1-БОБ. МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТ ТАҲЛИЛИНИНГ НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ
Режа
1.Мавзу бўйича нашр қилинган адабиётларнинг назарий таҳлили ва амалиётдаги муаммолар
2.Молиявий ҳисобот таҳлилининг предмети, методи, объекти, мақсади, мазмуни, вазифалари, принциплари, йўналишлари ва амалга ошириш босқичлари
3. Инвестиция ва кредитлар беришга доир қарорларни қабул қилиш, хўжалик юритувчи субъектнинг бўлғуси пул оқимига, уларга ишониб топширилган ресурсларга, мажбуриятларга, раҳбар органларнинг ишига баҳо беришда молиявий ҳисобот таҳлилининг муҳимлиги
4.Хўжалик юритувчи субъектнинг фаолияти, молиявий аҳвол ва ундаги ўзгаришларни таҳлил этишнинг ўзига хос хусусиятлари
5.Иқтисодиёт тармоқлар ва уларнинг таснифи
6.Молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар ва уларнинг ахборотга бўлган эхтиёжлари:таҳлил субъектларининг қизиқишлари ва манфаатлари
7.Хўжалик субъектининг молиявий аҳволи, фаолияти, молиявий аҳволидаги ўзгаришларни таҳлил этишнинг методологик асослари
8.Молиявий ҳисобот таҳлилида қўлланиладиган усуллар: горизонтал, вертикал, тренд, коэффициентлар, қиёсий, омилли таҳлил
9. Молиявий ҳисобот таҳлилини ташкил этишнинг муҳим жиҳатлари ва қоидалари
10.Молиявий ҳисобот таҳлили натижаларини умумлаштириш ва расмийлаштириш тартиби
11.Молиявий ҳисобот таҳлилининг назарий асослари бўйича илмий-назарий ва амалий тавсияларни ишлаб чиқиш
Ташкилотнинг молиявий ҳисоботини таҳлил қилиш унинг бухгалтерия (молиявий) ҳисоботларини (бухгалтерия баланси, молиявий натижалар, пул оқими, хусусий капитал тўғрисидаги ҳисоботини) баҳолаш жараёнидир. Молиявий ҳисоботлар одатда турли молиявий нисбатлар ва усуллар ёрдамида баҳоланадиган мураккаб жараён ҳисобланади. Молиявий ҳисоботларни таҳлил қилиш корхонанинг мулкий ва молиявий аҳволи, ликвидлиги, рентабеллиги, активлиги баҳолаш имконини беради. Корхонанинг молиявий ҳисоботларини таҳлил қилишдан мақсад, бу соҳаларда ижобий ва салбий тенденцияларни аниқлашдир.
Молиявий ҳисобот таҳлилида- ташкилотнинг ўтмиши ва ҳозирги молиявий ҳолати ва фаолиятини баҳолашнинг келажакдаги харакатларнинг сабабчиси бўлиши ёки ўтмишдаги харакатларнинг истиқболдаги қарорларга таъсир қила олмаслигини унутмаслик лозим.
Молиявий ҳисобот таҳлили-корхона ва ташкилотлар молиявий-хўжалик комплекс баҳо бериш орқали бошқарув самарадорлигини ошириш ва инвестиция учун имкониятларни аниқлаш, молиявий ҳолат ва унинг келгусидаги кутилишларини прогноз қилиш воситасидир.
Молиявий ҳисобот таҳлили юзасидан хорижий ва маҳаллий муаллифлар томонидан чоп этилган адабиётлар сони шу даражада кўпки уларни ўрганиш асосида битта хулосага келиш мумкин, яъни хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолият самарадорлиги, натижавийлиги, молиявий ҳолатини таҳлил этиш ва баҳолашни амалга оширмасдан тадбиркорлик ва ишбилармонликни мақсадли бошқарувини йўлга қўйиб бўлмайди.
Молиявий ҳисобот таҳлили орқали нафақат бўлиб ўтган жараёнларнинг самарадорлиги ва натижавийлигига баҳо берилади балки, уларнинг келгусидаги кутилишлари ҳам башорат қилинади. Бу эса рақобатдош иқтисодиётда янада муҳим аҳамият касб этади.
Молиявий ҳисоботлар нима, молиявий ҳисобот нима?
Молиявий ҳисоботлар молиявий ҳисоботнинг таркибий қисми ҳисобланади. Молиявий ҳисобот ана шу ҳисоботларга асосланган ёки улар билан боғлиқ бўлган изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришларни ҳам ўз ичига олади.
Молиявий ҳисобот-кенг доирадаги фойдаланувчиларнинг ахборотга бўлган талабини қаноатлантириш учун тузилади ва даврий равишда тақдим этилади. Кўпчилик фойдаланувчилар учун молиявий ахборотнинг асосий манбаси молиявий ҳисобот ҳисобланади.
Молиявий ҳисоботнинг мақсади бухгалтерия ҳисоби субъектининг ҳисобот санасидаги молиявий ҳолати, ҳисобот давридаги унинг фаолиятини молиявий натижаси ва пул маблағларининг харакати тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш ҳисобланади. Бироқ молиявий ҳисобот иқтисодий қарорлар қабул қилиш учун фойдаланувчиларга зарур бўлган барча ахборотни ўз ичига олмайди, чунки ҳисобот асосан аввалги воқеаларнинг натижаларини акс эттиради.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда қуйидаги молиявий ҳисоботлар таҳлили ва молиявий ҳисобот таҳлили тушунчаларига ҳам изоҳ бериш мумкин.
Молиявий ҳисобот таҳлили -бу корхонанинг молиявий ҳисоботлари ҳамда уларга берилган изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришлар билан биргаликда ўтказиладиган молиявий ҳолат, фойда ва зарарлар ва пул оқимларини комплекс ўрганишдан иборат тизимли жараён ҳисобланади.
Молиявий ҳисоботлар таҳлили бу- алоҳида олинган ёки молиявий ҳисоботнинг таркибий қисми бўлган (баланс, фойда ва зарарлар, пул оқими, хусусий капитал тўғрисидаги ҳисобот) маълумотлари асосида корхонанинг мулкий ва молиявий ҳолати, ликвидлиги ва тўловга лаёқати, молиявий барқарорлиги, иш активлиги, инвестицион активлик, кредитга қодирлик, иқтисодий ночорлик ва бошқа жиҳатларни ўрганишдан иборат жараён ҳисобланади.
Молиявий ҳисобот таҳлили глобал иқтисодиётда янада мураккаб жараёнга айланади. Яъни, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботни халқаро бизнес тилига интеграциялашуви таъсирида бизнес субъектларининг молиявий ютуқлари, имкониятлари ва йўл қўйилган камчиликлари аниқлашнинг ягона тартибига талаблар кучаяди. Бироқ, бу борада дунё ҳамжамияти ҳалига қадар ягона ечимга келгани йўқ. Унинг ечимини кўпинча молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш билан ҳал этилиши таъкидланади. Сабабки, ҳар битта тузум ва жамият шу пайтга қадар ўзининг иқтисодий ва сиёсий қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда ахборотларни ички ва ташқи қизиқувчиларга тақдим этишнинг умумий тартибларини белгилаб келган. Ҳатто иқтисодий ривожланиш тартиб таомиллари бир хил бўлган давлатларда ҳам унинг фарқли жиҳатларини кузатиш мумкин.
Молиявий ҳисобот таҳлили юзасидан етук хорижий олимлар қаторига М И Баканов, С Б. Барнгольц, В. Г. Гетьман, Н. В.,Дембинский, И. М. Дмитрев, О. В. Ефимов, В. В. Ковалев, М. В. Мельник, О.Е.Николаев, В. Ф. Палий, А.Д .Шеремет, Т.В. Шишков ва бошқаларни, Ўзбекистонлик олимлар қаторига И.Т.Абдукаримов, Р.Д.Дустмуратов, А.Т.Ибрагимов., Н.Ф. Ишонқулов, М.Қ. Пардаев, З.С.Сагдуллаев, Б.Ж.Хакимов, Т.Ш.Шоғиясов, Н.Н.Қаландарова, Н.Н.Мавлоновларни киритиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |