Франкларнинг давлат тузуми. Франклар давлати илк феодал якка ҳокимлиги (монархия) шаклида идора этилувчи давлат бўлиб, унинг тепасида қирол турган. Тахт наслдан– наслга мерос бўлиб ўтган. Дастлабки франк қироллари анча кенг ҳокимиятга эга эди. Улар одатларга амал қилиб, халқ лашкарларини чақирганлар ва уруш вақтида уларга қўмондонлик қилганлар, ҳамма бажариши шарт бўлган фармойишлар – бонни чиқариб, давлатда олий суд ҳокимиятини амалга оширганлар ва солиқлар йиғганлар7.
Карл Мартелл томонидан амалга оширилган ислоҳотлар катта аҳамиятга эга бўлди. Карл Мартелл қирол ҳокимиятини жуда кучайтирди. Унинг тахт вориси Пипин III Пакана (741– 768 йиллар) ҳам дастлаб фақат майордам унвони билан юрган бўлса-да, лекин давлатни бошқаришда ҳал қилувчи рол ўйнарди.
Унинг даврида ҳам қироллар одатда давлатни идора этишда қатнашмасдилар. Ниҳоят, Пипин давлат ўзгариши ясади ва эски сулолани тахтдан туширди. 751 йилда франкларнинг қироли деб эълон қилинди (Каролинглар сулоласи шу тариқа расмийлашган эди). Пипиннинг ўғли Буюк Карл император унвонини олиб, жуда катта ҳокимиятни қўлга киритишга эришди. Қирол ҳокимияти энг кучайган ва монархиянинг энг гуллаб– яшнаган даври айнан Буюк Карл ҳукмронлиги даврига (VIII асрнинг иккинчи ярми – IX асрнинг бошига) тўғри келади. Бу вақтда катта истилочилик юришлари натижасида Франклар давлати таркибига ҳозирги Ғарбий Германия, Шимолий Италия, Шимолий Испания ҳудудлари, шунингдек, кўпгина бошқа ерлар қўшиб олинди8. Қироллик кенгаши доимий орган эмасди, лекин мамлакат сиёсий ҳаётида жуда катта ўрин тутарди. Қирол ўз қонунларини ана шу кенгаш билан бирга қабул қиларди. Бундан ташқари, император томонидан деярли ҳар йили кузда феодалларнинг сездлари чақирилар эди. Унда энг муҳим капитулярийлар муҳокама қилинарди. Давлатда қиролдан кейин биринчи мансабдор шахс майордам ёки бошқача сўз билан айтганда, сарой мэри эди. Дастлаб у фақат қирол саройининг бошқарувчиси ҳисобланиб, кейинчалик унинг ҳокимияти кучаяди ва давлатда олий мансабдор шахс лавозимига – биринчи вазир даражасига эришади. Амалда майордам қирол номидан граф ва герцогларни тайинлаган, алмаштирган ва уларга фармойишлар берган. Қирол ёш бўлса, майордам унинг тарбияси билан шуғулланиб, ҳақиқатда давлат бошлиғи мавқеига эга эди9.
Юқори мансабдаги амалдорлар: сенешал – қиролнинг шахсий ишларини юритувчи ва айни вақтда бутун сарой хизматчиларини бошқарувчи; маршал – отлиқ аскарлар бошлиғи; камерарий – қирол хазинасининг бошлиғи; сарой графи – қиролнинг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси; референдарий (архиканцлер) – император девонхонасининг бошлиғи ва бошқалардан иборат эди.
Каролинглар сулоласи даврида майордам мансаби тугатилиб, сарой графининг роли ошди. Бу даврда диний ишлар билан шуғулланувчи архикапеллана деган мансаб вужудга келди, унга кейинчалик девонхона ҳам бўйсундирилди. У фармонлар тайёрлаш, уларни сақлаш ишлари билан шуғулланган, унинг энг биринчи ёрдамчиси канцлер эди.
Франклар давлати округ (паг)ларга, яъни графликларга бўлиниб, ҳар бир пагнинг тепасида граф турган. Граф одатда йирик ер эгалари ичидан қирол томонидан тайинланган. У ўз ҳудудида суд, маъмурий, молиявий, ҳарбий ваколатларни амалга оширган. Графликларда сацебаронлар молиявий органлар сифатида ҳаракат қилган. Улар кейинроқ граф мансабининг ривожланиши билан тугатилган. Паглар, яъни графликлар юзликларга бўлинган. Юзликлар тепасида юзбошилар турган.
Юқоридагилар билан бир қаторда, жойларда тунгинлар ҳам бўлиб, улар асосан суд функциясини бажарган. Графларнинг ўринбосарлари ва ёрдамчилари викарийлар ёки вице-графлар деб юритилган. Баъзи жойларга (одатда чегара туманларга) қирол герцоглар тайинларди. Герцогнинг ваколати бир неча (2–12) графликкача ёйилган. Унинг асосий вазифаси мудофаани ташкил этиш ва мамлакатни ҳимоя қилиш эди.
Каролинглар сулоласи даврида маҳаллий идора органларининг ишини текшириш учун ҳар йили икки кишидан иборат элчилар тайинланарди. Уларнинг бири дунёвий, иккинчиси диний кишилардан иборат эди.
Олий суд ҳокимияти монархга – қиролга – императорга тегишли эди. Қироллик кенгаши энг хавфли ҳуқуқбузарликларни кўриб ҳал қиларди. Мамлакатда энг кўп ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ишларни кўриб ҳал қиладиган суд – юзликлар суди эди. Буюк Карл замонида черков судлари ҳам пайдо бўлди. Бундан ташқари, аралаш таркибдаги судлар ҳам вужудга келди10.
Do'stlaringiz bilan baham: |