Евхаристия (юн. нон ва шароб тотиш маросими) христианликдаги энг муҳим маросимлардан иккинчисидир. Рус тилида бу маросим “Причастие” деб номланади. Юнон тилида “Евхаристия” деб аталадиган мазкур маросим, хочга михланишдан олдин Исонинг ҳаворийлар билан бирга тановул қилган энг охири кечки овқат хотираси, сифатида эътиқод қилинади. Бу кеча тановул кечаси ҳам деб аталади. Авлиё Павел кейинчалик бу ҳодисани шарҳлаб берган. Черков эса уни маросим ҳолига келтирган. Дастлаб йилда бир марта амалга оширилгани ҳолда, кейинчалик ҳар хафтада қилинадиган бўлган. Қадим христианлар, “евхаристия”ни қурбонлик сифатида билганлар. Бугун ҳам черковларда амалга оширилувчи евхаристия маросимида берилувчи нон ва шаробни қурбонлик сифатида еб-ичадилар.
Христианлар нон билан шаробни тановул қилар эканлар, бу билан улар Исонинг танаси ва қонини татиб кўрдик, энди худога яқинроқ бўлдик, деб ҳисоблайдилар. Бу маросим эрталаб ёки тушки ибодатда асосий ўринни эгаллайди.
Бугунги кунда евхаристия черковда якшанба куни амалга ошрилади. Бу маросим борасида йўналишлар орасида, минтақа ва маданиятлардан келиб чиқиб фарқли баъзи бир жиҳатлар мавжуд. Жумладан, католикларда мазкур маросимда яқин-яқинларгача фақат руҳонийларгина ҳам нон ҳам вино истеъмол қилишган. Оддий инсонлар (“миряне”) фақатгина нон билан покланишган. Православ ва протестант йўналишларида эса бу борада руҳонийлар ва оддий инсонлар фарқланмайди. Шунингдек, йўналишлар орасида нон ва винонинг таркиби борасида ҳам фарқлар кузатилади. Масалан, католик ва протестантларда муқаддас нон хамиртурушсиз ҳамда вино сув қўшилмаган ҳолда бўлади. Православларда эса, аксинча, нон хамиртурушли ва винога сув қўшилган бўлади.
Конфирмация (юн. миро мойи суртиш маросими; русчада – миропомазание). Зайтун ёғидан тайёрланган муқаддас мой суртиш сирли маросимлардан бири бўлиб ҳаворийлар даврида йўлга қўйилган.
Миро мойи – (юн. – хушбўй мой) черков епископи томонидан олий навли зайтун ёғига оқ узум виноси, атиргул япроқлари, бинафша, занжабил илдизлари, мускат, атиргул, чиннигул ва лимон мойлари каби маҳсулотларни қўшиб қайнатиш орқали тайёрланади.
Чўқинтирилган боланинг, муқаддаслаштирилган ёғ (хушбўй миро мойи) билан, вужудининг турли жойларига суртиш маросими. У Шарқ черковларида чўқинтирилгандан дарҳол кейин, Ғарб черковларида эса кейинроқ қилинади. Православларда чўқинтириш билан конфирмация орасида яқин бир боғлиқлик бўлганлиги учун уларнинг кетма-кет қилиниши афзал, деб билинади. Католикларда эса, мазкур маросим бола саккиз ёшга тўлгачгина амалга оширилади. Бунда, миро суртилаётган кишининг пешона, ёноқ, оғиз қисми, елкалари ва қорнига хоч шаклида сурилади. Протестант йўналишлари эса мазкур маросимни ё умуман рад этадилар, ё бўлмаса уни “сирли” деб тан олмайдилар.
Миро мойи тайёрлаш черковнинг махсус ички маросимларидан ҳисобланиб, уни тайёрлаш ҳуқуқига фақат епископлар эга. Православликда, миро тайёрлаш имкониятига эга бўлган черковларгина автокефаллик мақомини олиши мумкин.
Миро суртилган бола, черковнинг бу иш учун ажратилган жойига олиб борилади. У ерда унга конфирмация нони едирилади. Ея олмас даражада кичик бўлса, лабларига теккизилади. Шундай қилиб у, черковнинг бир аъзосига айланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |