Товуқсимонлар (Galliformes) туркуми. Бу туркум вакиллари ер юзида кенг тарқалган ўртача катталикдаги қушлар бўлиб, ўсимлик озуқаси билан озиқланади. Уларнинг гавдаси пишиқ, ерни ковлашга лаёқатланган тўмтоқ тирноқли оёқлари кучли ривожланган. Тумшуғи бақувват, қанотлари калта ва кенг, жиғилдони ва мускулли ошқозони яхши ривожланган. Уларнинг тўртта бармоғи бўлиб, 3 таси олдинга ва 1 таси орқага қараган. Бармоқлари орасида сузгич пардалари йўқ, асосан ўтроқ ҳолда яшайди ва ер юзида кенг тарқалган. 280 дан ортиқ турлари бор. МДҲ да 20 та тури, шу жумладан Ўзбекистонда 8 та тури учрайди. Улар асосан ўсимликларнинг вегетатив қисми, меваси, уруғи ва ҳар хил умуртқасиз ҳайвонлар билан озиқланади. Товуқсимонлар полигам қушлар. Бу туркумга кирувчи қушларнинг эркаклари кўпинча йирик ва рангдор бўлади. Насл учун асосан урғочилари ғамхўрлик қилади. Урғочилари ер устида чуқурча шаклида уя қуради ва 2 тадан 26 тагача тухум қўйиб, тухумини босиб ётади. Жўжа очувчи қушларга киради. Товуқсимонлар туркумига кирувчи қушлардан кўплаб хонаки зотлар етиштирилган. Кўпчилиги овланади. Бу туркумнинг 4 та оиласи бор (27-жадвал): 1. Чўптовуқлар (Megapodiidae) оиласи. 2. Қирғовуллар (Phasianidae) оиласи. 3. Қурлар (Tetraonidae) оиласи. 4. Гоацинлар (Opisthocomidae) оиласи. Чўптовуқлар (Megapodiidae) оиласига кирувчи қушлар Австралия ва Тинч океаннинг баъзи ороллари атрофида яшайди. Бу товуқларнинг эркаклари кўпайиш даврида ердан чуқурча қазийди ва бу чуқурчани ҳар хил хас-чўплар билан тўлдиради. Қуёш нури таъсирида ўсимлик қолдиқлари чирийди ва натижада ҳарорат кўтарилади. Кейин урғочилари бу жойга йирик тухумларини қўяди, эркаклари уяни икки ой давомида тухумларини босмасдан қўриқлайди. Тухум қуёш таъсирида иссиқ ўтганда хас-чўпларни чириши натижасида тупроқни қизиб кетиши орқали ривожланиб, ота-онасининг иштирокисиз жўжалари тухумдан чиқади. Тухумдан чиққан жўжалари анча яхши ривожланган, усти пат билан қопланган бўлади ва мустақил яшайди. Қирғовуллар (Phasifаnidae) оиласига товуқсимонлар туркумининг энг кўп турлари киради. Улар асосан Жанубий кенгликларда кенг тарқалган бўлиб, оёқлари патсиз, эркакларининг оёқларида катта пих бўлади. Бу оилага хонаки курканинг аждоди – Шимолий Америка куркаси (Meleagris gallоpavo), Африка цесаркаси (Numida meleagris), Ҳиндистон товуси (Pavo cristatus), Ҳиндистон ёввойи банкив товуғи (Gallus gallus), қирғовуллар, какликлар ва беданалар киради. Ҳозирги товуқларнинг аждоди ҳисобланган ёввойи банкив товуғи Жанубий Хиндистон, Жануби-Шарқий Осиё ва Ҳимолай тоғлари этакларидаги тропик ўрмонларда яшайди. Ўзбекистонда қирғовуллар оиласининг 7 та тури учрайди. Бедана (Coturnix coturnix) қирғовуллар оиласи орасида энг майдаси бўлиб, оғирлиги 80-120 г келади. Товуқсимонлар туркуми ичида фақат беданалар учиб кетувчи қушлар ҳисобланади. Биздаги беданалар асосан Ҳиндистонда ва Африкада, озроқ қисми эса Европанинг жанубида ва Кавказда қишлайди. Улар кўпинча очиқ жойларда, яъни чўлда, далада, ўтлоқзорларда яшайди. Беданалар ўт-ўланлар орасига 12-15 та, баъзан 24 тагача тухум қўяди ва тухумни 21 кун босади. Улар ўсимлик озуқалари ва майда умуртқасиз ҳайвонлар билан озиқланади. Беданалар кузда жуда ҳам семириб кетади ва кўплаб овланади. Ўрта Осиё давлатларида одамлар беданани сайроқи қуш сифатида хонадонларда боқишади. Охирги йилларда бедана тухуми ва мазали гўшти учун махсус фермаларда боқилади.
Каклик (Alectoris graeca) чилдан бир оз йирикроқ, оғирлиги 400-500 г келади. МДҲ да кенг тарқалган. Патлари қўнғир-кулранг. Какликлар асосан Кавказ, Ўрта Осиё, Олтойнинг тоғли ҳудудларида кўп учрайди. Ўзбекистонда Қизилқум тоғлари ва Ўзбекистоннинг барча тоғли ҳудудларида тарқалган. Улар ўз уяларини ерни ковлаб ичига хас-чўп ва патлар солиб қуради. Уяларига 12-26 та тухум қўяди. Тухумларини 21 кун босиб ётади. Гўшти мазали. Қирғовуллар асосан Осиёнинг жанубий қисмида кўплаб учрайди. МДҲ да, шу жумладан Ўзбекистонда қирғовуллардан оддий қирғовул (Phasianus colchicus) дарё водийларидаги тўқайларда ҳамда Тяншань, Туркистон ва Бойсун тоғларида учрайди. Эркагининг оёғида катта пихи бўлади ва оёқлари патсиз. МДҲ да қирғовуллар Волга бўйларида, Кавказ, Ўрта Осиё, Қозоғистон ва Узоқ Шарқда тарқалган. Улар қалин ўрмонларда, буталар орасида ва қамишзорларда яшайди. Қирғовул чиройли, йирик қуш, эркагининг оғирлиги 1,5 кг келади. Патларининг ранги урғочиларидан фарқ қилади, яъни кўкраги, бўйни ва орқаси ялтироқ бинафша тусда, кўкрагининг ўртаси эса қизил рангда бўлади. Урғочисининг орқаси очиқ қўнғир тусда, кўкрагининг усти сарғишжигаррангда бўлади. Дарахтларга камдан-кам қўнади. Уясини буталар орасига чуқурчалар қазиб, хас ва пат билан тўшалган уя қуради. 10-18 та тухум қўяди. Инкубация даври 25-26 кун. Қирғовуллар ҳар хил ўсимлик уруғлари, мевалар ва ҳашаротлар билан озиқланади. Бошоқли донлар йиғиштирилгандан кейин далада тўкилиб қолган донлар билан ҳам озиқланади, ғаллачиликка зарар етказмайди. Зараркунанда ҳашаротларни ва бегона ўтларни уруғини еб фойда келтиради. Кўп ҳудудларда дарёлар ўзанларининг ўзгариши, тўқайларнинг ўзлаштирилиши сабабли қирғовулларнинг сони камайиб кетмоқда. Шунинг учун уларни махсус қўриқхоналарда кўпайтирилмоқда. Африка ўрмонлари ва бутазорларида цесаркалар (Numidinae) кичик оиласига кирувчи 7 та тур учрайди. Ташқи кўринишидан товуққа ўхшайди. Массаси 1 кг атрофида. Шимолий Американинг жанубий ҳудудларида ва Марказий Америкада алоҳида куркалар (Meleagridinae) кичик оиласига кирувчи 2 тур курка учрайди. Қурлар (Tetraоnidae) оиласини турлари унчалик кўп эмас. Улар Ўрта ва Шимолий минтақалардаги нинабаргли ва аралаш ўрмонларда тарқалган. Қурларнинг эркакларини оёғида пихи бўлмайди, илигининг ярмигача патлар билан қопланган, бармоқларининг четида шох тишчалари бор. Бу оилага қур (Lyrurus tetrix), карқур (Tetrao urogallus), оқ куропатка (Lagopus lagopus) ва чил (Tetrastes bonasia) киради (173-расм). Бу қушларнинг тумшуғи нисбатан катта, учки қисми ўткирлашган, бурун тешиклари патчалари орасида яширинган бўлади. Улар қишлаш учун ҳеч қаерга учиб кетмайди, уясини асосан ерда қуради. Тундрада, тайгада ва Сибирь ўрмонларида оқ куропатка (Lagopus lagopus) яшайди. Унинг катталиги каптардай, яъни 500-850 г келади. Ёзда уларни ранги ернинг рангига ўхшаш жигарранг тусда, қишда эса оқ тусда бўлади. Ерга уя қуриб, 6-16 та тухум қуяди. Инкубация даври 23 кунга тўғри келади. Ов аҳамиятга эга. Қур(Lyrurus tetix)нинг катталиги товуқдай келади. Эркаги қора, урғочиси жигарранг бўлади. МДҲ да нина баргли ва аралаш ўрмонларда кенг тарқалган. Инларини ерга қуриб, 4-12 та тухум қўяди, 23 кунда тухумдан жўжаси очиб чиқади. Насл учун урғочиси ғамхўрлик қилади. Улар асосан резавор-мевалар, ўсимлик уруғлари ҳамда ҳашаротлар билан озиқланади, ўсимликларнинг яшил баргларини ҳам юлиб ейди. Кузда қурлар экинзорларга учиб келиб, у ерда фақат озиқ эмас, балки тош ҳам йиғади. Қор ёққандан кейин уларнинг озиғи асосан куртак, новда, оққайин, қайрағоч меваларидан иборат бўлади. Овқат ҳазм қилишида тошларнинг аҳамияти жуда катта. Ёш қурлар ҳаётининг биринчи куниданоқ тош йиға бошлайди. Қушларнинг ошқозонидаги тошларнинг микдори йил фаслларига қараб ўзгариб туради. Энг кўпи (15 г гача) кузга, яъни қушлар дағал озиқ ейишга ўтиши даврига, энг ками қишга тўғри келади. Тошларнинг қишда камайиши, қор остидан ўтларни топиш имконияти бўлмаслиги, қиш фаслида уларнинг ишқаланиб ейилиши ва қисман озиқ қолдиғи билан чиқариб ташланишига боғлиқ. Қурлар кўп вақтини дарахтда ўтказиб, қарағай, тилоғоч ва кедрларнинг нина барглари билан ҳам озиқланади. Қалин шохлар орасида тунайди. Қишда юмшоқ қор орасига кириб фақатгина тунни эмас, балки кучли совуқ бўлганда кундуз куни ҳам шу ерда ўтказади. Баҳорда эрта тонгда қурларнинг эркаклари қайинларнинг шохларига қўниб, ўзига хос сайрайди. Қурлар катта ов аҳамиятига эга.
Қурсимонлар оиласи ичида энг катта қуш бу оддий карқур (Tetrao urogallus) ҳисобланади. Эркагининг оғирлиги 3-5,5 кг, урғочисиники эса 2-3,5 кг келади. Карқурлар Қримда, Кавказда ва Ўрта Осиё ўрмонларида учрамайди. Улар асосан Байкал ортида кенг тарқалган, айниқса Лена дарёси ўрта оқимлари бўйларида кўплаб учрайди. Карқурлар ерга уя қуриб, 10 тага яқин тухум қўяди. Тухумини 23 кун босиб ётади. Бир йилдан кейин бошқа товуқсимонларга ўхшаб жинсий вояга етади. Карқурлар ҳам қурлар каби озиқланади. Қop бўлмаган вақтларда карқурларнинг озиғи хилма-хил бўлади. Улар мева, уруғ, ҳашаротлар билан озиқланади. Қишда қалин қор ёққандан кейин озиғи бир хил бўлиб қолади. Бу вақтда қарағай, тилоғоч, кедр, қисман можжевельник барглари билан озиқланади. Игнабаргларнинг калорияси паст бўлганлиги туфайли қушлар ҳар гал 250 г га яқин озиқ истеъмол қилади. Катта микдордаги дағал озиқнинг майдаланишида тошчалар катта аҳамиятга эга. Тошчалар билан тўлган мускулли ошқозон фақат ўсимликларни эмас, балки кедр ёнғоқларини ҳам майдалайди. Қуш тошчаларни қор бўлмаган даврда, айниқса кузда кўп ютади. Баҳорда улар ошқозонидан топилган тошчаларнинг ўртача массаси 4 г, августда 8 г, сентябрда 24 г ва октябрда 44 г келади. Карқурларнинг эркаги дарахтларни шохида ҳам ерда ҳам қақағлаб сайрайди. Сайраётган вақтида карқурнинг қанотлари осилиб тушган, боши кўтарилган, думи ёзилган бўлади. Карқурлар бўғиқ овозда сайрайди. Аввал чақчақлаб, кейин эса чириллаб сайрайди. Карқурлар сайраган вақтда атрофда нима бўлаётганлигига аҳамияти бермайди, у гўё ҳеч нарсани кўрмайди ва эшитмайди, бу вақтда унга жуда ҳам яқин келиш мумкин. Карқурлар мунтазам равишда овланади ва улар катта ов аҳамиятига эга. Чил (Tetrastes bonasia) қурсимонлар оиласидаги энг кичик қуш ҳисобланади. Унинг оғирлиги 400 г атрофида. МДҲ да кенг тарқалган, ўрмонларда ўтроқ ҳолда яшайди. Буталар орасига уя қуриб, 6-14 та тухум қўяди. Тухумни 3 ҳафтагача босиб ётади. Эркаги уя қуришда ва жўжа тарбиясида иштирок этмайди. Жўжалари тухумдан чиққандан бир неча соатдан кейин онасининг орқасидан эргашади. Чиллар ўсимликлар озиғи ҳамда ҳашаротлар билан озиқланади. Чиллар ов аҳамиятига эга. Россияда энг муҳим овланадиган қушлардан ҳисобланади. Гоацинлар (Opisthocomidae) оиласига Жанубий Американинг доим сув босадиган тропик ўрмонларида яшовчи ўзига хос оддий гоацин (Opisthocomus hoazin) деган ягона тур киради (174- расм). Гоацин қийналиб учади. Кўкрактож суяги ривожланмаган. Жиғилдони катта ва яхши ривожланган кучли мускулга эга бўлиб, мускулли ошқозон вазифасини бажаради. Дарахтларнинг дағал барглари, мевалари ва донлар билан озиқланади. Гоациннинг узунлиги 60 см гача етади, бошида узун кокили бор. Жўжалари пат билан сийрак қопланган ҳолда тухумдан чиқиб, биринчи кунданоқ дарахтларга бемалол чиқа олади. Дарахтларда ҳаракат қилганда фақат оёқлари ва йўғон илмоқли тумшуғидан фойдаланиб қолмасдан, балки қанотларидаги биринчи ва иккинчи бармоқларининг узун тирноқларидан ҳам фойдаланади. Бундан ташқари жўжалари яхши сузади. Гоацинлар кичик гуруҳ бўлиб сув устидаги дарахт шохларига битта умумий уя қуради ва уясига 2-4 та тухум қўяди. Тухумни бир неча урғочи гоацинлар навбат билан босади. Улар 40 тагача гала бўлиб яшайди. Жўжаларини эркаги ва урғочиси ўз жиғилдонидаги озиқ билан боқади. Жўжалари хавф туғилганда тез ўрмалаб дарахт шохлари орасига яширинади ёки сувга шўнғийди. Гоациннинг тухумдан чиққан жўжалари жиш бола билан жўжа бола очувчи қушларнинг оралиқ формаси ҳисобланади. Ўса борган сари уларнинг ўрмалаши ва сувда шўнғиш қобилияти йўқолади.
Товуқсимонлар туркумининг ҳамма турлари катта ов аҳамиятига эга. Айрим турлари саноат овининг асосини ташкил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |