Ўн уч ойлик календар лойиҳалари. XX асрда ўн уч ойлик календар лойиҳасини кўп олимлар маъқуллашди. Бу лойиҳа бўйича календар йили бир хил 28 кунли 13 та ойдан, ҳар бир ой 4 ҳафтадан иборат бўлади. Ҳар бир ой якшанбадан бошланиб, шанба билан тугайди. Ҳафтада икки кун дам олиш куни бўлганлигидан, бир ойда 20 иш куни ва 8 та дам олиш куни бор. 28 кунли 13 ойдан иборат календар йили 364 сутка бўлади. Календар йилини тропик йилга тўғрилаш учун ҳар йили бир сутка, кабиса йилларида эса икки сутка қўшилади ва бу кунлар халқаро байрам ҳисобланади. Қўшимча кунларнинг номлари (ҳафта ҳисобида) ҳам, санаси ҳам бўлмайди. Уларнинг биринчиси декабрнинг охирги куни билан январнинг биринчи куни орасига жойлаштириб, «тинчлик ва халқлар дўстлиги куни» деб аталди. Иккинчиси эса ҳар тўрт йилда бир марта, ёзда, июннинг охирги куни ва июлнинг биринчи куни орасига жойлаштирилиб, у «кабиса йили куни»деб номланди. Ўн уч ойлик календарнинг қулайликлари шундаки, унда ҳамма ойлардаги кунларнинг сони бир хил, ҳафталар иккита ойга тушиб бўлиниб қолмайди. Ҳар бир ойда иш куни ва дам олиш кунларининг сони бир хил.
Ўн икки ойлик календар лойиҳалари. Ўн уч ойлик календар лойиҳаларига қарши чиқувчилар, унинг камчиликларини кўрсатиб ўтдилар. Уларнинг фикрича, ўн учинчи ойнинг киритилиши тарихий саналарни ҳисоблашда кўп чалкашликларга ва бошқа хатоларга сабаб бўлиши мумкин. Ўн уч туб сон бўлганлигидан, у иккига ҳам, тўртга ҳам бўлинмайди. Шунинг учун ўн икки ойлик календар лойиҳалари таклиф қилинади. Улар ўн икки ойлик календарларнинг муҳим афзалликлари қуйидагилардан иборат деб ҳисоблашади.
1. Бир календар йили ҳар бири 182 кундан иборат, иккита ярим йилликка ва ҳар бири 91 кундан иборат тўртта кварталга бўлинади.
2. Ҳар бир квартал уч ой бўлиб, бу ойларнинг биринчиси 31 сутка, қолган иккитаси 30 суткадан бўлади.
3. Йилнинг биринчи куни якшанбадан бошланиб, охирги куни шанба бўлади.
4. Ҳар бир квартал якшанбадан бошланиб, шанба билан тугайди.
5. Кварталдаги суткалар сони (91) ҳафтадаги кунлар сони(7) га қолдиқсиз бўлингани учун ҳар бир квартал 13 ҳафтадан иборат бўлади.
6. Ойлардаги иш кунларининг сони доимий (ҳафтада икки дам олиш куни бўлса, 22 иш куни, бир дам олиш куни бўлса 26 иш куни) бўлади.
Тўртта квартал ҳар бири 91 кундан бўлганлигидан йил 364 суткани ташкил қилади. Календар йилини тропик йилга мос келтириш учун ҳар йили яна бир сутка (13 ойлик календарлардагидек) ҳамда кабиса йилларида икки сутка қўшиш керак бўлади. Ҳар иккала қўшимча суткалар ҳафта ҳисобига ҳам, ой ҳисобига ҳам кирмайди. Биринчиси ҳар йили 30 декабрдан сўнг қўйилиб, бу куни «тинчлик ва халқлар дўстлиги куни» нишонланади. Иккинчи қўшимча кун ҳар тўрт йилда бир марта 30 июндан сўнг қўйилиб «кабиса йили куни» дейилади.
Ўн икки ойлик календар лойиҳаси «Дунё календари» номи билан Миллатлар Лигасининг Кенгашида биринчи марта 1937 йил 25 январда муҳокама қилинган ва кейинроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгашида қўллаб қувватланган, лекин бу календар ҳам қабул қилинмаган. Ҳар бир халқнинг миллий байрамлари борлиги ва дам олиш куни икки кун қилиб белгиланганлиги туфайли бу лойиҳани айрим мамлакатлар маъқулламади. Шунинг учун 1956 йилдан кейин календар ислоҳати олдинга силжимади. Кейинчалик бошқа календар лойиҳалари таклиф қилинса-да, лекин уларни ҳаётга жорий этиш масаласи очиқ қолмоқда.
Календар тарихи инсоният цивилизациясининг узвий ажралмас бўлаги. Ташқи олам тўғрисидаги билимлар кўпайгани сари ва турли даврларда халқ хўжалиги эҳтиёжлари билан боғлиқ равишда календарлар такомиллашиб борди. Масалан: ой календарининг пайдо бўлишини ибтидоий одамнинг турмуш тарзи билан боғлаш мумкин. У даврларда овчилик ва термачилик одам фаолиятининг асосини ташкил қилган эди. Аста-секин деҳқончилик ва чорвачиликка ўтилиши ой-қуёш календари ва қуёш календарининг пайдо бўлишига олиб келди. Кейинги икки юз йиллик календарларнинг ички тузилишини такомиллаштиришга интилиш билан тарихга кирди.
Фан-техника тараққиётининг халқ хўжалигини электронлаштириш, комплекс механизациялаштириш ЭҲМ ва компьютерларни халқ хўжалигига кенг жорий қилиш билан Ҳозирги босқичида доимий календар тузиш муаммоси долзарб бўлиб қолди. Лекин охирги пайтларда календарни ислоҳ қилиш масаласи кўтарилмай турибди.
Do'stlaringiz bilan baham: |