«Мени ўраб қўйинглар», деб ётиб олдилар. Бўлган воқеани хотинлари Хадийча онамизга сўзлаб бердилар. У киши: «Яхшилик бўлса керак, чунки сиз доимо барчага яхшилик қиласиз, сиздай одамга ёмонлик етмайди», деган маънодаги сўзларни айтиб, амакилари Варақа ибн Навфалнинг олдига йўл олдилар. Варақа кўпни кўрган, илоҳий китоблардан бохабар, улуғ ёшдаги киши эди. Хадийча онамиздан бўлган воқеани эшитгач: «Суюнчи бер, жиян, Муҳаммадга Мусо Пайғамбарга келган фаришта келибди, у охирги умматнинг Пайғамбари бўлибди»,— деди. У, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари билан ҳам гаплашиб, иш нимада эканини тушунтирди.
Бу, инсоният тарихидаги энг бахтли кун эди. Чунки, инсоният маълум бир босқичга етган пайтида Аллоҳ таоло Ўзининг баркамол дини бўлмиш Исломнинг дастури — Ўзининг охирги китобини Ўзининг сўнгги Расулига туширишни бошлаган эди. Шу кундан эътиборан адашиб юрган инсониятга Аллоҳ таолонинг Ўзи яна йўл кўрсатишни бошлаган эди. Арш билан ер орасида яна қайтадан боғланиш бошланган эди. Шу кундан инсоният тарихида бахтли соатлар саноғи бошланди. Аста-секин оятлар тушаверди. Бу жараён 13 йил Маккада ва 10 йил Мадинада — жами 23 йил давом этди.
Қуръон суралардан иборатдир, сура Қуръоннинг бир бўлаги бўлиб, уч ёки ундан кўп оятни ўзи ичига олади.
Қуръонда 114та сура бўлиб, улардан ҳар бирининг ўз номи бор.
Баъзи сураларнинг исми суранинг аввалидаги сўздан олинган. Баъ-зилариники эса, ўша сурада зикри кўпроқ келган нарсаларнинг номига қўйилган.
Қуръон суралари икки қисмга бўлинади:
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан аввал тушган суралар — «маккий суралар» (Маккада тушган) дейилади.
2. Ҳижратдан кейингилари эса — «маданий суралар» (Мадийнада тушган) дейилади.
Маккий оятлар Аллоҳнинг ягоналиги ва сифатлари, Қуръон ва Пайғамбар ҳақлиги, мушриклар танқиди, ўтган умматлар қиссаси, мусулмонларнинг ахлоқи қандоқ бўлиши, қиёмат куни, Одам Ато ва шайтон қиссаси, эътиқод масаласи каби мавзуларни баён қилади. Маккий оятлар одатда қисқа бўлади, ичида «Калла» лафзи, «Яаа айюҳаннаасу» жумласи бўлади.
Маданий оятларда эса, шаръий ҳукмлар, ибодатлар, жиноятчиларни жазолаш, мунофиқлар ҳақида, жиҳод, уруш ва халқаро алоқалар каби мавзуларда сўз юритилади. Улар узун-узун бўлади.
Маълумки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиш-ёзишни ўрганмаганлар. Шунинг учун ҳам, Қуръон оятларини фариштадан эшитиб ёдлаб олар эдилар. Чунки, ўша вақтда ўқиш-ёзишни биладиган одамлар жуда ҳам кам бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида ёзишни биладиган одамлар, шу жумладан, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб каби кишилар ўзларига муяссар бўлган хурмонинг пўстлоғими, япалоқ тошларми, катта суякларми, терими, қоғозми ва шунга ўхшаш нарсаларга Қуръонни ёзиб борганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга янги тушган оят қайси сурадан эканини ва қаерда туриши лозимлигини кўрсатиб берганлар.
Шундай қилиб йигирма уч йил давомида Қуръон фаришта орқали тушиб жам бўлган. Пайғамбаримиз ва саҳобалар ёдлаб ҳам бўлишган ҳамда ёзишни биладиганлар ёзиб ҳам бўлишган
Қуръоннинг жамланиши
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида, яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамлаб китоб шаклига келтирилмаган. У кишининг вафотларидан кейин Қуръон кишиларнинг қалбида ва ёзган нарсаларида қолди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг мусулмонларга
Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошлиқ этиб сайландилар. У кишининг даврида диндан қайтганлар билан мусулмонлар орасида қаттиқ жанглар бўлди. Шу жангларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Шунда хазрати Умар Абу Бакрга (Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин): қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин, шунинг учун уни китоб шаклига келтириб жамлаб қўйиш керак, деган маслаҳатни берди.
Аввал бошида ҳазрати Абу Бакр иккиланиб турдилар, чунки бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида қилинмаган эди. Кейинроқ эса, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам Қуръонни китоб шаклига келтириб қўйиш зарур эканлигини англаб етдилар ва Зайд ибн Собит исмли саҳобани чақириб, бу ишни амалга оширишни унга топширдилар. Чунки, Зайд ибн Собит Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жуда кўп бирга бўлган, Қуръонни энг яхши ёд олган ва уни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларида ёзган, Пайғамбаримиз вафот этадиган йиллари Жаброил фариштага Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб ўтказганларида бирга бўлган эди.
Зайд ибн Собит, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо ва бошқалар Қуръони Каримни пухта ёд билишларига қарамай, бу улкан ишнинг мустаҳкам, ишончли бўлишига ҳаракат қилиб, масжидда: «Кимнинг қўлида ёзилган Қуръон бўлса ва унинг Пайғамбаримиз ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳи бўлса, бизга олиб келсин, Қуръонни жам қилишга халифанинг буйруғи бўлди», деб эълон қилдилар. Икковлари масжидда ўтириб, гувохларни текшириб, ниҳоятда аниқлик билан бир йилдан ортиқ вақтда Қуръонни жамлаб бердилар. Сўнг кўпчиликка кўрсатдилар, ҳамма рози бўлди. Агар бирор ҳарфи ўрнида бўлмаса, минглаб ёд биладиганлар қарши чиқарди.
Лекин асосий таянч ёдлаш бўлиб қолаверди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фариштадан ёдлаганлар, у кишидан саҳобалар, саҳобалардан эса, улардан кейинги авлод ва ҳоказо, ҳозиргача етиб келган.
Шундай қилиб, Зайд ибн Собит ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумолар машаққатли уринишлардан кейин Қуръонни кийик терисидан ишланган саҳифаларга ёзиб бўлдилар ва уни белидан боғлаб, Абу Бакрнинг уйига қўйиб қўйдилар. У киши оламдан ўтгандан кейин саҳифалар ҳазрати Умарнинг уйларида, у кишидан сўнг эса қизлари ва Пайғамбаримизнинг хотинлари Хафса онамиз ҳузурларида қолди.
Вақт ўтиши билан Ислом давлатининг чегараси кенгайиб, кўплаб халқлар ҳам мусулмонликни қабул қилиб, мусулмонларнинг сони кўпайгандан сўнг Қуръонни ўқишда турлича келишмовчиликлар чиқа бошлади. Бу ҳолатни кўрган ўша вақтдаги халифа Усмон ҳазратлари Хафса онамиздан Абу Бакр давридаги саҳифаларни сўраб олиб, ундан олти нусха кўчиришга буйруқ бердилар.
Нусхалар тайёр бўлгандан сўнг мусулмонлар яшайдиган диёрлардаги марказий шаҳарларга битгадан нусхага битгадан қори қўшиб жўнатдилар ва ҳаммага фақат шу нусхадан Қуръонни кўчириш ва шу қоридан қироат ўрганишга буйруқ бердилар. Бошқа мусҳафларни ёқиб юборишга фармон чикди. Дунёда ҳеч бир уммат ҳеч бир китобга Ислом уммати Қуръони Каримга аҳамият берганидек аҳамият берган эмас.
Илк оятлар тушган вақтдан бошлабоқ, аввало, уларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом ёдлар эдилар, сўнг мусулмонларга ўқиб берар эдилар, ёзишни билганларга ёздириб қўяр эдилар. Бошқа муқаддас китоблар каби Қуръон махсус бир тоифа кишилар қўлида турмади. Балки у барча омманинг кўз ўнгида ва қулоқ остида бўлдики, уни ҳамма доимо ўқир эди.
Намозда ҳам, бошқа жойларда ҳам Қуръон ўқилар эди. Хукмни ҳам Қуръондан чиқарар эдилар. Қуръон уларнинг ягона қўлланмаси бўлиб, диний, ижтимоий ва сиёсий ҳаётларида доимо йўлбошчи бўлиб келди. Бундай нарсани ҳеч ўзгартириб бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръонни ҳеч қандай ўзгаришсиз сақлашни зиммасига олган. Бу ҳакда Қуръонда шундай дейилади:
Do'stlaringiz bilan baham: |