3. Тараққиётнинг “ўзбек модели” тамойилларининг заминида фуқаролик жамиятини барпо этиш ва янада ривожлантириш борасида эришилган натижалар.
Мамлакатимизда тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнлари барча жабҳаларда изчиллик билан босқичма-босқич равишда ривожланиб келмоқда. Жумладан, истиқлол йилларида юртимизда фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва маънавий асослари ўзаро мутаносиб равишда ривожлантирилди. Бугунги кунда ушбу жараёнлар янги сифат босқичи шароитида давом этмоқда.
Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш вазифаларини амалга ошириш жараёнида миллий тараққиёт модели хусусан, давлатнинг бош ислоҳотчилиги заминига таянган ҳолда, фуқаролик жамиятига хос бўлган барча хусусиятларга бирдек эътибор қаратилди. Жумладан, фуқаролик жамиятининг Конституциявий асос-белгиси, сиёсий асос-белгиси, иқтисодий асос-белгиси, маънавий асос-белгиси каби жиҳатларини ривожлантириш, ислоҳотлар жараёнининг мухим стратегик йўналишини ташкил қилди.
Мамлакатимиз Конституциясида муҳрлаб қўйилган ҳуқуқий нормалар фуқаролик жамиятининг фундаментал асосларини нафақат қарор топиши балки, изчил ривожланиши учун кенг истиқболларни очиб берди. Конституциямиз ўз моҳиятига кўра, фуқаролик жамиятини қарор топтириш қоидаларини ўз бағрига қамраб олган етакчи ҳуқуқий ҳужжат бўлганлиги учун унинг асосида фуқаролик жамияти шаклланишига хизмат қилувчи қонунлар базаси яратилди. Конституциямиз заминида қабул қилинган қонунлар юртимизда фуқаролик жамияти асосларини кафолатли равишда шаклланишига хизмат қила бошлади. Бу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу қонунчилик базаси асосида фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари тизими ва фаолиятининг Конституциявий асослари мустаҳкамланди.
1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида улкан аҳамиятга эга бўлди. Фуқаролик жамиятининг социал асосларини ривожланиши учун шароитларни яратиб берди ва мазкур қонунга 2013 йилда киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар натижасида ушбу қонуннинг нормаларида фуқаролик жамиятини муҳим асоси бўлган фуқаролар ўз-ўзини бошқариш органлари фаолиятини янги сифат босқичига кўтарилиши учун янада кенг қамровли асослар яратилди. Шу муносабат билан 2004 йилда қабул қилинган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонун ҳам 2013 йилда киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнатижасида фуқаролик жамиятининг таянчи бўлган маҳалланинг ташкилий – ҳуқуқий асосларини мустаҳкамланишига замин бўлди. Шу жумладан, тараққиётнинг “ўзбек модели” тамойилларига тўлиқ асосланган ҳолда фуқаролик жамияти амал қилиши ва ривожланишининг муҳим омиллари бўлган жамоат ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратишга ҳам катта аҳамият берилди. Жумладан, 1999 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат - нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуни, 2003 йилда “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонуни, 2007 йилда “Ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуни шунингдек, “Нодавлат-нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунларининг қабул қилиниши мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шаклланиш жараёнларига улкан куч бағишлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2008 йилда қабул қилинган “Нодавлат-нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қўшма қарори юртимизда фуқаролик жамияти институционал заминларини тез суръатларда ривожлантирувчи манба бўлди.
Ўзбекистонда фуқаролик жамиятига хос бўлган демократик сиёсий тизимни изчил ривожлантириш ва унинг доирасида фуқаролик жамияти ривожланиши учун зарур бўлган сиёсий асосларни мустаҳкамлашга бош стратегик мақсад сифатида ёндашилди. Бу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз Президенти И.А.Каримовнинг биринчи чақириқ Олий Мажлиснинг ўн тўртинчи сессияси (1999 йил апрель), иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг биринчи сессиясида (2000 йил январь) қилинган маърузаларида фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг назарий заминлари ҳар томонлама асосланди ва истиқболдаги тараққиёт йўналишлари кўрсатиб берилди.
2000 йил 22 январь куни иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг биринчи сессиясида давлатимиз раҳбари И.А.Каримовнинг “Озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз” номли маърузасида мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий асослари белгилаб берилди. Унинг моҳиятини жамиятнинг барча соҳаларини эркинлаштириш – либераллаштириш ташкил этади. Зеро, фуқаролик жамияти ўз мазмунига кўра фуқаро эркинлигининг юксак босқичини англатади.
И.А.Каримов маърузасида таъкидланганидек, “Бизнинг бош стратегик мақсадимиз қатъий ва ўзгармас бўлиб, бозор иқтисодиётига асосланган эркин демократик давлат барпо этиш, фуқаролик жамиятининг мустаҳкам пойдеворини шакллантиришдан иборат.
Бу, лўнда қилиб айтганда, ривожланган давлатларнинг тажриба ва тараққиёт моделларидан кўр-кўрона нусха кўчирмаган ҳолда, уларга хос юксак ҳаёт даражаси ва сифатига эришиш.
Мамлакатимизда миллати, тили ва динидан қатъий назар, ҳар бир инсоннинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланадиган, фаровон турмуш тарзи таъминланадиган демократик ривожланиш йўлини изчил давом эттириш демакдир.
Шу билан бирга, биз халқимизнинг асрий олийжаноб анъаналарига, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятига, миллий қадриятларимизга доимо содиқ қолишимиз демакдир”1.
Президентимизнинг ушбу маърузасида фуқаролик жамиятини шаклланиши учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилувчи еттита устувор стратегик вазифалар асослаб берилди. Булар:
биринчидан, сиёсий соҳани эркинлаштириш;
иккинчидан, давлат қурилиши ва бошқаруви соҳасини эркинлаштириш;
учинчидан, иқтисодиёт соҳасини эркинлаштириш;
тўртинчидан, маънавият соҳасини эркинлаштириш;
бешинчидан, суд-ҳуқуқ соҳасини эркинлаштириш;
олтинчидан, ташқи сиёсат фаолият соҳаси асосларини мустаҳкамлаш;
еттинчидан, хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирларини такомиллаштириш.
Бу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатда фуқаролик жамиятига хос бўлган демократик сиёсий тизимнинг ўзига хос хусусиятлари, унинг демократик тамойилларини ривожлантириш масалалари Президент И.А.Каримовнинг биринчи ва иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг сессияларидаги (1995-2004 йиллар), шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги (2005 йил 28 январь) маърузалари “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концептуал сиёсий дастурининг асосини ташкил этди1.
2010 йилнинг 12 ноябрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида давлатимиз раҳбари И.А.Каримов томонидан илгари сурилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”да мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий ривожининг том маънодаги, янги сифат босқичидаги стратегик тараққиёт йўналишларини асослаб берилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган мазкур Концепция юртимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришнинг ҳозирги даврдаги дастурул амали бўлиб хизмат қила бошлади.
Концепцияда 50 зиёд қонун ва ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунда 27 та қонун, ўнлаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётимизга татбиқ этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари И.А.Каримов хулоса қилганидек, “Шулар қаторидан 2011 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар қиритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Қонун давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасидаги ғоят муҳим қадам бўлди”9.
Президентимиз томонидан асослаб берилган Концепция асосида мамлакатимизда Парламент ислоҳотларини янада ривожлантириш жараёнларини амалга оширилганлиги фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг эволюцион босқичлари тизимида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Жумладан, мамлакатимиз парламентини ислоҳ қилиш орқали замонавийлаштириш вакиллик демократиясини амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилувчи қоидаларнинг Конституциявий асосларини белгиланиши фуқаролик жамиятининг муҳим ўзаги бўлган фуқаролар демократик ҳақ-ҳуқуқларини, эркинликларини мислмиз равишда кенгайишига сабаб бўлди. Бу жараёнларни жумладан, Конституциямизнинг 98-моддасига киритилган муҳим демократик ўзгартиш ва қўшимчаларда кузатишимиз мумкин. Унинг асосида асосий қонунимизнинг мазкур моддасига икки муҳим сиёсий – ҳуқуқий институт жорий этилди. Яъни Бош қомусимизда белгиланганидек, “Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади.....Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонинг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади”1.
Мамлакатимиз Парламентининг Конституциявий асосларига киритилган янгиликлар ўз моҳиятига кўра фуқаролик жамиятини шакллантириш манфаатлари устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимиз тараққиётининг миллий модели заминида фуқаролик жамиятининг иқтисодий асосларини яратиш борасида ҳам изчил равишда улкан самараларга эришиб келинмоқда.
Президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганидек, “Ўз вақтида, бизнинг тақдиримиз ҳал бўлаётган ўта оғир ва хатарли бир замонда, турли хомхаёллардан воз кечиб, бизга кўрсатилган тазйиқ ва зўравонликларга қарамасдан, бугунги кунда дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб тан олинган, демократик давлат, эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш, халқимизнинг ҳаёт даражасини муносиб босқичга кўтариш бўйича чуқур ўйланган ривожланиш йўлимизни қатъий белгилаб олганимиз, ҳеч шубҳасиз, том маънода тарихий ютуғимиз бўлди”10.
Иқтисодий ислоҳотлар стратегиясини амалга оширишда мамлакатимизни ислоҳ этишнинг устувор принципларидан бири бўлган иқтисодиётни мафкурадан ҳоли этиш унинг сиёсатдан устунлигини таъминлаш, шу билан биргаликда ўтказилаётган ислоҳотларни босқичма-босқич ҳамда кучли ижтимоий ҳимоя воситаларини қўллаш қоидалари изчиллик билан қўлланди. Шу билан бир қаторда, Президентимиз рахнамолигида иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда иқтисодиётни янада либераллаштириш ва унинг демократик-ҳуқуқий базасини босқичма-босқич кенгайтириб бориш принципларига етакчи аҳамият қаратилди.
Мамлакатимизда бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни янада либераллаштириш ва модернизация қилиш жараёнларининг ривожлантирилишида жамиятимиз тараққиёти учун дастуруламал бўлиб хизмат қилаётган Президентимиз Концепцияси ғоялари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмоқда. Концепциянинг олтинчи стратегик йўналиши мамлакатимизда Демократик бозор ислоҳотларни ва иқтисодиётни янада чуқурлаштиришга бевосита бағишлангандир. Ушбу стратегик Дастур қоидаларидан келиб чиққан ҳолда, юртимиз иқтисодиётини айниқса ҳусусий тадбиркорликни, кичик бизнесни янада ривожлантириш бўйича ҳуқуқий базани ривожлантириш вазифалари қўйилди. Президентимиз таъкидлаганидек, “Биринчи навбатда, хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва ҳимоясини мустаҳкамлашимиз, ҳар қайси хусусий мулкдор қонуний йўл билан қўлга киритган ёки яратган ўз мулкининг дахлсизлигига асло шубҳа қилмаслигини таъминлайдиган ишончлик кафолатлар тизимини яратишимиз зарур”1.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил иқтисодий ислоҳотлар натижасида иқтисодиётни замонавий технологиялар билан таъминлаш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан мутассил янгилаб бориш, таркибий ўзгаришларни сифатли даражада амалга ошириш натижаларига олиб келди.
Буларнинг натижасида Давлатимиз раҳбари И.А.Каримов хулоса қилганидек, “Айнан туб таркибий ўзгаришлар, юқори технологияларга асосланган янги ва замонавий корхоналарни барпо этиш, фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш қувватларини кенг миқёсда янгилаш ва модернизация қилиш борасида пухта ўйланган стратегия туфайли мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулотида саноатнинг улуши 1991 йилдаги 14 фоиздан бугунги кунда қарийиб 25 фоизга ўсди. Айни пайтда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлаб чиқаришнинг улуши 34 фоиздан 17 фоизга камайди. Лекин бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари камайди, дегани эмас. Мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг умумий ҳажми ошиб бормоқда. Юқорида таъкидланганидек, юртимизда ялпи ички маҳсулот ҳажми 1991 йилга нисбатан 5 карра ўсди”11.
Маълумки, 2015 йил 16 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди. Мазкур мажлисда “2015 йилда иқтисодиётимизда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, модернизация ва диверсификация жараёнларини изчил давом эттириш ҳисобидан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш-устувор вазифамиздир” мавзусида Президентимиз И.А.Каримов томонидан маъруза қилинди.
Жумладан, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ўтган йил якунларини сарҳисоб қилар эканмиз, биринчи навбатда, иқтисодиётимиз ва унинг етакчи тармоқларини ривожлантириш борасида барқарор юқори ўсиш суръатларига эришганимизни таъкидлаш жоиз. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8,1 фоиз, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 8,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши 6,9 фоиз, капитал қурилиш 10,9 фоиз, чакана савдо айланмаси ҳажми 14,3 фоизга ошди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг қарийиб 70 фоизини юқори қўшимча қийматга эга бўлган тайёр товарлар ташкил этди. Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 2014 йилда 9,4 фоиз, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,7 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 10 фоизга ўсди. Инфляция даражаси йил якунлари бўйича 6,1 фоизни ташкил этди.”1.
Биз танлаб олган тараққиёт йўлининг улкан самараларини эътироф қилар экан, дунёнинг нуфузли экспорт институтларидан бири бўлган Gallup World институти аҳолининг баҳтиёрлик, ҳушкайфиятлар Индекси (Positive Experience Index) бўйича ўтказган тадқиқотларга кўра Ўзбекистон жаҳоннинг 138 та мамлакати орасида 29-ўринни эгаллаган. Республикамиз МДҲ мамлакатлари орасида ушбу индекс бўйича биринчи ўринда турибди. Қиёслаш учун келтириб ўтиш жоизки, мазкур индекс бўйича Франция 34-ўринда, Финляндия 36-ўринда, Италия 45-ўринда турибди2.
Ўзбекистоннинг XXI асрга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ғояларини ўзида мужассам этган Президент Концепцияси мустақил замонавий демократик фуқаролик жамияти барпо қилишининг етакчи модели сифатида юртимиз равнақига ҳизмат қилиб борар экан, бу ўз навбатида мамлакатимиз истиқболи порлоқ эканлигидан далолат беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |