Кимёвий анализ лаборанти учун мехнат мухофазаси буйича йурикномани урганиш.
I. Хавфсизликнинг умумий талаблари
1.1. Лабораторияда ишлашга 18 ёшга тўлган, тиббий кўрикдан ўтган, лабораторияда ишлаганда хавфсизлик техникаси йўриқномасини ўрганган, иш жойида инструктаждан ўтган ва имтиҳон топширган, мустақил ишлаш учун рухсатнома олган шахсларга рухсат берилади.
1.2. Инструктажлар характерига ва ўтказиш вақтига кўра қуйидагиларга бўлинади: кириш, иш жойида бирламчи, такрорий, режадан ташқари ва мақсадли.
1.2.1. Кириш инструктажи. Меҳнат хавфсизлиги бўйича кириш инструктажи барча янги ишга олинган ходимлар билан тиббий кўрикдан ўтганларидан кейин ўтказилади. Инструктаж меҳнат муҳофазаси бўлими ходимлари билан меҳнатни муҳофаза қилиш хоналарида ходим ишга кираётган ишчи жойнинг шароити ва ўзига хос хусусиятларини ифодаловчи кўргазмали қуроллар ёрдамида ўтказилади.
1.2.2. Бирламчи инструктаж. Иш жойида бирламчи инструктаж янги ишга олинган ходимлар билан, бир бўлинмадан бошқа бўлинмага ўтаётган ёки ишда бошқа касбга ўтаётган ходимлар, вақтинчалик ходимлар, амалиёт ўтаётганлар билан ўтказилади. Иш жойида бирламчи инструктаж бевосита раҳбар (лаборатория бошлиғи, муҳандис-технолог, муҳандис-кимёгар) томонидан иш жойида бирламчи (такрорий) инструктаж дастури бўйича ўтказилади.
1.2.3. Такрорий инструктаж. Такрорий инструктаж бир кварталга бир мартадан кам бўлмаган тартибда ўтказилади. Такрорий инструктаж иш жойида бирламчи (такрорий) инструктаж дастури бўйича йўриқномани ўрганквчи билан суҳбат шаклида ўтказилади. Бирор сабабга кўра (меҳнат таътили, касаллик, хизмат сафари ва ш.ў.) ўз вақтида инструктаж ўтмаган ишчилар ишга чиққан кунларининг ўзидаёқ инструктаждан ўтишлари шарт.
1.2.4. Режадан ташқари инструктаж қуйидаги ҳолларда ўтказилади:
иш шароитлари ўзгарган тақдирда;
меҳнат хавфсизлиги бўйича янги қоида ва меъёрий ҳужжатлар киритилган ёки ўзгарган тақдирда;
назорат органлари талаб қилган тақдирда;
меҳнат хавфсизлиги қоида ва талаблари ходим томонидан мунтазам равишда бузилган тақдирда;
ишда 30 кундан ортиқ танаффус бўлган тақдирда.
1.2.5. Мақсадли инструктаж:
мутахассислигига доир бевосита мажбуриятларига тегишли бўлмаган бир марталик иш кўламини бажариш учун;
наряд-рухсатнома олиш билан амалга ошириладиган ўта хавфли ишлар кўламини бажариш учун ўтказилади.
1.2.6. Кириш инструктажидан ташқари барча инструктажлар натижаси “Иш жойида инструктажларни рўйхатга олиш журнали” га инструктаж ўтказган ва инструктаж ўтган шахсларнинг имзолари билан бирга киритилади.
1.3. Зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларининг тавсифи.
Саноат чанги зарарли омилларнинг бири ҳисобланади. Чангни ютиш касбий касалликларга сабаб бўлади. Чангни рухсат этилган чегаравий концентрацияси 2 мг/м3 ни ташкил қилади.
Зарарли моддалар терига тушиб, кимёвий куйишга олиб келиши мумкин бўлган кислоталар, ишқорлар, водород пероксиди киради.
Радиоактив моддалар билан ишлаш хавли омилларга киради.
Шиша идиш хавфли омил ҳисобланади: эътиборсизлик билан ишлаш жароҳатланишга олиб келиши мумкин.
Кучланиш остида турган приборлар, электр иситиш приборлари ҳам хавфли омиллар ҳисобланади. Улар билан ишлаш жараёнида электр токи уриши ва ёнғин чиқиши хавфи мавжуд.
1.4. Ёнғин хавфсизлиги қоидалари.
барча ишлаб чиқариш хоналари тоза ва тартибли сақланиши, чиқиндилар махсус жойларга тўпланиб, ўз вақтида чиқариб ташланиши шарт.
бинодаги чиқиш ва ўтиш йўлларини тирбанд қилмаслик ва тоза сақлаш керак.
оқим тортувчи вентиляциясиз ишлаш таъқиқланади.
ишчи хоналарда таркиби ноаниқ моддаларни сақлаш таъқиқланади.
ацетилен газининг ҳиди сезилган тақдирда электр иситиш приборларини ёқиш, гугурт ёқиш таъқиқланади.
носоз электр ўтказиш симлари, электр приборлари билан ишлаш таъқиқланади.
электр приборларини ёқилган ҳолда қаровсиз қолдириш таъқиқланади.
электр симларини қайириш, букиш таъқиқланади.
бир нечта истеъмолчиларни битта розеткага улаш таъқиқланади.
иш якунида қулфланадиган хоналардаги барча электр жиҳозлари токдан узиб қўйилиши шарт.
1.5. Махсус кийим, индивидуал ҳимоя воситалари - лабораторияда меҳнат хавфсизлигини таъминлаш воситалари.
лаборант махсус кийим (п/и ич кийим, халат), махсус пойабзал, қишда-пайпоқлар, резина қўлқоплар билан таъминланиши шарт.
лаборант иш вақтида иложи борича тез-тез қўлларини ювиб, оғзини чайиши керак. иш жойида овқатланиш, чекиш, овқат маҳсулотларини сақлаш таъқиқланади.
тирноқлар калта қирқилган бўлиши керак.
кислоталар ва ишқорлар билан ишлаганда индивидуал ҳимоя воситалари: ҳимоя кўзойнаклари, фартук, енгликлар ва резина қўлқоплар ва кислота тўкилган тақдирда резина этиклардан фойдаланиш керак.
барча хоналар ҳар куни намлаб тозаланиши керак.
ишдан кейин гигиеник душ қабул қилиш керак.
1.6. Лабораторияда содир бўлган бахтсиз ҳодиса вақтида жабрланганларга лаборант врачгача ёрдамни кўрсатиши керак.
1.7. Ишлаб чиқариш билан боғлиқ барча бахтсиз ҳодисалар вақтида жабрланувчи ёки гувоҳ завод бош муҳандиси томонидан тасдиқланган бахтсиз ҳодисаларда ахборот схемасига мувофиқ ҳаракатланиши керак.
1.8. Хавфсизлик техникаси ва саноат санитарияси қоидалари бузилган тақдирда лаборант меҳнат қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |