиклари очиқ, қанотлари калта ва тўмтоқ. Одатда ёмон учади, лекин қалин буталар орасида бемалол ўрмалаб ва югуриб юради. Кўпчилиги тунда ҳаёт кечиради. Айрим турлари сувда ҳам сузади. Чуғурчуқдай келадиган (массаси 200 г атрофида) тар-тар деган тури дарё қирғоқларида, ўтлоқларда яшайди. Ўзига хос тариллаган товуш чиқариб сайрайди, шунинг учун ҳам тар-тар деб аталади. Типик вакилларига тар-тар (Crеx crеx), ботқоқ товуқчаси, яъни погониш (Porzаna porzаna), ғозқанжир (Gallinula chloropus) ва қашқалдоқ (Fulica atra) лар киради. Қашқалдоқлар сувда яхши шўнғийди. Сувмошаклардан, асосан қашқалдоқлар ов аҳамиятига эга. Сувмошаклар ерга уя қуради ва уясига 3-12 та тухум қўяди. Улар ўсимлик озуқалари ва умуртқасиз ҳайвонлар билан озиқланади. Бу туркумнинг 13 та тури МДҲ да учрайди. Жўжа очувчи қушлар ҳисобланади. Насли учун иккала жинси ҳам ғамхўрлик қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |